Мақолалар

ЁДНОМА

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ўтганларингизнинг яхшиликларини эсланглар”, деганлар (Имом Суютий, “Ал-жомиъул-акбар”).

Сўз боши

Ўзбек халқини, Ўзбекистон халқини доғда қолдириб мангулик диёрига юз тутган муҳтарам Юртбошимиз – мустақил Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримов ёдидан ҳамон қалбларимиз ларзада. Республикамизда эълон қилинган мотам кунлари якунига етса ҳамки, қалбларда ҳамон ўкинч ҳукмрон, кўзлар ҳамон нам, чеҳралар ғамгин, дилларда қайғу.

Бутун умри давомида ибратли ҳаёт кечириб, мангу хайрлашувни ҳам ибрат қилиб кетган инсон. Бир инсонки, миллионлаб қалбларни забт этган, меҳру муруввати қалбларнинг тубига етган. Миллионлаб инсонларни йиғлатиб кетган.

Бугун ҳар бир даврада айрилиқ суҳбати. Суҳбатлар кўз ёшидек аччиқ ва аламли. Бироқ қанча аччиқ бўлмасин Юртбошимизга бўлган изҳорлар кўнгиллардан тилларга кўчиб, ҳамдардлар қалбига етмоқ истайди ва ўз соҳибини тинч қўймайди. Мен ҳам ёдномаларни сатрларга туширмоқни истадим. Шундай ёдномаки, буни шунчаки ёзмадим. Тўғрироғи, хотиралар беихтиёр сатрларга тўкилиб кетди.

 Муҳаббат ёшлари

Бугун Ислом Каримовни яхши кўрган инсонлар ўз Юртбошларига бўлган муҳаббатларини сўзсиз ва имосиз, жимгина, гоҳ муҳаббатдошлар даврасида, гоҳ хилватда қайноқ кўз ёшлари ила изҳор қилаётир. Бу сўзларда муболаға йўқлигига Сиз – шу ожизона изҳорни ўқиётган инсон ҳам иқрорлигингизга шубҳа йўқ. Бу ҳолатни кўплаб учратмоқдамиз.

Неча кунлар ўтган бўлса ҳамки, ўша пайт оралиғида кўришмаган яқинларимиз билан учрашиб қолсак, бир-биримизга таъзия изҳор қилиб, Президентимизнинг қилган ишларию, ҳаммани лол қолдириб кетганларини эсламоқдамиз. Ҳозиргина ҳам бир яқиним келди. Яна таъзия. Яна ўша мавзу.

Бир аёл йўловчи транспортда кетяпти. Кўзлари йиғидан қизариб кетган. Тўхтамай йиғлар эди. Йиғлашига изоҳ бериб Юртбошимизни эслар эди. Сўнг яна қўшиб қўйди:

– Шунча ўзимни босаман десам ҳам эплай олмаяпман. Ҳатто дори ичиб ҳам эплай олмаяпман. Юрагим бетоқат бўлганидан валидол ичяпман.

Булар ҳаммаси Юртбошимизга бўлган самимий муҳаббат самаралари. Миллионлаб қалбларнинг муҳаббати. Бир инсон қандай қилиб бунчалар муҳаббатга сазовор бўлди экан?

Жавобига бир қутлуғ ҳадиси шариф ёдимга келур.

وعنه ، عن النَّبيّ - صلى الله عليه وسلم - ، قَالَ : (( إِذَا أَحَبَّ اللهُ تَعَالَى العَبْدَ ، نَادَى جِبْريلَ : إنَّ الله تَعَالَى يُحِبُّ فُلاناً ، فَأَحْبِبْهُ ، فَيُحِبُّهُ جِبريلُ ، فَيُنَادِي في أَهْلِ السَّمَاءِ : إنَّ اللهَ يُحِبُّ فُلاناً ، فَأحِبُّوهُ ، فَيُحِبُّهُ أهْلُ السَّمَاءِ ، ثُمَّ يُوضَعُ لَهُ القَبُولُ في الأرْضِ )) متفق عليه .

