Мақолалар

Қалб поклиги

Ислом дини поклик устида қурилган. Ҳамма ибодатлар тоинки покланмасангиз, қабул қилинмайди. Покланиш икки хил бўлади: бири зоҳирий, иккинчиси эса ботиний – қалбий покланиш. Энг диққатлиси ҳам мана шунда: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек:

عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- « إِنَّ اللَّهَ لاَ يَنْظُرُ إِلَى صُوَرِكُمْ وَأَمْوَالِكُمْ وَلَكِنْ يَنْظُرُ إِلَى قُلُوبِكُمْ وَأَعْمَالِكُمْ ».

“Албатта, Аллоҳ таоло суратларингизга ва мол-у дунёларингизга қарамайди ва лекин қалбларингизга ва амалларингизга назар қилади”.

Қандай мансабга эга бўлмасангиз, қанчалик молу дунё эгаси бўлмасангиз, Аллоҳ таолонинг наздида ҳеч қандай қадрга эга эмас. Ҳадиси шарифда айтилганидек:

حَدَّثَنِي عُثْمَانُ بْنُ عُبَيْدِ اللَّهِ بْنِ رَافِعٍ ، أَنَّ رَجُلا مِنْ أَصْحَابِ رَسُولِ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم حَدَّثُوهَ ، أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم قَالَ : "لَوْ كَانَتِ الدُّنْيَا عِنْدَ اللَّهِ فِي الْخَيْرِ بِمَنْزِلَةِ جَنَاحِ بَعُوضَةٍ ، مَا أَعْطَى مِنْهَا كَافِرًا شَيْئًا".

“Агар дунё Аллоҳ таоло назарида чивиннинг қанотичалик қадрли бўлганида эди, кофирга бу дунёда бирор бир нарса берилмас эди”.

Қалбимиз ҳам баданимиз каби соғ бўлиши керак. Чунки агар танамиз соғ бўлса, бошқа дунё ишларига қувватимиз етади. Аммо касал бўлса, ҳеч бир ишга қўлимиз бормай, ётиб қоламиз. Худди шу каби, холис Аллоҳ таоло учун қиладиган савобли ишлар учун ҳам саломат қалб зарур.

Абу Ҳаким Ат-Термизий розияллоҳу анҳу “Манозилул ибод” номли китобларида қалб хасталигининг давосини зикр қилиб, шундай дейдилар: “Билгилки, қалб қаттиқлиги, Аллоҳ таолони зикр этиш билан кетади. Аллоҳ таолони зикр этиш, қалбни хотиржам қилади ва юмшатади. Қалб зикрдан тўхтаса, зикрсиз қолса, нафс ҳарорати ва шаҳват оташи аланга олади, натижада қалб қотади, қурийди, аъзолар ҳам қалбга итоат этмай қолади”.

Демак, Роббимизнинг ҳузурида энг эътиборли нарса бу бизнинг қалбимизнинг салоҳияти экан. Имом Ғаззолий: “Ким Аллоҳ Ҳақ субҳанаҳу ва таоло ҳузурига соғлом қалб билан борар экан, нажот топади. Қалб Аллоҳ таолодан бандасига берилган омонатдир”, - дейдилар.

 

Янгиер шаҳар “Абдуқаҳҳор хожи”

жоме масжиди имом хатиби Х. Асланбаев

Read 4663 times
Tagged under

Мақолалар

Top