Мақолалар

Ўқитувчи маъно денгизининг жавҳаридир

Маълумки, мамлакатимиз олдида турган энг муҳим мақсад-вазифа: дунёдаги тараққий топган демократик давлатлар қаторига кириш, халқимиз учун эркин ва фаровон ҳаёт қуришдан иборат. Ана шундай шарафли вазифани уддалайдиган ишончли, кучли, ўз билими ва истеъдодига суянган, ҳеч кимдан кам бўлмаган, бугун жамият ҳаётига дадил кириб бораётган навқирон авлодни тарбиялаш зарур.

Бу борада ўта масъулиятли вазифани ўз зиммасига олган, бу йўлда ўзини аямасдан меҳнат қилаётган фидойи ўқитувчилар ва мураббийларнинг заҳмати ҳар қанча мақтовга лойиқ. Юртбошимиз айтганларидек, “Дунё иморатлари ичида энг улуғи мактаб бўлса, касбларнинг ичида энг шарафлиси ўқитувчилик ва мураббийликдир”. Албатта, илм маскани ва илм, маърифат нурини тарқатувчи устозларга буюк эҳтиром ва эъзозимизни изҳор этамиз.             Пайғамбаримиз Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир ҳадиси шарифларида ўзидаги билим ва ҳунарни бошқаларга ўргатувчи инсонлар ҳақида: "Албатта, Аллоҳ таоло, Унинг фаришталари, самовот аҳли, ҳаттоки, инидаги чумоли, денгиздаги балиққ ҳам яхшилик ўргатувчи кишига саловат айтиб турадилар", деб марҳамат қилганлар.

Ҳусайн Воиз Кошифийнинг “Футувватномаи султоний” китобида “Устоз нимаики айтса, шогирд уни жон дили билан эшитиши, чин кўнгил билан қабул қилиши ва олган билим ва малакасини амалда адо этиши керак”, дейилади.

Буюк саҳобалардан Ҳазрати Али устозлар ҳақида шундай деганлар: "Менга алиф ўргатган кишининг қулиман, хоҳласа, умрбод кишанбанд қилиб ишлатсин, истаса, озод қилсин".

Устозлар ҳақида гап кетганда ҳазрат Алишер Навоийнинг бу байтларидан ошириб бир сўз айтмоқ мушкулдир:

Ҳақ йўлида ким сенга бир ҳарф ўқутмиш ранж ила,
Айламак бўлмас адо онинг ҳақин юз ганж ила.

Азиз устозлар, мўътабар мураббийлар! Барчангизни қутлуғ айём – Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан чин қалбимиздан самимий муборакбод этамиз. Фарзанд ва шогирдларингиз бахти ва камолини кўриш доимо сизларга насиб қилсин. Машаққатли ва шарафли касбингизда улкан ютуқлар, хонадонингизга доимий хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик тилаб қоламиз.

Устоз ва мураббийлар ҳақида ҳикматли сўзлар:

Агарки дунё иморатлари ичида энг улуғи мактаб бўлса, касбларнинг ичида энг шарафлиси ўқитувчилик ва мураббийликдир.
Ислом Каримов

Ҳак йўлинда ким сенга бир ҳарф ўқитмиш ранж ила,
Айламак бўлмас адо, онинг ҳақин юз ганч ила.
Алишер Навоий

Устоз-муаллимсиз қолганда замон?
Нодонликдан қаро бўларди замон.
Абдураҳмон Жомий

Ҳаёт йўлида биринчи масала - мактаб масаласидир. 
Фитрат

 

Сиздан бошланади асли тафаккур,
Мунис муаллимлар, сизга ташаккур! 
Абдулла Орипов

Чинакам шогирд бор нарсалар негизида мавҳум нарсалар ривожини ўрганади ва шу йўл билан устозига яқинлашиб боради.
И.Гёте

Ўқитувчининг бутун фикри ўқувчиларида, ўзи сочган уруғларнинг ўсишидадир.
Д.Менделеев

 

Акбаршоҳ Расулов,

Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими мутахассиси

Read 12449 times

Мақолалар

Top