Буюк ватандошимиз Имом Бухорий (раҳматуллоҳи алайҳ) Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай марҳамат қилганлар: “Аллоҳ таоло қачон бир бандани яхши кўриб қолса, Жаброилга нидо қилади: “Аллоҳ таоло фалончини яхши кўради, сен ҳам уни яхши кўргин”. Шунда Жаброил ҳам уни яхши кўради. Кейин осмон аҳлига нидо қилур: “Аллоҳ таоло фалончини яхши кўради, мен ҳам уни яхши кўраман”. Шунда осмон аҳли ҳам уни яхши кўриб қолур. Сўнг у Ерда ҳам қабул қилинур”.

 Озод ватан

“БИЗДАН ОЗОД ВА ОБОД ВАТАН ҚОЛСИН”

Ислом Каримов мазкур шиорига бутун умр сидқидилдан содиқ бўлиб ўтди ва буни амалга оширишга муваффақ бўлди. Йигирма беш йиллик давр мобайнида ҳеч кимга тобе бўлмаган озод ва мустақил давлат барпо қилишга эришилди. Унинг пойдеворига ғишт қўйган йўлбошчимиз бинони фойдаланиш учун тайёр қилиб, ўз халқига тақдим эта олди.

Бугун биз шундай Ватанда яшамоқлик бахтига мушарраф бўлдикки, бу юрт ўз устувор йўналишига эга. Юртимизнинг барча моддий ва маънавий бойликлари шу юрт, шу заҳматкаш халқнинг ўз-ўзиникидир!

Бундан ўн етти йил аввал Юртбошимиз: “Мен Ватанимиз мудофаа қудратини янада кучайтириш, армиямизни мустаҳкамлаш, сарҳадларимизни ишончли ҳимоя қилиш ва чегараларимиз дахлсизлигини таъминлашни энг муҳим вазифа, деб биламан. Бугун фуқароларимизнинг тинч ҳаёти ва осойишталигини ҳимоя қилиш, фарзандларимизнинг эртанги кунини ва юртимиз осмонининг доимий мусаффолигини таъминлаш йўлида қатъий чора-тадбирлар кўрилмоқда ва бундан кейин ҳам кўрилади”.

 Ва яна шундай деган эди: “Армияни қисқартириш натижасида бўшайдиган маблағни биз шартнома билан ишлайдиган ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оилаларига тўланадиган ҳақни оширишга сарфлаймиз. Бу эса ана шу тоифадаги ҳарбий хизматчилар сонини кўпайтиришга имкон беради. Биз шунга эришмоғимиз керакки, ҳарбий хизмат сўзда эмас, балки амалда фарзандларимизнинг, ёшларимизнинг нуфузли иши, шон-шараф иши бўлмоғи лозим” (Ислом Каримов. Биз келажагимизни ўз қўлимиз билан қурамиз).

Бу улуғ мақсад йўлидаги ҳаракатлар зое кетмади. Бугун бу юрт, бу Ватан ўзини ҳимоя қила олиш қудратига эга. Чунки унинг саралаб олинган алпқомат аскарлари бор! Айнан ҳозирги таҳликали асрда, бошқа юртларда одамлар юракларини ҳовучлаб минг ҳадик ва саросимада юрган бир даврда Ўзбекистон халқининг хотирлари жам, уйқулари ҳаловатли, меҳнатларида барака, эртанги кундан умидворлик бор! Болаларимизнинг мурғак шуурларига уруш номли қирғин тушунчаси мутлақо бегона.

Бугун бизнинг чегараларимиз дахлсиздир. Чегарачи аскарларимизнинг ҳушёрликлари ва тажрибаларидан кўнглимиз тўқ. Юртимизнинг хоҳлаган гўшасига куннинг исталган пайтида боринг, ўз уйингиз, ўз маҳаллангизда юргандек хотиржамсиз.

Илоҳим, юртимиз мустақиллигини абадий қилсин! Тинчлигимиз барқарор бўлсин!

Обод ватан

Юртбошимиз кўзлаган эзгу мақсадига эриша олди:

“Агарки мендан олиб бораётган сиёсатимизнинг энг долзарб, энг устувор вазифаси нимадан иборат, деб сўрашса, мен шундай жавоб берардим:

Энг аввало – халқимнинг омонлиги ва фаровонлиги, обод Ватанда эркин ва озод ҳаёт кечириши” (Ислом Каримов. “Биз келажагимизни ўз қўлимиз билан қурамиз”).

