Мақолалар

“ЭРИМНИ ИСИТИБ БЕРИНГ”

“Опа, шу кунларда куёвингизнинг қадам олиши бошқача. Бирортасига илашиб қолганми, ишдан бери келмай қўйди. Менга ҳам, болаларига ҳам эътиборсиз. Нима қилсам экан?”. Синглисининг гапларини эшитиб,  Саида  ўйланиб қолди.

Бирор чора топмаса синглисининг оиласи бузилиб кетиши мумкинлигини ўйлаб, миясига келган фикрдан хурсанд бўлиб кетди: “Куёвни синглисига иситиш керак!”.

Опа-сингил биргалашиб фолбиннинг олдига боришди. Ҳолатни тушунтиришганидан сўнг, фолбин аёл  шакар,  майиз, эрининг ички кийимларидан олиб келишни тайинлади. Дам солиб эрини иситиб беришини учун бир неча марта келишлари кераклигини айтди.

Умида фолбинни олдига бир неча марта борганига қарамай, эрининг ўзидан тоборо  узоқлашиб бораётганини, оиласидан хотиржамлик йўқолиб, фарзандларининг тарбияси ҳам оғирлашиб кетаётганини сезиб турарди.   Ўтиб бораётган вақт фақат унинг зарарига хизмат қилаётган эди.

Фолбинни олдига бориб кетгазган вақтига, пулига қаттиқ ачинди. Аслида оиласидаги бу  ҳолатларнинг асосий сабабчиси ўзи эканини кеч англади. Ишдан кечроқ қайтган эри ҳақида  нотўғри гумонлар бориб, чарчаб турган одамга ҳар хил ҳақоратларни ёғдириб, ўзига бўлган ҳурмат ва муҳаббатни йўқотиб қўйганини, болаларининг олдида ҳам эрини беҳурмат қилганлиги боис хонадонидан, оиласида файзу-барокатни кўтарилганини узоқ мулоҳазалардан сўнг тушуниб етди. Афйсус, синган идишни ямаган билан, чегирмаси қолар экан...  Калтабинлик билан қилинган бундай муомала эрининг оиласидан кўнглини совишига, ҳатто гулдек фарзандлари ҳам кўзига  кўринмай,  оиласини ташлаб кетишига сабаб бўлди.

 Умида ўз хатоларини тушиниб етди. Бироқ энди қандай қилиб бу хатоларни тўғирлаш, эрининг кўнглига қайндай йўл топиш мумкин?!

Аёлнинг энг асосий “иш жойи” – оила қўрғони! Фаолият юритаётган ҳар бир ишчи ўз устида ишилаб, ўсишга, ишини энг аъло даражада бажаришга ҳаракат қилиши лозим бўлганидек, аёл ҳам ўзининг рафиқалик, оналик, уй бекалик каби фаолиятларини юксак савияга кўтариши лозим.  Оиласини мустаҳкамлиги, фарзандлари тарбияси, эрининг розилиги ҳаётидаги бош меъзон бўлиши лозим.  Камчиликларини  англагач ҳам, уларни тўғирлашга ҳаракат қилмай, “Қандай бўлсам шундайлигимча қабул қилишсин!” деб туриб  олиш оқилалик эмас.

Бирор касалликни даволашдан олдин касалликни келиб чиқиш сабаблари ўрганилади. Сабаблари аниқ бўлгандагина касаллик тезда бартараф этилади.  Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, давони  ҳам фақат халол йўллардан қидириш керак. Шундагина меҳр-муҳаббат билан мустаҳкам бўлган хонадонга Аллоҳнинг раҳмати ҳам ёғилиб туради.

