Мақолалар

Қариндошлик ришталари узилмасин!

Ёлғиз келдик - ёлғиз кетамиз, аммо ёлғиз яшай олмаймиз. Инсон зоти борки, бошқа одамлар билан, айниқса қариндош-уруғлар билан ўзаро муносабат ўрнатишга, биргаликда яшашга муҳтож. Ҳаёт бирдай давом этавермайди, инсонлар бир-бирига яхши-ёмон кунларда шерик ва суянч бўлади.

Муқаддас динимизда қариндошларни зиёрат қилиб туриш, уларга меҳр шафқат кўрсатиш, қариндош-уруғчилик вазифаларини адо қилиш фарз ҳисобланади. Ҳатто ҳадиси шарифларда: “Қариндошлик алоқасини узиб қўйган одам жаннатга кирмайди”, деб таъкидланган.

Баъзида рўзғор ташвишлари сабабли яқин қариндошларнинг ҳолидан хабар олиш узоқ муддатга кечикиб кетади. Гўё дунёнинг ишлари қолиб кетадигандек туюлади. “Қариндошларни ҳадеб кўришга борверсам ёки уларга доим хайр-у саховат қилаверсам, камбағал бўлиб қоламан, ишларим юрмай қолади-ку” – деган ўй-фикр ҳам келиб қолиши мумкин. Йўқ, аслида ҳолат бутунлай бошқача, бу ҳаётда бизнинг ўлчовимиздан бошқача ўлчовлар ҳам бор.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳадисларида шундай илоҳий ўлчовлардан бирининг хабарини берганлар: “Кимни ризқи кенг-фаровон бўлиши ва умри узоқ бўлиши хурсанд қилса, қариндошлик ришталарини мустаҳкамласин”. Демак, бу иш кишининг умрига, вақтларига, ризқига, касб-корларига барака бўлар экан.

Қариндошлик ришталари “бор товоғим – кел товоғим” қабилида қилинадиган ишлар эмас. “Фалончи шифохонада экан, кўриб келайлик” дейилса, “У мен касал бўлганимда келиб кўрдими, йўқ, биз ҳам бормаймиз” – дейилмайди. Чинакамига қариндошлик қилиш бу ришта узиб қўйилган қариндошлар билан уни қайта тиклаш ва мустаҳкамлаш билан бўлади ва уни савоби ҳам улкан ҳисобланади.

Гоҳида яқин қариндошлар, ҳатто туғишган ака-укаларнинг аразлашиб, юзкўрмас бўлиб юришларига гувоҳ бўлиб қоламиз. Бу ҳолатлар икки тарафга ҳам ярашмайди, ёшларга ҳам ибрат бўлмайди. Қолаверса атрофдагиларнинг бунга эътиборсиз қараб туришари тўғри эмас.

Айбсиз дўст қидирган дўстсиз қолади. Битта душманинг бўлса кўп, мингта дўстинг бўлса ҳам оз. У билан ўтган яхши кунларни эсласин. Эндичи... Араздан ким барака топди... Қайсарлик билан нимага эришди-ю, нималардан маҳрум бўлди. Аразларни тўхтатиш, хатоларни кечириш, гина-кудуратларни ташлаш керак.

Қайсарлик яхшиликка олиб бормайди. Ўзи ҳақ бўлиб турса, 3 кундан ортиқ аразлашиш, алоқани узиш ҳалол эмас. Бу ишда эҳтиёт бўлиш, аразлашган инсон билан тезроқ ярашиш чораларини излаб, буни амалга ошириш лозим.

Ҳадиси шарифда бу ҳақда огоҳлантирилган: Мусулмон кишининг бошқа бир мусулмондан уч кечадан ортиқ аразлашиши ҳалол эмас. Икковлари уч кечадан ортиқ аразлашиб юрса ва шу ҳолда давом этишса, иккови ҳам ҳақдан четлаган бўлади. Улардан қай бири биринчи бўлиб (араздан) қайтса, бу унинг гуноҳларига каффорат бўлади. Агар улар аразлашган ҳолида вафот этса, икковлари ҳам жаннатга кирмайди.

Ака-ука, опа-сингил, амаки-тоға, амма-хола, уларнинг фарзандлари, қуда-андалар ва бошқа барча қариндошлар билан алоқани мустаҳкамлаш, ҳолидан хабар олиб туриш, касал бўлса – бориб кўриш, мушкули бўлса – ёрдам бериш, яхши кунларда хурсандчилигига шерик бўлиш, қийинчилик ва синовли кунларда суянчиқ ва далда бўлишга ҳаракат қилинг!

Донолар айтади: Икки нарса доимий бўлмайди: ёшлик ва қувват. Икки нарса бало-офатни қайтаради: садақа ва қариндошлик ришталарини боғлаш.

 

Гулистон тумани бош имоми, “Исломобод” масжиди имом-хатиби ДИЛМУРОД СУЛАЙМОНОВ

Read 5846 times
Tagged under

Мақолалар

Top