Мақолалар

Ғулув - зарардир!

Ислом дини тавҳид дини ўлароқ, унда якка-ю ёлғиз Аллоҳ таолога ибодат қилишга буюрилган бўлиб, мусулмонларни ҳам бирдамликка чақирилгандир. Динда ғулувга кетиш, ҳаддан ошишдан қайтарилишнинг сабаби, ғулув ва ҳаддан ошиш ихтилофга, гуруҳбозликка олиб келади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган: “Улар (мушриклар) динларини бўлиб юбориб, (турли) фирқаларга ажралгандирлар. Ҳар бир фирқа (одамлари) ўз наздиларидаги нарса (ақида) билан шоддирлар” (Рум, 32).

Динда ғулувга кетишнинг бундан ташқари яна бир қанча ёмон оқибатлари бор. Энг аввало, бу ақиданинг бузилишига олиб боради. Тарихда пайдо бўлган равофиз, хавориж ва бошқа тоифаларнинг юзага келиши асосан динда ғулувга кетишнинг оқибатидир. Рофизийлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин халифаликка лойиқ зот сифатида Али розияллоҳу анҳу ва унинг авлодларидан бошқа кеч кимни тан олмадилар. Ҳатто, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ва Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуларни халифаликни Али розияллоҳу анҳудан зўрлик билан тортиб олганликда айбладилар. Равофиз сўзи инкор қилувчилар, рад этувчилар деган маънони англатиб, уларнинг баъзи тоифаси Али розияллоҳу анҳуни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳам юқори қўяди. Улар мана шу даражада ғулувга кетиб Аҳли сунна вал жамоадан чиқдилар.

Хаворижлар эса, аксинча, ҳазрати Али розияллоҳу анҳуни кофирга чиқардилар. Натижада, унга қарши қурол кўтариб, қонини тўкишни ҳалол дедилар. Шундай қилиб, равофиз ва хавориж тоифалари айнан Ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг шахси борасида ғулувга кетишлари оқибатида пайдо бўлди. Бу ҳақда Ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг ўзлари шундай деган эдилар: “Менинг борамда икки хил тоифа ҳалокатга учради: бири ҳаддан ташқари муҳаббат қўйиб, иккинчиси ҳаддан ташқари буғзу адоват қилиб”.

 

Кейинчалик, Мўътазилалар Аллоҳнинг зотида ғулувга кетиб, унинг сифатларини инкор қилдилар. Шунингдек, хавориж ва мўътазилалар амру маъруф ва наҳий мункарда ҳаддан ошиб, мусулмонларнинг имомига қарши чиқишга йўл очдилар. Яъни, уларнинг назарида давлат раҳбарига қарши чиқиш амру маъруф ва наҳий мункар қилиш демакдир. Ҳолбуки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам биз умматларини раҳбарларга қарши чиқишдан қайтарганлар.

Ислом дини азалдан фитна-фасодга қарши курашиб келади. Ислом дини ошкора ва ботиний фитналардан қайтариб, ундан паноҳ тилашга буюрган диндир. Аллоҳ таоло мусулмонларни тафриқага бўлинишдан қайтариб, адолат ва тўғрилик йўлида бирлашишга чақиради.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган: “Ҳаммангиз Аллоҳнинг “арқони”ни (Қуръонини) маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг” (Оли Имрон, 103).

Демак, ўзаро келишмовчиликда, низода ва ихтилофда бўлиш, турли оқим ва фирқаларга бўлиниш шу халқнинг сустлашиши ва қувватининг кетиб қолишига сабаб бўлади. Биз аксинча бўлишимиз, яъни бирлашишимиз, бир ёқадан бош чиқаришимиз ва бу мустақил юртимизни турли ёт ғоя ва кучлардан кўз қорачиғимиздек асрашимиз лозим бўлади.

Ҳаким зотлардан бири айтган экан: “Бандалар Аллоҳ таоло буюрган ишларни адо қилишларида шайтоннинг икки ҳамласига учрашлари бордир: Бири — банданинг шу амалда нуқсонга йўл қўйиши бўлса, иккинчиси — банданинг шу амалда ҳаддан ошириб юборишидир. Шайтон буларнинг қайси бирида ғолиб бўлишига парво қилмайди. Яъни, қайси бирида бўлса-да, ғолиб бўлиши унинг учун кифоядир”.  

Баъзи инсонлар қаерга борса динда йўқ ёки мустаҳаб бўлган амални одамларга фарз ёки вожиб даражасига чиқартириб уни қилишга тарғиб қилади. Масалан имом намозни тугатганидан кейин хоҳлаган томони билан халққа юзланиши мумкин. Ғулувга кетганлар эса фақат ўнг томонинг билан бурилишинг шарт деб туриб олишади. Аллоҳ таоло мусофирга намозни икки ракъат қилиб ўқишга рухсат берса, ўзини тақводор қилиб тўлиқ ўқишга ҳаракат қилади. Ҳолбуки Аллоҳ таоло бандаларига фарз қилган амалларни қилганларни яхши кўрганидек, берган рухсатларга амал қилганларни ҳам яхши кўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусофирга қисқартириб ўқишни Аллоҳнинг садақаси деганлар. Ундай тақвони даъво қилувчилар эса худди Аллоҳ таолога “садақанг керак эмас” дегандек муомала қиладилар.

Баъзи васвасага тушиб қолган кишилар ўзларича шубҳалардан тақво қиламиз деб васвасага дучор бўладилар. Аллоҳ таоло “Аниқ нарса шак билан йўққа чиқмайди” деган бир қоидани айтиб қўйган. Масалан, таҳорати бор одам “таҳоратим йўқмикин” деб иккиланиши билан таҳорат кетмайди. Бундай кишиларга шайтон бошлиқ бўлиб олиб, уларни хоҳлаган куйига солади.

Мағрурланиш, ғулувга кетиш динда ҳаддан ошган кишиларни олимликни даъво қиладиган, уламоларга қарши борадиган, ҳеч бир тажриба ёки малакасиз бўлгани ҳолда улкан ишларга аралашадиган, фақиҳлар ва раъй эгалари бўлган шахсларга мурожаат қилмайдиган қилиб қўяди. Бу нарса уларни ҳақ йўлдан оғишишга ва йироқлашишга олиб боради. Асосийси мусулмонлар жамоасини лозим тутиш, сўз ёки амал билан улардан ажралиб олмасликдир.

 

Бобур РАХМОНОВ,

Қарши шаҳар “Кўк гумбаз” жоме масжиди имом-ноиби

Read 2994 times

Мақолалар

Top