Мақолалар

Ҳалол касб ҳақида фойдали суҳбат

Бугун, 4 апрель куни Тошкент шаҳридаги “Хўжа Аламбардор” жоме масжиди имом-хатиби Одилхон қори Юнусхон ўғли Тошкент молия институти талаба-ёшлари билан “Ҳалол касб – фаровонлик омили” мавзусида суҳбат ўтказди.
Учрашувда Ислом динида баён қилинган тижоратнинг қонун-қоидалари, одоблари ҳамда ҳалол меҳнат инсоннинг икки дунёсини обод қилиши ҳақида сўз юритилди. Тўғри касб-кор орқали қут-барака келиши, ҳалол тирикчилик ибодат даражасига кўтарилгани, унга катта ажр-савоблар ато этилиши тўғрисида маълумотлар берилди.

Ўз навбатида бугун Давлатимиз раҳбари томонидан тадбиркорларга кенг йўл очилгани, қулайликлар берилгани, қўллаб-қувватловчи чоралар кўрилгани ҳамда турли сунъий тўсиқ ва чекловлар олиб ташланганини алоҳида таъкидланди.
Одилхон қори Юнусхон ўғли тижорат билан шуғулланувчи инсон энг аввало нияти тўғри бўлиши, яъни ҳалол меҳнати билан аввало оиласини покиза ризқ ила боқиши, жамият ва юртга фойда келтириши лозимлигини тушунтирди.
“Хўжа Аламбардор” жоме масжиди имом-хатиби мулоқотда тижорат қилишда керакли билим ва диний кўрсатмаларга риоя этиш, бировнинг ҳақидан эҳтиёт бўлиш зарурлигини изоҳлади. Шунингдек, тижорат сирлари борасидаги ўтмишдаги ибратли воқеалар ва улуғлар ўгитидан намуналар келтирди.

Одилхон қори Юнусхон ўғли сўзида давом этиб, агар тадбиркор ҳалолликни шиор қилиб меҳнат қилса, келишмовчиликлар барҳам топишини айтиб, инсонлар орасида бир-бирга ишонч ва ишда барака бўлишини айтди.
Ҳақиқатда эрта тонгдан покиза ризқ топаман, оиламни боқаман, деган пок ниятда йўл олган кишига Аллоҳ таоло ҳузурида катта савоблар ёзилиши, Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Ким ҳалол меҳнат қилиб, ҳориб чарчаган холда тунаса, гуноҳлари кечирилган холда тунайди”, деган ҳадиси шарифлар ворид бўлган.

Тадбирда ёшларнинг саволларига “Хўжа Аламбардор” жоме масжиди имом-хатиби томонидан батафсил жавоб берилди.
Тошкент молия институти раҳбарияти томонидан Тошкент шаҳридаги “Хўжа Аламбардор” жоме масжиди имом-хатиби Одилхон қори Юнусхон ўғлига ёш авлодни баркамол ва етук инсон этиб тарбиялашдаги фаол иштироки учун ташаккурнома тақдим этилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 3123 times

Мақолалар

Top