Мақолалар

“Black Friday” эмас, балки баракали жума!

Ҳар бир кун Аллоҳ таолоникидир. Кунлар орасида бир кун борки, у мусулмонлар учун “саййидул айём” – кунларнинг улуғи, дея таърифланади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қуёш чиққан куннинг энг яхшиси Жума кунидир. Унда Одам халқ қилинди. Унда у жаннатга киритилди. Унда у жаннатдан чиқарилди. Қиёмат куни ҳам фақатгина Жума куни қоим бўлур», дедилар (Бешовларидан фақат Имом Бухорий ривоят қилмаган).
Абу Довуд қуйидагиларни зиёда қилган: «Унда унинг тавбаси қабул қилинди. Унда у вафот қилди. Унда қиёмат қоим бўлур. Жума куни ҳамма жониворлар тонг отгандан то қуёш чиққунча (қиёмат) соатини қўрқинч ила кутиб турурлар. Фақат жин ва инс бундан мустасно», дейилган.

Бу шундай улуғ кунки, у кунда дуолар ижобат бўлади, салавотлар Пайғамбаримиз алайҳиссаломга йўлланади, масжид сари ташланган ҳар бир қадам нафл ибодат қилганга тенглаштирилади, гуноҳлар мағфират этилади, масжидга биринчи борган киши туя қурбонлик қилган ажрига ноил бўлади.

Бироқ, азиз бўлган жума кунига ғарб маданияти таъсирида айрим ишбилармонлар “Black Friday” (қора жума) номи остида савдо чегирмалари бермоқда. Бу кунда мана шундай дўконларда кўп маҳсулот сотиш учун чегирмалар берилади. Дўконлар ярим тунгача ишлайди, айримлари тонгга қадар. Чегирма бериш яхши, аммо бу ишни “Black Friday” (қора жума) номи остида қилишдан мақсад-муддао нима?
Юртимизда ҳам айрим дўкон эгалари “Black Friday” шиори остида савдолар уюштираётганини эшитмоқдамиз. Бир неча минг йиллик тарихга эга бўлган, бир неча юз йиллик диний қадриятлар соҳиби бўлган халқнинг бошқаларнинг қандайдир мақсадлари яширинган одатларни ўзлаштиришга не ҳожат? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ўзини бир қавмга ўхшатса, бас, у ўша қавмдандир”, деган хитобларини зинҳор эсдан чиқармайлик (Имом Абу Довуд).
Демак, бундай ғализ шиорнинг ўрнига “Баракотли жума” шаклида мўмин-мусулмонларга имтиёзли савдолар ташкил этилса, қандай ҳам яхши! Шунда жума кунини ҳурмат қилган тижоратчиларга Аллоҳ таоло барака ато этади, иншо Аллоҳ.

Саидаброр УМАРОВ

Read 3007 times

Мақолалар

Top