Мақолалар

Нишонга урилган гаплар: “Отангни урган қамчингни сақлаб қўй, болангга керак бўлади!”

Нишонга урилган гаплар: “Отангни урган қамчингни сақлаб қўй, болангга керак бўлади!”

 

Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар сайтлардан ва ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган.

 

Одамларнинг энг бойи бўлишни истайсизми? Аниқми?

Унда сизга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тавсияларини тақдим этамиз:

«Аллоҳ сенга тақсим қилган нарсага рози бўл, ана шунда одамларнинг энг бойи бўласан».

Имом Аҳмад, Термизий ва Байҳақийлар ривоят қилишган.

*****

“Тобеинлар саҳобаларнинг даражаларига ета оладиларми?” деган саволга бир олим шундай жавоб берибди:

“Саҳобалар бу умматнинг энг афзал вакиллари бўлиб, тобеинлар уларнинг даражаларига ета олмайдилар. Чунки, саҳобалар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриб иймон келтирган, у зот билан ҳар куни бирга юрган, Қуръонни, ҳадисни, илмни у зотнинг ўзларидан таълим олган зотлардир. Саҳобаларнинг бурунларига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак шиппакларидан кўтарилган чанг кириб турган”.

*****

Бир жойда ахлоқсизлик ёйилса, Аллоҳ таоло (яхши-ёмонни аямай) барчага бирдек бало юборади.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу

*****

Биласизми?

Аёл киши хурсанд бўлган пайтда гапиришдан тўхтамас экан. Аммо сиқилган пайтда кўпроқ сукут қилар экан.

*****

Отангни урган қамчингни сақлаб қўй, болангга керак бўлади!

*****

Тўйи куни онасининг хонасига кириб, бир даста гул қолдириб, ёнига: «Сиз мен учун дунёдаги энг гўзал аёллигингизча қоласиз. Сиздан чиройлиги йўқ» деган мактуб қолдирди.

«Ўйлар, ҳикматлар ва ибратлар»

*****

Сигирни банан ўт-ўландан лаззатлироқ эканига ишонтиришга уринма. Балки сигир яхши кўриб истеъмол қиладиган таом билан сени нима ишинг бор деган гапга ўзингни ишонтир.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

  • Катта ақллар фикрларни муҳокама қилади.
  • Ўртача ақллар воқеаларни муҳокама қилади.
  • Кичкик ақллар шахсларни муҳокама қилади.

 “Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Агар хотираларинг орзуларингдан кўпайиб кетса, энди сен ёш йигит эмассан.

Муҳаммад Ратён

*****

Одамлар орзуларингни чилпарчин қилгани учун уларни маломат қилма. Балки улардан кўп нарса кутганинг учун ўзингни маломат қил!

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Ходим эдим, мудиримни танқид қилдим. Кейинчалик ўзим мудир бўлдим ва ўшанда унинг ҳақ эканини тушуниб етдим.

Талаба эдим, муаллимимни танқид қилдим. Кейинчалик ўзим муаллим бўлганимда, ўшанда муаллимим ҳақ бўлганини англаб етдим.

Кичкиналигимда отам менга қаттиққўлик қилса, бу иш менга ёқмасди. Ўзим ота бўлгач, отамнинг ўшанда тутган йўли тўғрилигини тушуниб етдим.

Замон ўтиб, сизга қилинган муомалаларнинг тўғрилигини тушуниб етишингиздан олдин ўша инсонларнинг сизга бўлган муносабатларини, қайғуришларини тўғри тушунинг, қадрланг, агар улар бу йўлда бироз қўполлик қилсалар, уларга узр истанг, кечиринг, уларга ширин сўз ва гўзал муомалада бўлинг.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Чумчуқлар фарзандларига қулликни мерос қилиб қолдирмаслиги учун қафас ичига ин қурмайди.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

 

Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

Нозимжон Иминжонов

 

Read 2781 times

Мақолалар

Top