Ҳа, биз ўз эркига эга бўлган озод Ватаннинг обод юртида яшашдек улуғ бахтга мушарраф бўлган инсонлармиз. Чорак аср давомида юртимиз шаҳар ва қишлоқлари шунчалик даражада тез ва жадал тараққий топдики, бунга ақл бовар қилмайди. Сўзимга гумон қилганлар бир тасаввур қилсин – шўро даврида вафот этиб кетган бирор кимса тасодифан қайта тирилиб қолиб, бу шаҳар, бу қишлоқларни кўрса, ўзини энг ривожланган Европа мамлакатларига келиб қолганга ўхшатишига гумонингиз борми?

Шаҳар ва қишлоқ кўчалари бирдек озода ва саранжом. Юртимизни кезар экансиз эътиборсиз жой йўқлигига амин бўласиз. Замонавий усулда барпо бўлган бино ва иншоотларга юксак дид билан зеб берилган. На ортиқча ҳашам қилиб бачкана қилиб юборилмаган ва на ўта соддалик билан совуққон ҳолатда қолмаган. Балки киши боққан сари юқори кайфият ҳадя қила оладиган даражада кўркам ва навқирон.

Бир оз яқин йилларга назар ташлайман. Тўқсонинчи йилларнинг охирларида Ёзёвон йўлларининг четларига чиройли қилиб тошлар териб қўйилган эди. Мен ўзимча бизнинг қишлоқларимизда шундай қилиб тошлар териб қўйилса, болалар уни жойида қўймаса керак деб ўйлаган эдим. Бироқ нотўғри фикрлаган эканман. Юртимизда нафақат баркамол инсонларнинг, балки ёшгина болаларнинг маданият савияси ҳам шунчалик ривожланиб кетдики, ҳозирги кунда қишлоқларнинг энг чекка кўчаларида ҳам йўл бўйларида гуллар барқираб турибди.

“Биз келажак ёшларники, деган гапни кўп айтамиз. Келгуси наслларга биздан озод ва обод Ватан қолишини орзу қилиб яшаймиз. Барча эзгу ишларимиз замирида ана шу олижаноб мақсад мужассам. Биз шу азиз диёрда нафақат фарзандларимиз, балки невара-чевараларимиз, йироқ-йироқ авлодларимиз ҳам тинч-омон, фаровон, бахтли-саодатли, маърифий ҳаёт кечиришини, Ўзбекистон деган юрт, ўзбек деган ном дунё тургунича туришини истаймиз” (Ислом Каримов. Озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт — пировард мақсадимиз).

Биз ҳам шу тилакдамиз.

Қадриятлар

Юртимиз мустақилликка эришиши, энг аввало, миллий ва диний қадриятларимизнинг гарови бўлди. Бу йўналишга Муҳтарам Юртбошимиз мустақилликнинг аввалги йилларидаёқ алоҳида эътибор берган эди.

“Мустақил давлатимизнинг сиёсатини белгилаб олар эканмиз, ислом динимизни албатта назарда тутишимиз керак. Негаки, дин турмуш тарзимизга, маънавий қадриятларимизга, кишилар онгига ўзининг ўчмас муҳрини босган. Худога қарши курашганларнинг аҳволи нима кечганини кўрдик. Энди бу хил бесамар ва қуруқ инкор йўли ярамайди” (Ислом Каримов. “Ўзбекистон: миллий истиқлол, иқтисод, сиёсат, мафкура”. XII чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг X сессиясида 1992 йил 2 ва 3 июлда сўзланган нутқ).

Ўтган йилар мобайнида муқаддас динимиз таълимотларига бўлган эътибор ва эҳтиром жуда ҳам юқори бўлди. Ибодат қилиш учун кенг шароитлар таъминланди. Яқингинада хайит намозларини ўқиш учун беркиниб, керак бўлса макказорлар орасига жой тайёрлаб, қўлтиғига жойнамозини қистириб олиб, Ислом арконларини апил-тапил адо қилган инсонларнинг фарзандлари бугунги кунда кенг ва шинам масжидларда бемалол ва эмин-эркин ибодат қилмоқдалар.

