Мақолалар

Нега ёлғон гапирамиз?

Нега ёлғон гапирамиз?

 

Маълумки, ёлғон гапириш Динимизда оғир гуноҳлардан деб эълон қилинган. Ёлғон араб тилида «кизб» дейилади ва луғатда ростнинг тескарисини англатади. Ёлғон гапириш гуноҳ бўлгани учун уни гапирган одамнинг қалбига қора доғ тушади. Яна ёлғон гапирса, яна тушади. Агар киши ёлғонни тўхтовсиз гапираверса, қалбини қора доғ қоплаб олиб, кейин гуноҳ қилса, ўша гуноҳ бурнига пашша қўнганчалик таъсир қилмайдиган бўлиб қолади. Бундан ташқари у “каззоб” деб ёзиб қўйилади. Гуноҳ қалбни ўраб олиши ҳақида Аллоҳ таоло бундай деган:

كَلَّا بَلْ رَانَ عَلَى قُلُوبِهِم مَّا كَانُوا يَكْسِبُونَ

“Йўқ! Уларнинг қилган касблари қалбларига моғор бўлиб ўрнашиб қолган, холос” (Мутоффифун сураси, 14-оят).

 

Хўш, ёлғонни ким гапиради?

Аллоҳ таоло ёлғон гапни кимлар гапиришини, кимлар тўқишини баён қилиб шундай марҳамат қилган:

إِنَّمَا يَفْتَرِي الْكَذِبَ الَّذِينَ لاَ يُؤْمِنُونَ بِآيَاتِ اللّهِ وَأُوْلـئِكَ هُمُ الْكَاذِبُونَ

“Ёлғонни фақат Аллоҳнинг оятларига иймон келтирмайдиганларгина тўқирлар. Ана ўшалар ўзлари ёлғончилардир” (Наҳл сураси, 105-оят).

Бу оятда Аллоҳнинг оятларига иймон келтирмайдиган кишиларгина ёлғон гап тўқишлари баён этилмоқда. Ёлғон гапираётган кишилар бу ҳақида ўйлаб кўрсинлар, кўзларини очсинлар! 

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қачонки бир банда ёлғон гапирса, фаришта у гапнинг сассиқлиги учун у бандадан бир мил масофага узоқлашади”, дедилар.

Тасаввур қилинг, кишини муҳофаза қилиб турадиган, ундан ҳеч ажралмайдиган фаришталар ёлғончидан узоқлашар эканлар. Бу жуда қўрқинчли ҳолат. Бошқача қилиб айтганда, ёлғончининг фариштаси бўлмайди.

Аллоҳ таоло яна бир оятда бундай деб марҳамат қилган:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ اتَّقُواْ اللّهَ وَكُونُواْ مَعَ الصَّادِقِينَ

“Эй иймон келтирганлар, Аллоҳга тақво қилинглар ва содиқлар ила бирга бўлинглар” (Тавба сураси, 119-оят).

Демак, инсон нафақат ўзи ёлғон гапирмаслиги керак, балки унинг дўсту улфатлари ҳам ростгўй кишилар бўлиши керак. Чунки, суҳбатдошнинг, атрофдаги муҳитнинг таъсири бор бўлиб, ёлғончилар даврасида ёлғон гапиришга мойиллик кучли бўлади. Ростгўйлар билан бирга юрганда эса, инсон ростгўй бўлиб боради, мабодо ёлғон гапирса ҳам, ростгўй дўстлари дарҳол уни ислоҳ қилишга уринадилар.

 

Инсон нима учун ёлғон гапиради?

Бошқаларга озор бермаслик учун.

Баъзида инсон яқинларининг дилини оғритмаслик, оғриқли ҳақиқатни айтмаслик учун уларга ёлғон гапиради.

Бошқаларнинг эътиборини жалб этиш учун.

Киши одамларнинг эътиборларини ўзига қаратиш, барчанинг диққат марказида бўлиш учун ўзи ҳақида ёлғон сўзлар ишлатади.

Мақтаниш, фахрланиш учун.

Баъзида инсон ўзини илмли, обрўли қилиб кўрсатиш, заковати ўткирлигини намоён этиш ва бошқа ютуқлари борлигини барчага билдириш учун ёлғон аралаштириб гапиради.

Фойдани жалб қилиш учун.

Ўзининг ишончли, вафодор, омонатдор киши эканлигини урғулаш ва шу орқали одамларнинг ишончига кириш, улардан бирор нарса олиш илинжида ёлғон гапиради.

Бошқалар билан ҳамфикр эканини билдириш учун.

Баъзан инсон суҳбатдошининг гаплари ва қарорларига ҳамфикр бўлмаса ҳам, у билан адоватга бормаслик ёки ундан бирор нарса тамаъ қилиб, “Гапларингиз тўғри, мен ҳам сизнинг фикрингизга қўшиламан” деб ёлғон гапиради. Аслида ичида унинг гапларига қўшилмаётган бўлади.

Ўч олиш учун.

Баъзида инсон душманидан ўч олиш мақсадида уни ёмонловчи, обрўсини туширувчи, одамлар қалбида унга бўлган ишончни сўндирувчи ёлғон гапларни гапиради.

Ўзидан озорни узоқлаштириш учун.

Баъзида киши рост гапирса, ўзига қандайдир зиён етишидан қўрқиб, ўша ўринда ёлғон ишлатади.

Одатланиб қолгани учун.

Баъзи одамлар ёлғон гапиришга одатланиб қолганлари учун умумий ҳолатларда ҳам ёлғон гапирадилар.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Мунофиқнинг белгиси учта: гапирса, ёлғон сўзлайди, ваъда қилса, хилоф қилади ва омонат ишониб топширилса, унга хиёнат қилади”.

Демак, ёлғон гапирган одам мунофиқликнинг учдан бирини қилган бўлади.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир гўдак болага “мана буни ол” деса-ю, ҳеч нарса бермаса, у одам ёлғончи бўлади”, дейдилар.

Фарзандларимизга бирор нарса ваъда қилаётганимизда шу ҳадис эсимизда турсин! Бирор нарса олиб келаман дедикми, ўшани, албатта, олиб келишимиз керак. Акс ҳолда биз ёлғончи бўламиз.

 

Ёлғон гапириш оқибатлари

  • Ёлғончи одам Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлади.
  • Ёлғончи одам Аллоҳдан узоқ кимса бўлади.
  • Ёлғончилик мўминликка хос бўлмаган амалдир.
  • Ёлғон гапириш мунофиқлик белгисидир.
  • Ёлғончи жамиятдаги ишончсиз кимса бўлади.
  • Ёлғончига ҳеч ким ишонмайди.
  • Ёлғончи одамлар орасида шарманда бўлиб, инсонларнинг назаридан четда қолади.
  • Ёлғончининг фарзандлари ҳам ёлғонни ўрганиб тарбия топадилар.

Аллоҳ таоло барчамизни ёлғон гапиришдан ва ёлғончиларга шерик бўлишдан асрасин!

 

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Read 6457 times

Мақолалар

Top