Мақолалар

Сеҳргар, фолбин ва уларга борувчиларнинг оқибати

Сеҳргарлар, фолбинлар Аллоҳ ва Расулининг душманидир. Ислом динида фолбинлар қаттиқ қораланган.

«Сеҳр» – кўзбўямачилик, бир нарсани ҳақиқатидан бошқа тарафга буриш, ботил нарсани ҳақиқат қилиб кўрсатиш».

Сеҳргар – бу жинлардан бўлган шайтонларга, уларга ёқадиган куфр ва жирканч амалларни қилиш орқали мурожаат қилувчи кимсадир. Бундан мурод сеҳргарга сеҳрда уларнинг ёрдам беришидир.

Ислом уламолари сеҳргар шак-шубҳасиз, кофир бўлади, деган ҳукмни ўқишган. Бунга ҳужжат сифатида қуйидаги оят келтирилади: «Балки одамларга сеҳр ўргатадиган шайтонлар кофир эдилар» (Бақара сураси, 102-оят).

Ғайбни билиш даъвосидаги қораланган илм «фолбинлик» деб аталади. Фолбинликнинг «коҳинлик», «илмул-рамл», «мунажжимлик», «аррофлик» каби бошқа номлари ҳам бор.

Фолбин, коҳиннинг ғайбдан берган хабарини тасдиқлаш ояти карима ва ҳадиси шарифга асосан куфрдир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи  васаллам дедилар: “Ким тугун тугиб, унга дам урса, сеҳр қилган бўлади. Ким сеҳр қилса, ширк келтирган бўлади”, деб айтганлар (Имом Насоий ривоят қилган).

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу: «Фолбин — сеҳргар, сеҳргар эса кофирдир» деган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким фолбинга бориб, унинг айтганига ишонса, Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламга нозил қилинган нарсага куфр келтирган бўлади”, деганлар.

Имом Ибн Ҳиббон Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Ароқ ичувчи, сеҳрга ишонувчи ва қариндошлик алоқасини узувчилар жаннатга кирмайди”, деганлар.

Имом Табароний Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Ким фолбинга бориб, унинг гапига ишонса, Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламга нозил бўлган нарсадан ажрабди. Ким унинг ҳузурига келсаю гапига ишонмаса, қирқ кунгача намози қабул бўлмайди”, деганлар.

Имом Табароний Восила ибн Асқаъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расули Акрам саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Ким фолбиннинг ҳузурига келиб, ундан бирор нарсани сўраса, қирқ кечагача тавбаси тўсилади. Агар фолбиннинг гапига ишонса, кофир бўлади”, деганлар.

Оиша розияллоҳу анҳо айтдилар: «Одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан фолбинлар ҳақида сўрашди. У зот розияллоҳу анҳо: «Улар ҳақ эмаслар», дедилар. Улар: «Ё Расулуллоҳ, улар гоҳида шундай гапларни айтадиларки, у ҳақ бўлиб чиқади», дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу ҳақ калимани жин ўғирлаб (ўғринча билиб) олади-да уни дўсти (фолбин)нинг қулоғига қуяди. Фолбинлар эса унга юзта ёлғонни аралаштириб юборадилар», дедилар» (Муттафақун алайҳ).

         Сеҳрланган одам Динимиз кўрсатмасига мувофиқ, яхшилаб таҳорат олиб, икки ракат нафл намоз ўқиб, кейин Қуръони Каримнинг Фотиҳа сурасини, Бақара сурасининг аввалги беш оятини, Оятул Курсийни, “Аманар росулу”ни, Ёсин сурасини, Ҳашр сурасининг охирги оятларини, Каафирун, Ихлос, Фалақ ва Наас сураларини ўқиб, ўзларига дам солишлари, дам солиш асносида олдиларига идишда сув қўйиб олиб, дам солиб бўлгач, ўша сувни ичишлари тавсия қилинади. Мўмин киши дам солиб, дуо қилар экан, “Мен Аллоҳнинг оятларини ўқияпман. Менга шифо берувчи Унинг Ўзидир. Ундан бошқа шифо берувчи йўқ. Унинг шифоси ҳеч бир касалликни қолдирмайди” деган эътиқодда бўлиши керак.

 

ЎМИ матбуот хизмати

 

Read 5878 times

Мақолалар

Top