Мақолалар

ЗУЛҲИЖЖА ОЙИДА ЭЪТИБОР ҚИЛИНАДИГАН АМАЛЛАР

– Фарз намозларини жамоат билан ўқиш ҳамда масжидга эртароқ келиш. Нафл намозларини кўпайтириш. Чунки булар энг улуғ қурбатлардир.

– Рўза тутмоқлик.

– Такбир, таҳлил ва таҳмид айтмоқлик. Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ айтганлар: Ибн Умар ва Абу Ҳурайра розиллоҳу анҳулар ушбу ўн кунларда бозорга чиқиб такбир айтар эдилар. Уларнинг такбирлари сабабли одамлар ҳам такбир айтардилар.
Бундай унутилиб бораётган суннатларни тирилтирмоқ биз учун муносибдир.

Саҳобалар ва тобеийлардан такбирнинг турли сийғалари ворид бўлган:
1. Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбару кабиро.
2. Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, лаа илааҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар, валлоҳу акбару валиллааҳил ҳамд.
3. Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, лаа илааҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар, Аллоҳу акбару валиллааҳил ҳамд.

– Аллоҳ таолони кўпроқ зикр қилиш.

– Ҳақиқий тавба қилиш.

– Гуноҳ-маъсиятлардан узоқлашиш. Гуноҳлардан доим узоқлашиш лозим, хусусан бу кунларда батариқа авлодир. Чунки улуғ кунларнинг ҳурматини поймол қилиб у кунларда қилинган гуноҳларнинг жазоси бошқа кунларникидан кўра оғирроқ бўлади.

– Хайри-эҳсон қилиш ва садақалар бериш.
Ҳайит кунидан аввал ҳам хайри эҳсонни кўпайтирайлик. Камбағал-бечораларга совға саломлар улашайлик. Чунки бунда улар ҳам ҳайитга хурсандчилик билан чиқишади. Ҳайит куни йўқлаб боришни ҳамма билади, кутади. Аммо ҳайитдан олдин, Зулҳижжанинг аввалги тўққиз кунида қилинган хайри-эҳсонларимиз кутилмаган совға бўлади. Уламолар: Кутилган катта совғадан кўра кутилмаган кичик совға инсонни кўпроқ хурсанд қилади, деганлар.

* Кечаларни қоим қилиш. Агарчи камгина намоз ўқиса ҳам. Намоз, Қуръон тиловати ва бошқа амаллар билан кечани қоим қилишлик. Саид ибн Жубайр раҳматуллоҳи алайҳ: “Ўн куннинг кечаларида чироқларингизни ўчирманглар”, деганлар. Бу билан Зулҳижжанинг аввалги ўн кечасини қоим қилишга ишора килганлар. Чунки кечани қоим қилиш қалбни Аллоҳга боғлайди ва инсонни ҳаёт қийинчиликлари ва ташвишларига бардош бера оладиган қилиб қўяди.

– Хулқларни янада гўзаллаштириш.

– Арафа кунига алоҳида эътибор қаратиш. Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Арафа кунининг рўзаси олдинги сананинг ва ундан кейинги сананинг каффорати бўлишини Аллоҳдан умид қиламан,”, дедилар. Муслим ривояти. (Келаси йил учун ҳам каффорат дейилди. Бу дегани келаси йил гуноҳ қилишдан муҳофаза қилади, ёки шундай савоблар берадики, келаси йил каффорати учун ҳам етади, деганидир.)
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Арафа кунидан кўра Аллоҳ таоло бандаларини дўзахдан кўпроқ озод қиладиган бирор кун йўқ”, дедилар”. (Муслим ривояти)

– Қурбонлик қилиш.

– Имкон қилиб ушбу ўн кун ичида Қуръони каримни бир марта хатм қилиш.

– Қабристонни зиёрат қилиб ўлимни эсга олиш.

– Баъзи рўзадорларга ифторлик қилиб бериш.

– Фарзандларга шу кунларда кўпроқ зикр, тасбеҳ ва одобларни ўргатиш. Чунки ота-оналарлар фарзандлар ҳақида қиёмат куни сўроққа тутилади. Қиёмат кундаги сўроқ оғир, ҳисоб қийин, қўрқинч катта, жаҳаннам эса: “яна қўшимча борми?” деб турган бӯлади.
Хулоса қилиб айтсак, бу ўн кунларда Қуръон ўқиш, ўргатиш, ҳадислардан ўрганиш, ўргатиш, кўпроқ истиғфор айтиш, ота-онага яхшилик қилиш, қариндош уруғга силаи раҳм қилиш, саломни кенг ёйиш, таом улашиш, икки уришиб қолган кишилар орасини ислоҳ қилиш, амру-маъруф ва наҳй мункар қилиш, тилни ва кўзни сақлаш, қўшниларга яхшилик қилиш, меҳмонга ҳурмат кўрсатиш, мусулмонлар юрадиган йўлдан азият берадиган нарсаларни олиб ташлаш, мусулмонларга азият бермаслик, Аллоҳнинг йўлида хайру-эҳсонлар қилиш, аҳли-оиласини хурсанд қилиш, етимларнинг бошини силаб, кўнглини олиш, касалларни зиёрат қилиш, дўстларининг ҳожатини раво қилиш, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга кўпроқ саловат айтиш, қўл остидагиларга мулойим бўлиш, дўстларини ортидан дуо қилиш, муҳтожга ёрдам бериш, масжидга қатнаш, намоздан кейинги дуоларни ҳам бекаму кўст бажариш, мусулмонлар қалбига хурсандчилик киритиш, фарзандларга бу кунларнинг улуғ экани ҳақида таълим бериш, мусулмонлар билан яхшиликда ҳамкорлик қилиш ва ҳ.к.з. амаллар билан машғул бўлишимиз керак.

 

Қудратуллоҳ Сидиқметов

Read 3059 times

Мақолалар

Top