Мақолалар

Булардан эҳтиёт бўлинг...

Одамлар нима учун гуноҳ ва жиноятга қўл урушади? Бунинг сабаблари кўп аммо, улар асосан жирканч, разил ишларини, Аллоҳ таоло қайтарган амалларни ҳаммадан бекитиб, одамлар кўрмайдиган жой ва вақтда, кўрмаса билмайди деб қилишади. Масалан, пора олиш ва бериш, ўғрилик, зино, ғийбат ва бошқа гуноҳлар.

Ёки яна бир тоифа борки бутун умр ўзини ёлғизман деб нохуш кайфиятда яшайди. Бироқ, инсон қоронғу ертўла ёки ғорда битта ўзи қолиб кетган тақдирда ҳам у ёлғиз бўлмайди. Ёнида камида яна 2 нафар кимдир бор... Булар фаришталар! Фаришталар ер устида, осмонда ва еру осмон оралиғида учиб юришади. Аллоҳнинг буйруқларини бажаришади. Улар овқат ҳам емайди, ухламайди, сўзлашмайди. Гуноҳ ҳам қилишмайди. Доимо Аллоҳга ибодат (хизмат) қилишади. Уларнинг сони шунақанги кўпки, буни Аллоҳдан бошқа ҳеч ким айтиб беролмайди. Фаришталарнинг энг улуғлари тўртта: Жаброил, Азроил, Микоил, Исрофил. Жаброил Аллоҳнинг буйруқларини пайғамбарларга етказади. Азроил одамларнинг жонини олади. Микоил Аллоҳ берган ризқни одамларга тақсимлайди. Исрофил қиёмат бўлганини ҳаммага маълум қилади.

Ҳар бир одамнинг атрофида тўрттадан фаришта юради. Иккитаси унинг олди ва кетида юриб, турли фалокатлардан, гуноҳ ишлардан қайтариб туради. Иккитаси эса одамнинг яхши ишларини ҳам ёмон ишларини ҳам ҳеч қолдирмай ёзиб юради. Кейин ана шу ёзувларга қараб қиёмат куни ўша одамга ё мукофот, ёки жазо берилади.

Булардан ташқари китобларда қуйидаги фаришталар ҳақида ҳам сўз юритилган:

Кироман-Котибин – инсоннинг яхши ва ёмон амалларини ёзиб борувчи фаришталар.

Мункар ва Накир – инсон қазо қилиб, қабрга қўйилганда савол-жавоб ўтказадиган фаришталар.

Қўриқловчи-Фаришталар – Инсонларни олдидан, орқасида, ўнгидан, чапидан(Aллоҳнинг изни билан) ҳимоя қилувчи фаришталар.

Ризвон (а.с.) – Жаннатнинг бош фариштаси, Жаннат қўриқчиси

Молик (а.с.) – Дўзахнинг бош фариштаси.

Забония – Дўзахда гуноҳкорларни азобловчи фаришталар.

Хамалату-л-Aрш – Aршни кўтариб турувчи фаришталар.

Аллоҳнинг фаришталарига ишониш мусулмон фарзандининг иккинчи вазифаси. Шундагина у иймонли бўлади.

 

Саидаброр Умаров тайёрлади

Read 3485 times

Мақолалар

Top