Мақолалар

Имкониятни қўлдан бой бермайлик!

Азизлар! Шу кунларда дунё мусулмонлари қаторида бизнинг юртимиздан борган ҳожиларимиз Исломнинг улуғ фарзларидан бўлмиш Ҳаж ибодатини адо этмоқдалар. Бугун ҳожиларимиз Ҳажнинг асосий рукни, фарзи ҳисобланган Арафот водийсида туриб, ибодат, зикр, дуо билан машғулдирлар. Ҳажга бориш насиб этмаган кишиларнинг қалбларини эса «Мен ҳам ҳажга борганимда, Арафотда туриб дуо қилардим» деган орзу тўлдириб тургандир. Ана шундай азизларимизга айтамизки:

Эҳромга кириш насиб қилмаган бўлса, гуноҳларнинг ҳаммасидан тийилайлик!

(Эҳромга кирган одам сўкиниш, ҳақорат қилиш, ўз танасига ва бошқаларга озор бериш, ўсимлик юлиш, шох синдириш, бирор жонзотни овлаш, ўлдириш каби ишлардан йироқ туриши керак. Эҳромдагилар гуноҳлардан ва юқоридаги ишлардан тийиладилар. Биз эҳромда бўлмасак-да, гуноҳларнинг ҳаммасидан тийилиб юрайлик!)

Арафотда дуо қилиш насиб қилмаган бўлса, уйда, масжидда дуо қилиш имконимиз бор! Зеро, бугун қаерда туриб дуо қилинса ҳам, иншаа Аллоҳ, ижобат бўлади.

Минода тунаш насиб қилмаган бўлса, уйда тунни ибодат ила бедор ўтказиш имконимиз бор!

Муздалифага юриб бориш ва Минога юриб келиш насиб қилмаган бўлса, масжидга юриб бориш ва масжиддан юриб келиш имконимиз бор!

Шайтонга тош отиш насиб этмаган бўлса, Аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожийм деб, Аллоҳ таолодан шайтоннинг ёмонлигидан паноҳ сўраш имконимиз бор!

Аллоҳ таоло бизга ҳам ихлос билан Байтини ҳаж қилишни насиб этсин!

Нозимжон Ҳошимжон

Read 2295 times

Мақолалар

Top