Мақолалар

Ҳаж зиёратчилари юксак эҳтиромда

Ўтган куни бир гуруҳ ўзбекистонлик зиёратчилар ҳаж ибодатини адо этиш учун Саудия Арабистонига жўнаб кетган эдилар. Ҳаж амалларини адо этиш ниятида муборак заминга етиб борган фуқароларимиз Мадинаи Мунавварадаги 5 юлдузли “Pullman Zamzam” меҳмонхонасига жойлаштирилди.
Мадина шаҳридаги ишчи гуруҳи аъзоси Бобуржон Тошпўлатовнинг билдиришича, бу йил ҳаж зиёратчилари учун илк бор Мадинаи мунавварада 5 юлдузли, замонавий меҳмонхона ўзбекистонлик зиёратчилар хизматида бўлмоқда.
Ушбу меҳмонхона Масжиди Набавийнинг шундоққина ёнгинасида жойлашган, зиёратчиларимиз беш маҳал намозларини ушбу табаррук масжидда адо этиш саодатига етишмоқдалар. Айни кунда, зиёратчилар ибодатларини чиройли ва мукаммал адо этишлари учун меҳмонхонада барча шарт-шароитлар муҳайё қилинган.
Меҳмонхонанинг кенг зали киши диққатини ўзига тортади. У ерда янги, қулай ўриндиқлар жойлаштирилган бўлиб, ибодатлардан толиқиб келган одам учун салқинланиб олишига мўлжалланган.
Зиёратчи ўз хонасига кўтарилмоқчи бўлса, бир нечта лифтлар ишламоқда. Ҳар бир хонада озода кўрпа-ю чойшаблар тўшаб қўйилган. Хонадаги телевизор орқали Каъбаи муаззама ёки Масжидун Набавийни тўғридан-тўғри томоша қилиб ўтиришлари мумкин. Шунингдек, ҳар бир хонада барча қулай шарт-шароитлар ҳозирланган.
Меҳмонхонада тиббиёт бўлими ва Ўзбекистон Ишчи гуруҳи штаби ташкил этилган бўлиб, тиббиёт бўлими ҳам керакли ўриндиқ ва ётоқ мебеллари билан таъминланган. Шунингдек, зиёратчиларимизга ошпазлар томонидан лазиз ва миллий таомлар тортиқ қилинмоқда.
Бир сўз билан айтган-да, бу йил олдинги йиллардан фарқли ўлароқ зиёратчиларимизга барча шарт-шароитлар ва қулайликлар энг юқори даражада муҳайё қилинган, фақат зиёратчиларимиз шарт-шароитлар шукронасини қилиб, ибодат ҳаловатини тотиб, дуои хайрлар қилишлари қолди, бу эса, улкан бахтдир.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 3031 times
Tagged under

Мақолалар

Top