Мақолалар

Учадиган балиқ ҳақида эшитганмисиз?

Қушбалиқ – балиқларнинг бир тури бўлиб, денгиз юзасида сирпанади ёки ҳавода учиб, кейин яна сувга тушади. Ушбу балиқ душмандан қочиш учун сувдан учиб чиқади. Бунда у думини сувда ўнг ва чапга уриб, тез ҳаракатлантиради. Бу ҳол унинг сувдан чиқиб кўтарилишига ёрдам беради. Кейин қанотларини ёзганча  ўртача 1,5 метр баландликка кўтарилиб, соатига 30-40 км тезликда ҳавода тахминан 10 сония парвоз қилади. У мана шундай парвозни олти-етти марта такрорлаб, душмандан 400 метрча масофага узоқлашади.

Ушбу балиқнинг тахминан 50 та тури бор бўлиб, узунлиги 30-40 сантиметр атрофида бўлади. Бу балиқнинг қанотлари катталиги ва ёзганда қушга ўхшаб бироз парвоз қилиш имконини бериши билан бошқа балиқлардан ажралиб туради.

Учувчи балиқ сузиш ва учиш асносида икки кўзи орқали юқори ва пастни кўра олади. Бу эса унга денгиздаги йиртқич балиқлар ҳамласидан ва юқоридаги балиқчи қушлар ҳужумидан қочишга имкон беради. Бу балиқ денгизнинг тубида эмас, балки сув сатҳида яшайди. Чунки осонлик билан сувдан сакрашига ва парвоз этишига қулай бўлиши учун сув сиртида яшаши керак.

Учувчи балиқни сувининг ҳарорати 20 даражадан юқори бўлган денгизларда учратиш мумкин. Кўпроқ у экваториал минтақаларданги денгиз ва кўлларда яшайди. Шунингдек, Атлантик, Тинч ва Ҳинд океанларидан ҳам бу балиқни топиш мумкин. У баъзида ёлғиз юрса, баъзан юзлаб балиқлардан ташкил топган катта жамоа бўлиб яшайди.

Учувчи балиқ кечқурунлари ов қилади. Асосан майда жонзотлар, ўсимликлар ва бактериялардан иборат планктонлар билан озиқланади.

Балиқнинг кўпайиш мавсуми баҳор ёки куз фаслида бўлади.

Ушбу балиқни кўпроқ Кариб денгизи атрофидаги оролларда яшовчилар, японлар, тайванликлар ва хитойликлар овлашади.

         Сўзимизни ушбу оят билан якунлаймиз:

هَذَا خَلْقُ اللَّهِ فَأَرُونِي مَاذَا خَلَقَ الَّذِينَ مِن دُونِهِ بَلِ الظَّالِمُونَ فِي ضَلَالٍ مُّبِينٍ

“Бу Аллоҳнинг яратганидир. Қани менга кўрсатинг-чи, Ундан бошқалар нимани яратдилар. Йўқ! Золимлар очиқ-ойдин адашувдадирлар” (Луқмон сураси, 11-оят).

 

 

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Иминжонов тайёрлади

Read 2957 times

Мақолалар

Top