Мақолалар

Ўқишга нима учун кирмоқчисиз?

 

Шу кунларда юртимиздаги барча билим даргоҳларига кириш имтиҳонлари бўлиб ўтмоқда. Кимлардир имтиҳондан кўнгли тўлиб чиқмоқда. Кимлардир эса хавотирда натижаларни кутмоқда. Ҳамма абитуриентларнинг қалбида ўқишга кириш истаги бор. ҳамма талаба бўлсам дейди. лекин шу ўринда бир савол туғилади: “Сиз ўқишга нима учун кирмоқчисиз?”

Жавоблар турлича бўлиши мумкин. Хўш, аслида инсон ўқишга нима учун киради?

Имтиҳонга киришдан мақсад фақат “ўқишга кирди” деган номни олиш бўлмаслиги керак. Ўқиш даври 4-6 йилда тугайди. Инсоннинг ўқишга киришдан мақсади дарсларни қойиллатиб ўқиб, инсониятга фойда келтириш бўлиши керак. Чунки, ойлар давомида тайёргарлик кўриб, қийналиб, навбат кутиб имтиҳонларга кириб, улардан ўтиб, ўқишга кирган талаба энди ўша билим даргоҳида ўқимаса, дарсларга келиб-келмаса, ўқитувчиларни ҳурмат қилмаса, илм олишга интилмаса, бундай ўқишнинг нима кераги, кимга фойдаси бор?

Ҳар бир инсон ўзи қизиққан касбнинг илмини олар экан, ўша илмга жиддий эътибор бериши, дарсларни яхши ўзлаштириши лозим. Сабаби у ўқишни битириб, ўз соҳасида яхши мутахассис бўлиб хизмат қилиши, ўзига ҳам, оиласига ҳам ва бутун инсониятга ҳам фойда келтириши, оладиган маошини ҳалоллаб олиши керак.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

إن الله يحب إذا عمل أحدكم عملا أن يتقنه

«Аллоҳ бирортангиз бирор ишни қилганда уни пухта қилишини яхши кўради», деганлар (Абу Яъло ривояти, «Мажмаъу-з-завоид»; Суютий, «Ал-жомеъ ас-сағир»).

Ҳа, ҳар бир инсон ўз касбига омонат деб қараши, уни пухта амалга ошириши керак. Агар касбига нисбатан лоқайдлик кайфиятида бўлса, у шу масалада хиёнаткор ҳисобланади.

Ўқитувчи, шифокор, нонвой, ошпаз, ҳайдовчи, механик, архитектор, муҳандис, ички ишлар ходими, прокурор, имом-хатиб ва бошқа соҳада ишловчи кишилар ўз касбларига фидоийлик билан ёндошишлари керак.

Ўқитувчи таълим масканига илм ўргатиш учун бориши керак, шунчаки вақт ўтказиш, ойликни қуруқ олиш учун эмас.

Шифокор беморларни ҳам ширин сўз, ҳам дори дармонлар билан муолажа қилиш учун бориши керак, таниш-билишчилик қилиш, танишларининг беморларига яхши қараб, нотаниш беморларга беписандлик қилиш учун эмас. Чунки у таниш беморларни эмас, барча инсонларни даволаш учун таълим олган.

Нонвой ҳам ўзи қораётган хамирга пешона ва юзларидаги терлари томмаслигининг чорасини кўриши, юзларини артиб, қўлларини яхшилаб ювиб, кейин ишга киришиши керак. Зеро, у халқнинг луқмасига жавобгарлардан биридир.

Ошпаз ўзи пишираётган таомига чанг, сигарет кули, қолдиғи, тупук, дарахт барги ва ҳоказолар тушмаслигининг чорасини кўриши, агар ўзи чекадиган кимса бўлса, сигарет ушлаган қўлларини яхшилаб совунлаб ювиб, кейин таом пиширишга уриниши лозимдир. Чунки у ҳам нонвой каби инсонларнинг луқмасига жавобгардир.

Ҳайдовчи машинани ҳайдаш олдидан унинг созлигини, яроқлилигини текшириб чиқиши, таъмирталаб бўлса, уни устага созлатиб, кейин миниши, кейин киракашлик қилиши керак.

Механик усталар ўзларига олиб келинган машиналар ва бошқа техникаларни яхши созлашлари, ишларига эътибор билан ёндошишлари, машиналарнинг эҳтиёт қисмларини арзон, эски, сифатсиз эҳтиёт қисмларга алмаштирмай, машинадаги янгиларини олиб қўймай, ўғирламай, ҳалол ишлашлари керак.

Архитектор ўз касбини яхши билиши, пухта амалга ошириши, чизаётган, қураётган биноларда вақти келиб одамлар яшаши, меҳнат қилишини кўз ўнгида тутиши керак. Ҳозирда баланд иморатлар қурилаётган замонда бу касб мутахассислари янада ҳушёрроқ бўлиб, ўз соҳаларининг чинакам профессори бўлишлари шарт.

Бошқа соҳа ходимлари ҳақида ҳам шундай гапларни айтишимиз мумкин.

Ушбу видеога яхшилаб назар солинг. Асли соҳаси ортопедия (суяклар муолажаси ва жарроҳлиги) бўлган шифокор юраги уришдан тўхтаб қолган болани ҳаётга қайтишига ёрдамлашиб, Аллоҳ таолонинг фазлу марҳамати билан муваффақиятга эришди. Агар шу одам шифокорликка хос бўлган илмларни яхши ўзлаштирмаганда, дарсларни пухта ўрганмаганда, олийгоҳга фақат диплом олиш учун қатнаганда ёки ўз соҳаси бўлган ортопедиянинг ўзини ўрганиб, беморга биринчи тиббий ёрдам беришни билмаганда, болакайнинг ҳаёти хавф остида қолиши, юраги ишлаб кетмаган бўлиши мумкин эди.

Эътибор берсангиз, атрофда турганлар нима қилишларини билмай, шок ҳолатда турибдилар. Агар шифокор ўз соҳасининг моҳир билимдони бўлмаганда, у ҳам томошабинлар каби нима қиларини билмай довдираб турган бўлар ва болакай вафот этган бўлиши мумкин эди.

Жамиятимизда лоқайдлик, бепарволик касалига чалинмаган, атрофдаги воқеаларга нисбатан ўзида дахлдорлик ҳисси билан яшовчи, касбининг зўр мутахассиси ва энг асосийси, инсониятга фойда келтиришга уринувчи инсонларнинг борлиги биз учун қувонарли ҳолдир.

Аллоҳ таоло ҳар бирларимизга ўз касбимизнинг устаси бўлиб, ишимизга фидокорлик билан киришиб, уни пухта бажаришимизни насиб этсин!

 

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

 

Read 2718 times

Мақолалар

Top