Ислом дини мусулмон кишини ўтаётган ҳар бир куни ва соатидан унумли фойдаланишга тарғиб ва ташвиқ қилади. Зеро, вақтнинг ҳар бир сониясидан халқ ва миллатни моддий ва маънавий юксалишга олиб борадиган хайрли ва савобли ишлар йўлида самарали фойдаланиш барчанинг, хусусан, биз мусулмонларнинг муҳим вазифамиздир. Чунки вақтнинг қиймати бебаҳодир.
Инсон вақтини сарф этишда омадли ризқлантирилган бўлса, вафот этганидан сўнг ҳам Аллоҳ унинг яхши амалларини хоҳлаганича узайтиради. Албатта, бу одам ортида фойдали илм, эзгу иш, чиройли хотира ёки эргашса арзийдиган чиройли одат ёки ўзидан сўнг самара бериб турадиган хайрия муассасаси ёхуд чиройли тарбия қилинган зурриёт қолдирган бўлса, унинг ҳаёти давом этаётган ва орқасида чиройли сийрати (тарихи) қолган бўлади.
Бу ҳақда умавийлар амири Умар ибн Абдулазиз бундай дейди: “Сенинг вужудингда кеча ва кундуз ўз ишини кўрсатяпти, демак, сен ҳам уларга амал қилиб қол!” Донишмандлар: “Вақт бир қиличдир, агар сен уни кесмасанг, у сени кесади”, деб бежиз айтишмаган.
Модомики вақт шунчалик аҳамиятли экан, демак, мўмин-мусулмон кишининг вақт олдида муайян вазифалари бор. У қуйидаги вазифаларни тушуниб адо этмоғи шарт:
Вақтдан имкон қадар унумли фойдаланиш: Бебаҳо мол-давлатини асраб-авайлайдиган инсон аслида бебаҳо вақтига бундан-да эътиборлироқ бўлмоғи, уни фақат хайрли ишлар ва мақсадларга ишлатиши лозим. Вақт қадрини яхши англаган салафи солиҳлар вақтларига жуда эътиборли эдилар. Улуғ имомлар бутун вақтини фойдали илм, яхши амал, нафсга қарши кураш ёки бошқаларга наф етказиш учун ўтказиш билан охират ғамини ердилар.
Ҳасан Басрий айтади: “Шундай зотлар бор эдики, сизлар дирҳам-динорларингизга ҳарис бўлганингиздан кўра, улар вақтларига қаттиқроқ ҳарис эдилар”.
Вақтни тартибга солиш. Диний ва дунёвий ишларни батартиб, режали адо этмоқ мусулмон кишининг вақти олдидаги вазифаларидандир. Ана шунда муҳим ва номуҳим амаллар ўз ўрнини топиб, ишлар бир-бирига халал бермайди.
Солиҳлардан бири айтади: “Банданинг вақтлари (ўтиши жиҳатидан) тўрт турли бўлади:
1) неъматда;
2) кулфатда;
3) итоатда;
4) маъсиятда ўтади.
Вақтнинг ҳамма ҳолатларида банда зиммасида Аллоҳнинг ибодатидан улуш бор. Демак, кимнинг вақти тоатда ўтган бўлса, унинг йўли Аллоҳ таоло марҳаматига, яъни Аллоҳ ҳидоят бериб, ибодатга муваффақ қилиб қўйганига шоҳид бўлишдир. Кимнинг вақти неъматда ўтган бўлса, унинг йўли шукр қилишдир. Кимнинг вақти маъсиятда ўтган бўлса, унинг йўли тавба ва истиғфордир. Кимнинг вақти кулфат (синов)да ўтган бўлса, унинг йўли розилик ва сабрдир”.
Бўш вақтни ғанимат билиш. Кўпчилик бўш вақтининг неъмат эканидан ғофил ўтади. Оқибатда, неъмат шукрини адо этмайди.
Юқорида баёни ўтган беш нарсани ғанимат билиш ҳақидаги ҳадиси шарифда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бўш вақтни ғанимат билишга ундаб: “…Машғул бўлиб қолишингдан олдин бўш вақтингни ғанимат бил”, деб таъкидладилар.