Кечагина аждодлар тарихини билмаган халқ, бугун ўзлигини англаб қандай буюк инсонлар наслидан эканлигини билишга имкон туғилди. Бу ҳақда Юртбошимиз ғоят таъсирли сўзлар айтган эди:

“Бир зумга бўлса-да, тўрт-беш йил муқаддам бошимиздан кечган 1989-1990 йилларга хаёлан қайтайлик.

Баъзи бир ғоят қийин, лекин табиий саволларга жавоб берайлик:

–  Ўйлаб кўринглар, азиз дўстлар, ўшанда бизлар ким эдик?

– Ўша йиллар умуман қандай давр эди?

– Тақдиримиз, эркимиз кимларнинг қўлида эди?

– Каъба деб қаерга сиғинар эдик? Ҳар тонг "Ассалом!.." деган мадҳия оҳанглари остида кимларга қуллуқ қилиб уйғонардик?

– Тилимиз, динимиз қай аҳволда эди? Имом Бухорий, Ат-Термизий, Хожа Баҳоуддин Нақшбандларнинг муқаддас хокларига эътибор бормиди? Амир Темур, Бобур ва бошқа улуғ бобокалонларимизнинг буюк номлари қайси тупроқларга қоришиб ётган эди?

– Миллий ғуруримиз, инсонлик шаънимиз, урф-одатларимиз қандай тушунчаларга алмаштирилган эди?

– Хўш, ўзимиз-чи? Ўзимиз ўзлигимизни билармидик? Қандай мўътабар замин, улуғ аждодларимизнинг ўлмас мерослари билан озиқланган ер ўғлонлари эканимизни англармидик?

– Айтинглар, ўша кезлари Ўзбекистонни дунёда биров билармиди? Биров бизлар билан ҳисоблашармиди? Жаҳон миқёсида бирор киши бизни назарига илармиди?” (Ислом Каримов. “Биздан озод ва обод Ватан қолсин”).

Ушбу саволларни ўзига бериб кўрган ҳар қандай инсон динимиз соҳасида, аждодларимиз қадриятлари борасида шунчалар тарққиётга етишганимизга иқрор бўлмай иложи йўқ.

Биз масжидларда хатмул Қуръон қилишни бошлаган йилларимизда шахсан ўзим гувоҳ бўлганман, қанчалаб кекса отахонларнинг бундай ибодатни бу маҳалла аҳли шу отахонлар эсини таниганидан бери кўрмаганларини. Ҳаётимда биринчи бора бошқа маҳаллаларда хатм қилиб келган йилимиз раҳматли падарбузрукворим хатм қандай бўлишини мендан эшитиб завқ ва шавққа тўлган, кўзлари севинчдан порлаган эди. Кейинги йили бизнинг қишлоқда ҳам Қуръон хатми бўлди, бироқ отамга уни кўриш насиб этмади...

Энди эса Қуръон хатм қилинмаган масжид, Қуръон хатм кўрмаган маҳалла, Қуръон хатми нималигини билмаган Ўзбекистон фуқароси қолмади десак ҳам бўлаверади. Қориларимиз бисёрлигидан, хусусан, Ислом Каримовга бағишлаб минглаб хатмлар бағишланяпти.

Яхшидан боғ қолди

“Мен мана шу минбардан туриб, бир нарсани Аллоҳ таолодан сўрайманки, бизларнинг куч-қувватимизни кўпайтирсин, йўлимизни очиб берсин. Ҳеч қачон бизларни бир-биримиздан ажратмасин. Бизлар, шахсан мен ўзимни айтмоқчиман, бутун кучимни, бутун борлиғимни шу халқимга беришга тайёрман, демоқчиман” (Ислом Каримов. “Биздан озод ва обод Ватан қолсин”. Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши XIII сессиясида сўзланган нутқ, 1993 йил 3 сентябрь).

Ҳа, Ислом Каримов ваъдасининг устидан чиқди. Ҳақиқатан ҳам, бутун кучини, бутун борлиғини шу халққа фидо қилди. Натижада халқ ҳам ўзининг меҳрибон ва фидойи Юртбошисига меҳрини берди.