“Эрни иситиш”нинг ҳалол йўли Аллоҳ ҳалол қилган воситалар билан эрининг меҳрини қозонишдир. Эр уйига келганида хонадонининг тартибсизлиги, таом ўз вақтида тайёр бўлмаслиги, хотининг сочлари тўзиган, эгнидаги куйлагидан ёғ ҳиди келиб туриши, бунинг устига аёлининг тунд қиёфаси ҳар қандай эркакни уйидан, оиласидан безишига олиб келади.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: “Унинг аломатларидан (яна бири) – сизлар (нафсни қондириш жиҳатидан) таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломатлар бордир” (Рум, 21)

Одатда, эркаклар ишхона, кўча ташвишларидан чарчаб, ҳаловат ва таскин илинжида оиласи бағрига қайтадилар. Аёл оқила, фозила ва тадбиркор бўлса, эркак  учун уйи фароғат қасрига айланади. Чарчаб, асаби таранглашган эр уйига кириб келганида эшикни очган аёлининг кулиб турган чеҳраси, бир оғиз “Яхши бориб келдингизми?” деган ширин сўзи, ҳамма жойнинг озодалиги ва ширин таомнинг ёқимли иси, фарзандларининг гўзал ҳулқи эркакка ҳузур бахш этади. Ташвишлардан бир муддат бўлса ҳам узоқлашишига ёрдам беради.

Аёл эри учун уйида безаниши, ўзига оро бериши, тоза либослар кийиши, ёқимли ифорлар ишлатиши керак. Аёлидан, атрофдан ёқимли ислар таралиши эрнинг баҳри дилини очади.  Афсуски,  айрим аёллар тўй, базм,  меҳмондорчиликка боргандагина энг сара либосларини  кийиб, ўзларга оро берадилар. Буларнинг ҳаммаси ким учун, атрофдаги бегоналар учунми? Аслида  аёл гўзаллигини кўришга энг ҳақли инсон аёлнинг эри.

 Шу билан бирга аёлнинг эр ҳақларига тўла риоя қилиб, унга итоат этиши ҳам оиладаги келишмовчиликларни бартараф этиб, эр ва хотиннинг бир-бирларига меҳр-муҳаббатли бўлишларига сабаб бўлади.  

Бир аёл Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳузурларига келиб: “Мен эрга тегмоқчиман. Эркакнинг хотин зиммасидаги ҳақи нима?”, деб сўради. У зот (алайҳиссалом): “Эринг сени хоҳлаган пайтида, туянинг устида бўлсанг ҳам, тушиб унинг истагини бажармоғингдир, овқатини пиширмоғинг, кийимларини ювмоғинг, нонини тайёрламоғингдир” (Ибн Можа ривояти), деб жавоб бердилар.

 Аёлнинг эри учун қилган хизматларига ҳам ажру савоб берилади: эрининг куйлакларини ювиб, дазмоллаш, овқатини тайёрлашда ҳам аёлга ажр бор. Аёл ажрдан умид қилган ҳолда хизматларини сидқидилдан қилса  хонадони обод, озода, ва файзли бўлади. Шу билан бирга оиласи тинч, турмуш ўртоғи садоқатли, фарзандлари солиҳ, солиҳа бўлишини истаган аёл   доимо уларнинг ҳақига дуо қилиши лозим. Зеро, дуо ибодатнинг мағзи.

Санаб ўтилган амалларда бардавом бўлган аёлга нисбатан эрининг муҳаббати зиёда бўлади, оиласига қаттиқ боғланиб қолади. Оиладаги соғлом муҳит, фарзандларига бераётган чиройли тарбия учун эрнинг кўнгли хотиржам бўлади. Бу эса аёлнинг эрининг рози қилиши учун энг яхши тадбирдир. Шундагина аёл  нафақат эрининг, балки Аллоҳ таолонинг розилигини ҳам қозонади. Аёллиги, оналиги, бекалиги учун ҳам яқинларининг меҳрини қозонади, ҳам ажрларга сазовор бўлади, иншоаллоҳ!

Мунира АБУБАКИРОВА,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси

Read 23902 times

Мақолалар

Top