Маълумки, инсон ҳаёти ўлчовлидир. Шунинг учун вақтнинг қадрига етган, уни ҳурмат қилган киши ўзини, умрини ҳурмат қилган ҳисобланади. Чунки ҳар ким ўзи ўйлаган ишларни ҳар вақт ҳам бажара олмайди. Баъзида пайдо бўлиб қоладиган бўш вақтлар ўша битмаган ишларни бажаришга яхши имкондир. Мўмин киши мана шундай бўш вақтларни Аллоҳнинг неъмати деб билиб, фойдаланиб қолмоғи лозим. Вақтга бепарво бўлиш эса умрнинг заволидир.
Ҳақ таоло инсон учун берилган умрни беҳуда ўтказмай, уни яхшилик ва савоб ишларга сарфлаш, зое қилинган умр учун охиратда афсус-надомат чекмаслик ҳақида огоҳлантириб, бундай дейди:
Яъни: “…Ахир, Биз сизларга эслатма оладиган киши эслатма олгудек узун умр бермаганмидик?! Сизларга огоҳлантирувчи (пайғамбар) ҳам келган эди-ку!” (Фотир, 37).
Инсон ҳаётида вақтини зое қиладиган офатлардан эҳтиёт бўлиши лозим. Бундай офатлар хатаридан огоҳ бўлмаса, вақтини ва умрини зое кетказиб қўяди. Улардан айримларини санаб ўтамиз:
Ғафлат. Шундай офатлардан бўлган ғафлат касаллиги инсоннинг ақли ва қалбига мусибат етказади. Бунинг оқибатида у кечаётган ҳодисаларни, кеча ва кундузнинг алмашувини сезмайдиган, ҳис этмайдиган бўлиб қолади. Нарсаларнинг маъноларига ва ишлар оқибатига нисбатан сергакликни йўқотади. Маънолар билан эмас, суратлар билан; асл ҳақиқатлар билан эмас, кўринишлари билан; мағизи билан эмас, қобиғи билан; ниҳояси билан эмас, бошланиши билан ҳукм чиқаради. Қуръони карим ғафлатдан қаттиқ огоҳлантиради, ҳатто ғафлат аҳли жаҳаннамга ўтин бўладиган тирик жонзотларнинг энг адашганлари тоифасига киритилган:
Яъни: «Жаҳаннам учун жинлар ва инсонларнинг кўпчилигини яратганмиз. Уларда қалблар бор, (лекин) улар билан “англамайдилар”. Уларда кўзлар бор, (лекин) улар билан “кўрмайдилар”. Уларда қулоқлар бор, (лекин) улар билан “эшитмайдилар”. Ана ўшалар ҳайвонлар кабидирлар. Балки, улар (янада) адашганроқдирлар. Айнан ўшалар ғофиллардир» (Аъроф, 179).
Аллоҳ таоло илмнинг ҳақиқати ва мағзи қолиб, зоҳири билан қизиқадиганлар ҳақида бундай дейди:
“(Бу) Аллоҳнинг ваъдасидир. Аллоҳ Ўз ваъдасига хилоф қилмас. Лекин кўп одамлар (бу каби ҳақиқатларни) билмаслар. Улар охиратдан ғофил (бехабар) бўлган ҳолларида фақат (шу фоний) дунё ҳаётининг зоҳиринигина билурлар” (Рум, 6–7).
Қуръони каримда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га бундай хитоб қилинади:
“Раббингизни ичингизда тазарру ва қўрқинч билан ҳамда гапирганда овозни кўтармасдан эртаю кеч зикр (ёд) этинг! Ғофиллардан бўлманг!” (Аъроф, 205).
“Шунингдек, қалбини Биз зикримиздан ғофил қилиб қўйган, ҳавойи нафсига эргашган ва қилар иши исрофгарчилик бўлган кимсаларга итоат этманг!” (Каҳф, 28).
Кейинга қолдириш. Бирор хайрли ишни кейинга қолдириш, яъни ўз вақтидан кечиктириш инсонга ҳозири ва бугунидан манфаат олиш бобидаги хатарли офатларнинг энг ашаддийсидир.
Кунингни фойдали илм ва эзгу ишлар билан тўлдиришинг ўша куннинг зиммангдаги ҳақидир. Ҳозиринг қўлингдан кетиб, абадий қайтмайдиган ўтмишга айлангунча уни эртага қолдирма. Эртага ўриб олишинг учун бугун экишинг вожибдир. Агар шундай қилмасанг, пушаймонлик фойда бермайдиган ўринда пушаймон бўласан.
Кейинга суришда бугунги вазифани эртага қолдириш офати бор. Биринчидан, албатта, эртагача яшашингга кафолатинг йўқ.
