Мақолалар

25 йиллик ютуқлар ва орзулар рўёби

 

Қадимдан воҳамиз ўзининг илму ирфони, масжиду мадрасалари, уламолари ва фузалолари билан нафақат шарқда, балки бутун оламга донг таратган. Диёримиздан ҳам диний, ҳам дунёвий соҳада дунё таниган буюк муҳаддислар, муфассирлар, тилшунослар, тарихнавис олимлар, математиклар, астрономлар, йирик мумтоз адабиёт намоёндалари, мутасаввиф шоирлар етишиб чиқган. Аммо чор Россияси босқини даврида, энг ачинарлиси, мустабид тузум қўл остида, даҳрийлик ғояси остида уларнинг қилган шафқатсизликлари натижасида халқимизнинг кўзга кўринган минглаб бегуноҳ зиёлилари қатағон қурбонларига айланди. Муқаддас қадамжоларимиз вайроналарга айлантирилиб, масжид ва мадрасаларимизнинг аксари бузиб ташланди. Қолганлари ҳам омборхона ёки қамоқхона сифатида фойдаланиб келинди. Минглаб кутубхоналардан ноёб китоблар ва қўлёзмалар куйдириб йўқ қилинди.

Асрлар давомида шаклланган қадриятларимиз топталиб, коммунистларнинг ёлғон  сафсаталари асосида ёшларимизни манқуртларча тарбиялашга зўр берилди. Халқимизнинг зиёли, ўқимишли, уламо-фузалоларини йўқ қилиш орқали, миллатнинг тарихини, ўзлигини йўқотиш, қолган билимсиз авлодни саводсизлигидан қайси тарафга бурса эргашиб кетаверишига осонлик билан эришиш мақсади ётар эди. Айниқса, даҳрийлик сиёсатининг динни йўқ қилиш, бунинг учун диний уламоларни йўқ қилишни кўзда тутгани яққол мисоллардан, тарихий воқеалардан кўриниб турибди. Шундай бўлса-да, халқимиз шунча қийинчиликларга қарамасдан, ўз имон-эътиқодидан воз кечмади. Қадриятларини яширин бўлса ҳам авайлаб асраб келди. Ҳаммага маълумки, диёримиз масжид, мадраса, тарихий обидалари билан машҳур. Аммо мустабид тузум даврида республикамизда 80 та масжид фаолият олиб борган бўлса, бу кўрсаткич вилоятимизда атиги 3 тани ташкил қилган, холос. Бу зўравонликлар шу даражага бориб етдики, марҳумларга жаноза ҳам ўқитмасликка ҳаракат қилиниб, айрим раҳбарларнинг ота-онасига жаноза ўқитилса, ишдан бўшатишгача бориб етишди. Шундай бир ҳолатда ҳали СССРнинг мустамлака занжирлари узилмасданоқ, Юртбошимиз Ислом Каримов томонидан 1989 йил 21 октябрда тил тўғрисидаги қонун қабул қилинди. Бу нарса миллатнинг ўзлигини таниши учун қўйилган биринчи қадам эди. Ҳали мустақилликка эришмасдан бу ишни амалга ошириш қаҳрамонлик эди. 1991 йил 31 август куни мустақилликни эълон қилиб, 1 сентябрни халқимиз ота-боболари орзу қилган Мустақиллик куни байрами деб эълон қилинди. Ота мерос Ватанимизга, шунингдек, ўз она тилимизга эга бўлдик. Қолаверса, диний ва миллий қадриятларимизни қайта тиклашга имкон туғилди. 1990 йил ҳали мустақилликка эришмасданоқ 500 та зиёратчилар ҳаж ибодатини биринчилардан бўлиб бажариб қайтишга муваффақ бўлишди. Юртбошимизнинг динимизга берган эътиборлари шундан ҳам кўриниб турибди.

Истиқлолимиз шарофатидан халкимизнинг асрий орзуси ушалиб, ёшларимиз диний билим олишлари учун ҳам кенг имкониятлар эшиги очилди. Жумладан, республикамизнинг кўплаб вилоятлари қатори 1992 йил Хоразмда ҳам мадрасага асос солинди ва унга имом Фахриддин ар-Розий номи берилди. Билим юртида талабаларнинг Ислом динининг соф ақидасини мустаҳкам эгаллашлари, ҳар томонлама чуқур диний ва дунёвий билимларга эга бўлишлари, бир нечта чет тилларини биладиган, компьютер саводхонлигини эгаллаган, адашган ва ёт фирқаларнинг бузғунчи ғояларига қарши раддиялар бера оладиган етук кадрлар қилиб тарбиялашга катта эътибор қаратилмоқда. Битирувчиларимиз нафақат воҳамиз ҳудудида, балки юртимиз бўйлаб деярли барча вилоят жоме масжидларида имом-хатиб ва ноиб-имом вазифаларида фаолият кўрсатиб, халқимизга соф Ислом дини ғояларини етказишда хизмат қилмоқдалар. Имом-хатибларимиз, мударрис ва талабаларимиз томонидан оммавий-ахборот воситаларида, телевидениеда чиқишлар қилинмоқда, шунингдек, маҳаллалар, ташкилотлар, ўқув муассасаларида учрашувлар ташкил этилмоқда. Ўтган 25 йил мобайнида асрларга татигулик ишлар амалга оширилиб, халқимизнинг асрий орзулари ушалди. Илмий меросларимиз ўрганилиб, халқимизга армуғон қилинди.