Юртбошимиз эътибор бермаган ҳеч бир соҳа қолмади, десам адашмасам керак. Бунинг натижасида юртимизнинг қайси бир жабҳасига, қайси бир соҳасига қараманг, кўз олдингизда марҳум Юртбошимизнинг камтар сиймоси гавдаланади. Марварид шодалари каби бир хил тартибда териб қўйилгандек барпо қилинган котежлар дейсизми, мевасини кўтаролмай шохлари букилиб ётган интенсив мева боғлари дейсизми, кўркам ва шинам қад кўтарган мактаб, коллеж ва бошқа ўқув даргоҳларидан чиқиб келайтган билимдон ёшларимизни дейсизми, ҳаракатларидан кўзлар тинадиган, ўз юртимизда ишлаб чиқарилган, жаҳон андозаларидаги автомобил транспортлари дейсизми?...

Биз учун ёдгор қолган маънавий ва моддий бойликларимизни санайверсак катта китоб бўлғуси. Бу меросларнинг ҳаммаси ҳам қадрли. Айниқса, маънавий бойликларимиз, халқимизнинг илм олишга бўлган чанқоқликлари бу қутлуқ йўл яна давом этишига умид боғлайди. Маънавиятимизнинг юксалиши учун муқаддас динимиз таълимотларига кенг очиб берилган эшиклардан, иншоаллоҳ, бугун Юртбошимизга беҳисоб савоблар етиб боражак.

Сўнгги сўз

Шубҳасизки, дил изҳорларимни ёзаверсам, китоблар бўлғуси. Аммо ўшанда ҳам изҳор адо бўлмас.

Тилидан доимо “Аллоҳ” лафзи тушмаган Юртбошимиз охирги манзилга – боқийлик манзили сари ўзи танлаган йўлни ихтиёр қилгани бутун мусулмон халқининг эҳтиромини яна ҳам оширди. Айрилиқ кечасидаги ушбу сўзлардан қалблар ларзага келди, кўзлар ёшларга тўлди: “Барчамиз учун қадрли бўлган Президентимизнинг васиятига кўра, Ислом Каримов шу йил 3 сентябрда ота-онаси мангу қўним топган она шаҳри Самарқандда мусулмон урф-одатларига биноан дафн этилади”.

Яна Юртбошимизнинг сўзларини эслаймиз: “Оддий инсон сифатида ҳам, Аллоҳнинг муқаддас уйи – Каъбани зиёрат қилган одам сифатида ҳам, Яратгандан: эл-юртимизга тинчлик-осойишталик, омонлик, ёшларимизга сабр-тоқат, бардош, ғайрат ва ишонч, қарияларимизга узоқ умр, куч-қувват, хонадонларимизга бахту саодат, файзу барака ва омад ато этишини сўрайман. Худо хайру бахтингизни берсин, энг эзгу умидларингизни рўёбга чиқарсин!” (Ислом Каримов. “Биздан озод ва обод Ватан қолсин”. Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши XIV сессиясида сўзланган нутқ, 1993 йил 28 декабрь).

“Барчамиз ҳам Аллоҳ таолонинг бандаларимиз. Демоқчиманки, раҳбар ҳам одам. Унинг ҳам қариндош-уруғи, дўстлари, ўзига яраша шахсий ташвишлари бор. Лекин раҳбарлик масъулияти шундаки, у аввало эл-юрт тақдири учун жавобгар. Ҳадиси шарифда таъкидланганидек, раҳбарликнинг мақоми элу юртга оталикдир. Оқил ота эса фарзандларини ҳеч қачон яхши-ёмонга ажратмайди. Барчасига тенг кўз билан қараб, уларнинг бошини қовуштириб, пировардида хонадон ободонлигига эришади” (Ислом Каримов. “Биздан озод ва обод Ватан қолсин”).

Илоҳим, Юртбошимиз бўлган, Мустақил Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримовни Ўз раҳматингга олгин!

  

Улуғбек Йўлдошев,

Андижон вилояти, Асака туманидаги

“Холид ибн Валид” жоме масжиди ходими

Read 8091 times

Мақолалар

Top