Носириддинхон амаким ўғиллари Сирожиддинхон шундай ҳикоя қилган эди: — Мен 5-6 ёш вақтим. Ҳастимомдаги ҳовли. Ҳар куни эрталаб Зиёвуддинхон қори амаким, Эшон Бобохон бобомиз ва Саломатхон катта ойимизларга салом бергани кириб келардилар ва кўлларидаги нарсани менгами, Кимё ҳоламгами берардилар-да, ўзлари ота-оналарининг олдиларига ошиқардилар.
Бир куни оқ рўмолга ўралган нарса олиб келдилар-у, бизларга бермай тўғри бобомиз олдиларига кириб кетдилар. Нима олиб келдиларкин, деб қизиқиб мен ҳам кетларидан кириб бордим.
Бобомиз Эшон Бобохон ҳазратлари ўшанда 98 ёшда эдилар. Уйда кроватда, орқаларига 2-3 та ёстиқ қўйилган ҳолда, ўтирардилар. Саломатхон катта ойимиз уларга қараб турардилар. Қори амаким улар билан саломлашиб, хол-аҳвол сўраганларидан сўнг: — Отамиз, Тошкентда “Ракат” маҳалласида биринчи янги масжид (Совет даврида) қурилишига Москвадан рухсат олинди. Шунга бир оқ фотиҳа бериб, мана бу биринчи ғиштига муборак қўлингизни қўйиб берсангиз, — деб оқ рўмолни очиб, ичидан ғиштни олиб, бобомиз қўллари олдига олиб бордилар.
Бобомиз: — Алҳамдулиллаҳ, Алҳамдалиллаҳ, Алҳамдулиллаҳ— шу кунларга еткказганига шукур! - деб чуқур нафас олдилар-да, ўнг қўлларини "Бисмиллаҳир-раҳмонир-раҳим — деб ғишт устига қўйиб, —Бундай муқаддас даргоҳлар юртимизда кўплаб очилиб, мусулмонларга хизмат қилсин! - деб, юзларига фотиҳа тортдилар. Катта ойимлар ҳам, қори амакимлар ҳам: — Илоҳи Омин! Айтганингиз келсин,— деб қўлларини юзларига суртдилар. Қори амаким: — Энди мен бориб бу муборак биринчи ғиштни "Ракат" масжиди асосига Сизнинг номингиздан қўйиб келаман, — дедилар. Катта ойимизларга юзланиб: — Онамиз, Сиз ҳам дуо қилинг, - дедилар. Улар ҳам суюниб: - Омин болам, илоҳим юртимиз тинч бўлсин. Яратган Эгам дини Исломга кувват, шариятга ривож берсин! Барча қилаётган ишларингизни хайрли қилсин! - Омин! - деб барчалари юзларига фотиҳа тортдилар. Қори амаким: — Яхши ўтиринглар, — деб орқалари билан юриб чиқиб кетдилар.
Мен мана шундай воқеага гувоҳ бўлганман, деди Сирожиддинхон.
Мустақиллигимиз шарофати, ҳурматли Президентимиз қўллаб-қувватлашлари боис, ҳозирги кунда юртимизда кўплаб масжидлар очилиб, мусулмонларга хизмат қилмоқда. Куни кеча Тошкент шаҳридаги Эшон Бобохон бобомизнинг номларидаги масжид қайта кенгайтириб тикланаётган масжидларига Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг келишлари, ўқилган Қуръони карим тиловатлари ва хайрли дуолари бизни тўлқинлантириб юборди. Кўзларимиз қувонч ёшларга тўлди. Шу боис юқоридаги лавҳани эътиборингизга хавола этишга жазм қилган эдим.
Дарҳақиқат, Эшон Бобохон ҳазратлари ва Саломатхон катта ойимиздек покдомон инсонларнинг дуолари ижобат бўлаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз.
Мухлисахон Зиёвуддинхон қори қизи