Мустақиллик йилларида аста-секин миллий ва диний қадриятларимиз тиклана борди. Эҳтиёж даражасида масжидларимиз барпо қилиниб, зиёратгоҳларимиз обод қилинди. 1991 йил 14 июнда “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди.  Бу ҳам албатта, Юртбошимизнинг тавсиялари билан бўлиб, эътиборлиси шундаки, бу Қонун қабул қилинганида ҳали мустақилликка эришмаган эдик. Қонунда кўрсатилган кенг имкониятлардан фойдаланган ҳолда ҳамма жойда эҳтиёж даражасида масжидлар барпо қилинди. 2005 йилга келиб республикамиз бўйича 2000 дан зиёд, вилоятимиз бўйича эса 97 та масжид расмий фаолият кўрсатиш учун Адлия бошқармасидан рўйхатдан ўтди. Ушбу масжидларда намозхонлар учун талаб даражасидаги шароитлар яратиб беришга катта эътибор қаратилиб, масжидларимиз ибодат ва зиёрат учун келган кишининг баҳри дили очиладиган обод масканларга айлантирилди.

Диний уламоларимиз ҳурмат-эътибор топиб, бугунги кунда ёшларимизни асрлар давомида шаклланган миллий ва диний қадриятларимиз асосида тарбиялаш, диний экстремистик оқимлар, миссионерлик каби турли кўринишдаги  бузғунчи оқимларга қарши курашиш, маърифий  Исломни халқимизга тушунтириш мақсадида жонбозлик кўрсатишмоқда. Зеро, ёшларни маънан баркамол қилиб тарбиялаш, динимизга ёт экстремистик оқимлар таъсиридан ёшларни асраш, бутун Ислом оламининг қарийб ярмини ташкил этувчи ҳанафийлик мазҳаби асосида ёшларимизга таълим-тарбия бериш, аждодларимиз бой меросини ўрганиш ва халқимизга етказиш улуғ мақсадимиздир.

Ўтган 25 йил мобайнида мустақил Ватанимиз барча соҳаларда ўзининг эътироф этилган тўғри йўлини танлаб, тараққиёт босқичига чиқиб олди. Буни нафақат ишлаб чиқариш соҳасида, балки  Ватанимизда ҳукм сураётган тинчликнинг асосий гарови – Конституциямизда виждон эркинлигини кафолатланганлиги сабаб юртимизда миллати, ирқи, динидан қатъи назар, барча фуқаролар тенглиги ва  диний бағрикенгликнинг мустаҳкамланишида ҳам кўришимиз мумкин.

Гувоҳи бўлиб турибмизки, бугунги кунда Яқин Шарқ араб давлатларидаги тартибсизликларда диний экстремистик оқим ва гуруҳларнинг асосий роли яққол аён бўлиб  қолмоқда. Ташқи кучларнинг таъсири остида экстремизм, ақидапарастлик ва миссионерликдан фойдаланилган ҳолда бир миллат, бир мамлакат фуқароларини бир-бирларига душман қилиб қўйишмокда. Натижада, ўз қўллари билан юртларини вайрон қилиб, бир-бирларининг ноҳақ қонларини тўкишмоқда.

Шундай экан, бугунги замоннинг ўзи жаҳонда ва ён атрофимизда кузатилаётган таҳдид ва хатарларни тўғри баҳолаб, улардан тегишли сабоқлар чиқариб яшашни талаб этмоқда. Мамлакатимизнинг кундан-кунга чирой очиб бораётгани, ободончилик ва тараққиётнинг асосий сабаби ҳам юртимизда ҳукм сураётган тинчлик, хотиржамликдир. Зеро, хотиржам жамиятда ҳар томонлама юксалиш ва ривожланиш рўй беради. Бундай шароитлар, эркинлик, тўкин-сочинлик ва тинчлик учун Яратганга шукроналар қилиб, аҳил ва ҳамжиҳат бўлиб яшашимиз керак.

Аллоҳ таоло юртимиз мустақиллигини бардавом қилсин!

 

Д. Абдуқодиров

Имом Фахриддин Ар-Розий ўрта махсус

ислом билим юрти мудири

Read 4891 times

Мақолалар

Top