Мақолалар

ҚУРБОНЛИК ҚИЛИШ КИМЛАРГА ВОЖИБ?

193-CАВОЛ:
Ҳурматли устозлар, кимлар қурбонлик қилиши лозим? Умуман қурбонлик қилишга тегишли аҳкомлар ҳақида батафсил маълумот берсангиз.

 

ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Қурбонлик қилиш – Ислом шиорларидан биридир. Аллоҳ таоло қурбон ҳайити кунида бизларни ҳайит намозини ўқишга, қурби етган кишиларни эса қурбонлик қилишга буюрган. Қуръони каримда бу ҳақда шундай баён қилинган:

فَصَلِّ لِرَبِّكَ وَانْحَرْ (سورة الكوثر/2)

яъни: “Бас, Раббингиз учун намоз ўқинг ва (туя) сўйиб қурбонлик қилинг!” (Кавсар сураси, 2-оят).
Фуқаҳоларимиз қурбонликнинг маъносини таърифлаб: “Қурбонлик бу – муайян ҳайвонни махсус вақтда сўйишдир”, – деганлар. Қурбонлик иккинчи ҳижрий санада жорий бўлган. Ҳанафий мазҳаби бўйича қурбонлик қилиш вожибдир. У – ҳур, балоғат ёшига етган, оқил, муқим, яъни сафарда бўлмаган ва закот нисобига эга бўлган мусулмон шахсга вожиб бўлади. Қурбонлик қилишнинг вақти ҳайит куни тонг отиши билан киради ва учинчи ҳайит куни қуёш ботиши билан чиқади. Қурбонлик қилишни ҳайит намози ўқиб бўлингандан кейин бошланади. Бу ҳақида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

عَنْ الْبَرَاءِ بْنِ عَازِبٍ قَالَ قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "اِنَّ اَوَّلَ مَا نَبْدَاُ بِهِ فىِ يَوْمِنَا هَذا اَنْ نُصَلِّىَ ثُمَّ نَرْجِعَ فَنَنْحَرَ فَمَنْ فَعَلَ فَقَدْ اَصَابَ سُنَّتَنَا وَمَنْ ذَبَحَ قَبْلَ الصَّلاَةِ فَاِنَّمَا هُوَ لَحْمٌ قَدَّمَهُ لِاَهْلِهِ لَيْسَ مِنَ النُّسُكِ فىِ شَيْءٍ"
(رواه الإمام البخارى).

яъни: “Дарҳақиқат, бугунги кунда аввал бошлайдиган ишимиз ийдул азҳо (қурбон ҳайити) намозини ўқиш, сўнгра (уйларимизга) қайтиб қурбонлик қилишдир. Ким шундай қилса, демак у суннатимизга мувофиқ иш қилибди. Кимдаким ҳайит намозидан олдин сўйса, у қурбонлик эмас, балки ўз аҳли учун тақдим қилган гўштдир” (Имом Бухорий ривояти).

Қурбонлик қилинадиган ҳайвонлар мол, туя, қўй ва эчкилардан иборатдир. Бу ҳайвонларнинг эркаги ҳам, урғочиси ҳам, бичилгани ҳам қурбонлик қилинса, бўлаверади. Булардан бошқа ҳайвонларни қурбонлик қилиб бўлмайди.

Мол билан туяни 7 кишигача шерик бўлиб сўйиш мумкин. Бунда шерикларнинг ҳаммаси мусулмон ва қурбонликни ният қилган бўлиши шарт. Аммо улардан бирортаси шунчаки гўшт учун қўшилган бўлса, қолган барча шерикларнинг қурбонлиги ўтмайди. Сўйилган ҳайвоннинг гўшти шериклар ўртасида тарозуда ўлчаб тенг тақсимланишига ҳам алоҳида эътибор қаратиш зарур.
Қурбонлик қилишдан мақсад – банданинг Аллоҳ таоло амрига бўйсуниши ва тақвосини намоён этишдир. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

لَنْ يَنَالَ اللَّهَ لُحُومُهَا وَلَا دِمَاؤُهَا وَلَكِنْ يَنَالُهُ التَّقْوَى مِنْكُمْ كَذَلِكَ سَخَّرَهَا لَكُمْ لِتُكَبِّرُوا اللَّهَ عَلَى مَا هَدَاكُمْ وَبَشِّرِ الْمُحْسِنِينَ (سورة الحج/37).

яъни: “Аллоҳга (қурбонлик) гўштлари ҳам, қонлари ҳам етиб бормас. Лекин у Зотга сизлардан тақво етар. Аллоҳ сизларни ҳидоят қилгани сабабли - У зотни улуғлашларингиз учун - уларни сизларга бўйсундириб қўйди. Эзгу иш қилувчиларга хушхабар беринг!” (Ҳаж сураси, 37-оят).
Демак, қурбонлик қилувчи шахс нияти тўғри бўлиши, амалини холис Аллоҳ таоло учун қилган бўлиши лозимдир. Қолаверса, бу амални бажаришда Аллоҳ таолонинг буюклиги ва динининг улуғлиги зоҳир бўлади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Савол йўллаш
? http://savollar.muslim.uz
? @SavollarMuslimUzBot

Read 5220 times
Tagged under

Мақолалар

Top