Мақолалар

"Ўзстандарт" берган "Ҳалол" сертификат 38 мамлакатда амал қилади

Юртимизда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари хориж бозорларига етказиб берилмоқда. Буларнинг барчаси қўшимча сифат сертификатларини олиш заруратини юзага келтирмоқда.

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини олиб кириш рухсат берилган мамлакатлар географиясини кенгайтириш мақсадида “Ўзстандарт” агентлиги ҳузуридаги Стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш илмий-тадқиқот институти “ҳалол” стандарти талабларига мос янги сертификатни ишлаб чиқди.

Институтнинг сертификатлаш бўлими бошлиғи С.Саидовнинг айтишича, янги сертификат “ҳалол” стандартларига амал қилинадиган мусулмон давлатлари билан савдо-сотиқ алоқаларини ривожлантиришга хизмат қилади. Бундан ташқари, мазкур стандартларни жорий этиш Ўзбекистонга саёҳат қилаётган зиёратчиларга профессионал хизматлар кўрсатиш имконини беради. Шу боис “Ўзстандарт” агентлиги томонидан Стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш илмий-тадқиқот институти ҳузурида қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари, меҳмонхона хизматларини сертификатлаш билан шуғулланадиган янги орган ташкил этилди.

“Ўзстандарт” агентлиги “ҳалол” сертификатини олиш учун аризаларни қабул қилишни бошлади. Ариза топшириш учун Стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш илмий-тадқиқот институтига мурожаат қилиб, барча зарур ҳужжатларни тақдим этиш жоиз. Ушбу ҳужжатлар асосида сертификатлаш ҳақида қарор қабул қилинади. Кейинчалик корхонага бир гуруҳ аудиторлар юборилади. Улар ишлаб чиқаришнинг стандарт талабларига мувофиқлиги бўйича текширув ўтказади. Аудиторлар ҳисоботи сертификат олишда ҳал қилувчи роль ўйнайди.

Ушбу сертификатни олиш истагидаги тадбиркорлар фақат ҳалол маҳсулот ишлаб чиқариши ёки уни ишлаб чиқариш линиясидан тўлиқ ажратиши керак.

“Ҳалол” стандарти талабига мос сертификат бир йил муддатга берилади ва бу вақт давомида корхонада мунтазам равишда текширувлар амалга ошириб турилади.

Таъкидлаш жоизки, 2018 йилнинг ноябрь ойида “Ўзстандарт” агентлиги Ислом мамлакатлари стандартлари ва метрология институтига аъзо бўлган. Шу боис янги стандарт ушбу институтга аъзо бўлган 38 мамлакатнинг барчасида амал қилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2968 times

Мақолалар

Top