Мақолалар

Фолбинларга ишонманг

Қадарга иймон келтириш ва яхши ёмон нарсанинг бари Аллоҳдан эканига ишониш иймон арконларидан ҳисобланади. Лекин Аллоҳ ўзининг ҳикмати билан бандаларини имтиҳон қилиш учун ғайбий ишларни ва келажакни сир тутди. Бунга кўплаб ояти карималар далолат қилади. Жумладан бир оятда Аллоҳ шундай марҳамат қилади: “Айтинг: Аллоҳдан бошқа осмонлар ва ердаги бирор кимса ғайбни билмас” (Намл сураси, 65-оят).

Агар келажакдаги ишлар инсонга маълум бўлса эди, имтиҳон бўлмасди. Чунки, ғайбни билган одам фақат ўзига фойдали ишларни қилиб, зарарли ишлардан сақланган бўларди. Лекин инсонлар орасида одамларнинг келажагини, тақдирини биламан, деб даъво қилувчи сохта башоратчи-фолбинлар ҳам йўқ эмас. Бундай тоифа қадимдан мавжуд бўлиб, улар коҳинлар деб аталган.

Шу ўринда фолбинлик тарихига назар ташлаб ўтсак. Маълумки, замин инсонларнинг макони, осмон эса малоикалар ошиёнидир. Аллоҳ таоло Ер юзидаги бандалари хусусидаги барча ҳукмларни адо қилишни ана шу фаришталар зиммасига юклагандир. Оламда учинчи тоифа-жинлар ҳам борки, инсоният узоқ йиллардан бери улар билан турлича алоқаларда бўлиб келган. Исломдан олдин ана шу жинларнинг айримлари осмондаги фаришталарнинг ўзаро гапларини ўғиринча эшитиб олиб, ердаги фолбинларга етказиб туришган. Жинлар ва фолбинларнинг бундай алоқалари Қуръон нозил бўла бошлагунча давом этган. Кейин эса, жинларнинг тинчгина ва қаршиликсиз осмонга чиқиб, хабар келтиришлари ниҳоясига етди. Вазият энди бошқача тус олган эди. Уларнинг тинчини бузган ва ишларига якун ясаган воқеа ҳақида Қуръонда жинларнинг тилидан шундай дейилади: “Энди хозир (Мухаммад пайғамбар бўлгач), кимки (қайси жин) тингламоқчи бўлса, ўзини кузатиб турган бир учар юлдузнин топар. Биз ердаги кишиларга ёмонлик ирода қилинганми ёки Парвардигорлари уларга тўғри йўлни ирода қилганми, билмасмиз” (Жин сураси,9-10оятлар).

Ваҳийнинг мусаффолигини таъминлаш ва одамлар орасида шубҳага ўрин қолдирмаслик ҳамда Қуръон оятлари билан фолбинларнинг сўзлари аралашиб кетмаслиги учун ҳам Аллоҳ таоло жинларни осмонга чиқишдан ман қилди. Осмонларга қўриқчи қўйди. Осмондаги учар юлдузлар ана ўшандай жинларга отилган ўқлардир.

Баъзи инсонлар назарида жинлар ғайбий ишларни билувчи ҳисобланади. Аслида улар ҳам ғайбдан бехабардирлар. Бунга қуйидаги оят ҳам далилдир: “Бас, қачонки, Биз (Сулаймонга) ўлимни ҳукм қилганимизда, унинг ўлимига фақат асосини еётган кемирувчи қуртгина далолат қилди. Бас, қачонки, у қулаб тушгач, жинларга аниқ бўлдики, агар улар ғайбни билувчи бўлганларида, бу хор қилувчи азобда (меҳнатда) қолмаган бўлур эдилар” (Сабаъ сураси, 14-ояти).
Маълумки Сулаймон а.с. ҳассага суянган ҳолда жон таслим қилганлар. Унга хизмат қилувчи жинлар эса, унинг вафот этганини билмасдан, оғир ишларда давом этаверганлар. Сулаймон а.с. суяниб турган ҳассани бир йил давомида ёғоч қурти еб, кемирди. Натижада Сулаймон а.с. ерга қулаб тушдилар. Шундан кейингина жинлар унинг ўлганини англаб етдилар ва тарқаб кетдилар. “Сулаймон ўлди, девлар қутулди”, деган нақл ҳам шундан қолган. Агар баъзи инсонлар ўйлаганидек, жинлар ғайб сирларидан огоҳ бўлганларида эди, Сулаймон а.с. ўлиши билан мажбуран қилаётган оғир ишларини дарҳол тўхтатган бўлар эди.
Исломда фолбинлик жуда қатъий таъқиқланади. Бир ҳадисда Расулуллоҳ с.а.в шундай марҳамат қилганлар: “Кимки фолбин ҳузурига бориб, ундан бирор нарса сўраса, қирқ кунгача унинг намозлари қабул қилинмайди, қирқ кунгача унинг учун тавба эшиклари ёпилади. Агар фолбиннинг сўзига ишонса, кофир бўлади”.

Ушбу сўзлар мунажжимларга ва уларнинг сўзларига ишонувчи нодон кишиларга ҳам тегишлидир. Чунки, юлдузлар фақатгина уч нарса учун: яъни осмонга зийнат, жин ва шайтонларга отиладиган тош ва инсонлар йўл топиб олишлари учун аломат-белги қилиб яратилгани ҳадисларда баён қилинади.
Аллоҳ таоло барчаларимизни тўғри йўлда собитқадам айласин!

Хонобод шаҳар бош имом-хатиби Мансурбек домла Рахимов

Read 3469 times

Мақолалар

Top