Ривоят қилинишича, амирлардан бири солиҳ кишини зиёфатга чақирди. У киши рўзадор бўлгани учун узр сўради. Шунда амир: “Бугун рўзангни оч, эртага тутарсан”, деди. Солиҳ киши: “Сен менинг эртагача яшашимга кафолат бероласанми?” дея савол билан жавоб берди.
Ҳа, шундай, ҳеч ким ҳеч кимнинг эртагача яшашига кафил бўлолмайди. Ўлим тўсатдан ва турли сабаблар билан келади.
Фан-техника ва тиббиёт мислсиз ривожланганига қарамасдан, бизнинг асримизда тўсатдан ўлиш ўтган замонлардагига нисбатан кўпроқдир. Қанчалар мукаммал жиҳозланган бўлмасин, тиббиёт Аллоҳ таоло буюрган ўлимни тўхтатишдан ёки жарроҳлик ва бошқа амалиётлар билан уни қайтаришдан ожиз. Илм ҳам бугун замонавий асбоб-ускуналари, машина, тайёра, турли механик ва электр жиҳозлари билан бир бўлиб ҳам ҳар куни саноқсиз ҳодисалар оқибатида юз бераётган ўлимга тўсқинлик қила олмаяпти. Аксинча, айни шу илм-фан ва техника тараққиёти ўлимнинг янги-янги сабабларини келтириб чиқармоқда, инсон саноат асридан аввал улардан омонда эди.
Иккинчидан, сен эртагача яшашингни кафолатлай олдинг ҳам дейлик, лекин барибир сени ўраб турган касалликлар, олдингдан чиқиб қолувчи тасодифлар ёки бошингга тушувчи балолар каби тўсиқлардан эмин бўлолмайсан. Шунинг учун эзгу ишларга шошилиб, кунлик вазифани вақтида адо этишинг олижанобликдир. Кечиктириб, кейинга суриш билан фурсатни қўлдан бой беришинг ожизликдир. Пировардида ғам-ғуссада қолишинг ҳеч гап эмас.
Олимлардан бири баъзи ёшларга: “Иш қобилиятингни йўқотмасингдан аввал ишлаб қол, чунки мен бугун ишлашни истайман, лекин бунга қодир эмасман”, деган экан.
Ҳафса бинти Сирин айтар эди: “Эй ёшлар, меҳнат қилинглар! Албатта, иш ёшликдадир. Кексайгач, ҳеч нарса қила олмайсизлар”.
Учинчидан, албатта, ҳар бир куннинг ўз иши, ҳар фурсатнинг ўз вазифаси бор. Аслида, ишдан мутлақо бўш вақтнинг ўзи йўқ ва бўлмаслиги керак. Умар ибн Абдулазиз ишнинг кўплигидан сал ҳорғин кўринганларида у кишига: “Бу ишингизни эртага қолдира қолинг”, дейишибди. Шунда халифа: “Менга бир куннинг иши оғир келяпти-ку, икки куннинг иши тўпланиб қолса, уни қандай қилиб бажараман?” деганлар.
Ибн Ато ҳикматида айтади: “Вақтлар ичидаги ҳақларни қазо этиш мумкиндир, аммо вақтлар ҳақини қазо қилиш мумкин эмас!” Ҳар бир ўтаётган вақт ичида Аллоҳ учун сенинг устингда янги ҳақ бордир. Аллоҳнинг муайян бир вақт ичидаги ҳақини адо этмаган одам бошқанинг ҳақини қандай адо этсин?!
Тўртинчидан, тоат-ибодатни кечиктирган ва эзгу ишларни ортга сурган инсон уларни тарк этишга ҳам одатланади. Одат эса, агар у томир отса, мустаҳкам кўникмага айланиб, кейин қийинчиликлар туғдиради. Ҳатто киши тоатга ва солиҳ амалга шошилиши лозимлигини ақлан ҳис этади, лекин иродаси заифлигидан бу ишга ёрдам берувчи жиҳатни тополмайди, аксинча, амалдан толиққанлик, безганлик ҳолатлари юз беради. Агар бир кунгина ибодат ва яхши ишга қадам ташлаб қўйса, гўё елкасида бутун халқни кўтариб юргандек оғирлик сезади. Шунга ўхшаш, унинг гуноҳлари, динга хилоф ишлари учун тавба қилишни кейинга сураётганини ҳам кўрамиз. Агар инсон нафси гуноҳ қилишга ва шаҳвониятга оғишга одатланса, улардан қутулиб кетиши қийин бўлади. Чунки кун ўтган сайин уларга муҳаббати ва кўникмаси ортиб, гуноҳи катталашиб бораверади ва унинг таъсири қалбида ўрнашиб, ҳатто ўз қораси билан уни ўраб олиб, қоронғиликка чулғайди. Бундай қалбга ҳидоятдан заррача шуъла ёки нур киролмайди.
Ҳадиси шарифда: “Агар мусулмон киши гуноҳ қилса, унинг қалбида бир қора нуқта пайдо бўлади. Агар тавба қилиб, гуноҳдан ўзини тортса ва истиғфор айтса, қалби покланади. Агар гуноҳ қилаверса, қалбидаги шу қора нуқта катталашаверади, ҳатто қалбини ўраб олади”, дейилган.
Ояти каримада зикр қилинганидек, қалбни гуноҳлар қоплаши мана шудир:
Яъни: “Балки, уларнинг дилларини ўзларининг қилмишлари (гуноҳлари) қоплаб олгандир” (Мутаффифун, 14).
Бешинчидан, албатта, меҳнат тирик инсоннинг муҳим мақсадидир. Ишламайдиган одамнинг эса яшаши ҳам қийин. Хоҳ диний, хоҳ дунёвий бўлсин, инсондан ишлаш талаб қилинади.
Мусулмонларда машҳур ҳикмат бор: “Сен дунёинг учун гўё абадий яшаб қоладигандек ишла, охиратинг учун худди эртага ўладигандек ишла”. Кишиларнинг замонга муттасил маломат тошини отишлари ва унинг зулмидан, кунлар оғирлигидан доимий шикоят қилишлари яхши ишга путур етказадиган офатлардандир. Буларнинг барчаси жабарийлар қарашининг иллатларидан, улар шахс ва жамиятга шундай муносабатлари билан ўз нафсларини “поклашга” уринадилар, хато ва гуноҳлар юкини кўтаришдан қочадилар, уни бошқаларга юклаб, ўзлари қутулиб қолмоқчи бўладилар. Машаққатни албатта ё бир-бирларига, ё замонга, ё қадарга, ё бошқа бирор нарсага юклайдилар. Аслида эса, устиларига ёғилаётган бало ва ризқу неъмат тортиб қўйилганига юзаки боқишдан кўра, чуқурроқ таҳлил ва тафаккурга берилишлари, ихлос билан меҳнат қилишга ўрганишлари керак. Замон Аллоҳ таоло юргизган қонун ва йўлга мувофиқ ҳодисалар идишидирки, бу нарса саҳиҳ ҳадис маъносида кўринади: «Замонни сўкмангиз, чунки Аллоҳ ўзи замондир (яъни, у замон қонун ва қоидаларини тузувчидир)».
Мусулмонлар Уҳуд ғазотида мағлуб бўлишганида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) улар билан бирга эдилар. Шу жангда етмиш нафар қаҳрамон саҳобий шаҳид бўлди. Саҳобалар ўзларига етган бало ва жароҳат сабабини сўрашди. Жавоб эса қуръоний эди:
Яъни: «Сизларга (Уҳуд жангида) бир мусибат етган бўлса – сизлар (уларга Бадр жангида) унинг икки баробарига тенг мусибат етказгансиз. “Бу (мусибат) қаёқдан келди?” – дейсизми?! “У – ўзингиздан”, – деб айтинг! Албатта, Аллоҳ ҳар нарсага қодирдир» (Оли Имрон, 165).
Барчамиз ўтаётган ҳар сония, дақиқа ва кеча-кундузларимиздан ибрат олмоғимиз ва фойдаланмоғимиз керак. Зеро, кеча ва кундуз янгиларни эскиртиради, узоқларни яқин қилади, умрларни қисқартиради, ёшларни улғайтиради, ўлим сари яқинлаштиради. Шунинг учун ҳам умрни ғанимат билмоғимиз ва энг фойдали, савобли ишлар билан ўтказмоғимиз керак бўлади.
Аллоҳ таоло ҳаммаларимизни вақтни зое кетказмайдиган, уни эзгу амаллар йўлида сарфлайдиган солиҳ ва ғайратли бандалари жумласидан қилсин.
Усмонхон АЛИМОВнинг
“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” китобидан (2-жилд)