Мақолалар

Ҳидоятни залолатга алмашманг!

 

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга ва у зотнинг аҳлию асҳобларига салавоту саломлар бўлсин.

Бугунги кунда ижтимоий ва диний ҳаётимизга хавф солаётган муаммолардан бири - миссионерликдир. Аслида унинг моҳияти нима? Юртимизга қачондан бошлаб кириб кела бошлади?

Юртимизга миссионерлик ҳаракати аъзолари Собиқ Иттифок заифлашиб, тарқалиш олдида турган вақтдан кириб кела бошлаган ва мамлакатдаги беқарорликдан фойдаланиб, қонуний рўйхатдан ўтиб олган. Миссионерлик ҳам террор ва экстремизм каби маълум бир динга тааллуқли эмас. Лекин бизда асосан христиан динининг миссионерлик ҳаракатлари кўзга ташланмоқда. Улар кимлар томонидандир маблағ билан таъминланади, шу сабабли, янги аъзоларига маълум миқдор мукофот пули бериш, дискотекалар ташкил қилиш, чет тилларини бепул таълим бериш, бепул китоблар тарқатиш каби ҳаракатлари кўрилади.

Миссионерлар бугунги кунда жуда жиддий ҳаракат қилмоқда. Чунки Қуръони каримнинг маънолари ўзбек тилида биринчи марта 1992 йилда чоп этилгани ҳолда, миссионерлар аллақачон ''Инжил»ни собиқ Совет Иттифоқидаги кўпгина миллатлар тилига таржима килиб бўлишган. Уларнинг мақсадлари:

-кундан-кун нуфузи ошаётган Ислом динига путур етказиш;

-маълум бир халқларни маънавий жиҳатдан ўзларига қарам қилиш;

-мамлакат ичида фуқаролар урушини келтириб чиқариш;

-дин баҳонасида мулкка эгалик қилиш.

Миссионерлик фаолияти Ўзбекистон Республикасининг «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонуни билан таъқиқланади. Ушбу қонуннинг 5-моддасида: «...Бир диний конфессиядаги диндорларни бошқасига киритишга қаратилган ҳатти ҳаракатлар (прозелитизм), шунингдек бошқа ҳар қандай миссионерлик ҳаракати ман этилади...», дейилади.

Насронийларнинг ўзлари ҳам тан олмайдиган баъзи миссионер секталар гўёки, инсонларни насроний динига даъват қилмоқдалар. Инсониятни гўдаклик босқичидан етуклик даврига етгунича Аллоҳ таоло уларга босқичма-босқич оддийликдан мукаммалликка қараб турли илоҳий дастурлар жўнатиб турди. Ҳар бир пайғамбар орқали келтирилган шариат олдинги пайғамбар келтирган динни тасдиқлаб, тўлдириб, мукаммаллаштириб келарди. Хусусан, бу ҳақда Қуръони каримда: «(Мен) ўзимдан олдинги (нозил этилган) Тавротни тасдиқлаш ва сизлар учун ҳаром қилинган айрим нарсаларнн ҳалол килиб бериш учун келдим...», дейилади (Оли Имрон, 50).

Ушбу оятлардан Исо (алайҳиссалом) ҳам бошқа пайғамбарлар қатори ўзидан олдинги пайғамбар (Мусо алайҳиссалом)нинг шариатини тасдиқлаганлиги, Аллоҳ таоло Ўз шариатини Мусо (алайҳиссалом) давридагидан кўра Исо (алайҳиссалом) даврида янада мукаммал қилгани тушунилади.

Яна, «Эсланг, Исо ибн Марям: «Эй, Исроил авлоди! Мен Аллоҳнинг сизларга (юборган) пайғамбаридирман. (Мен) ўзимдан олдинги Тавротни тасдиқловчи ва ўзимдан кейин келадиған Аҳмад исмли пайғамбар ҳақида хушхабар берувчиман», (Саф, 61) деган эди.

Ушбу оятларда ҳам Исо (алайҳиссалом) Тавротни тасдиқлаб, ўзидан кейин келадиган пайғамбар Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳақида башорат берганлиги маълум бўлади. Аллоҳ таоло пайғамбарлар силсиласини Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан охирига етказди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Менинг ва бошқа пайғамбарларнинг сифати шундайки, бир киши бир ҳовли (қаср) қуради. Уни жуда чиройли ва мустаҳкам қилиб охирига етказади. Фақатгина бир ғишт ўрни қолади халос. Шунда бу ҳовли (қаср)га кирган қишилар қараб: «Бу ҳовли қандай чиройли барпо қилинибди-я! Фақат бир ғиштгина қўйилмай қолибди», дейдилар. Бас, мен ўша охирги ғиштман. Мен билан пайғамбарлик биноси мукаммал бўлиб битди» (Имом Бухорий ривояти). Аллоҳ таоло Қуръони каримда энди, то киёматгача пайғамбар ҳам, илоҳий китоб ҳам келмаслигини хабар берди.

«Муҳаммад сизларнинг эркакларингиздан барортасининг огаси эмасдир, балки у Аллоҳнинг элчиси ва пайғамбарларнинг муҳри (охиргиси)лир. Аллоҳ барча нарсани билувчи зотдир». (Аҳзоб, 40).

Демак, биз Инжил Аллоҳ таоло томонидан Исо (алайҳиссалом)га нозил қилинганига ишонганимиз ҳолда, унииг асл нусхаси йўқлигини аниқ биламиз. Аллоҳ таоло «Албатта, Аллоҳнинг ҳузуридаги (ҳақ) дин Исломдир», (Оли Имрон 19) деб марҳамат қилади. Бошқа оятда: «Ким Исломдан бошқа динни истаса, ундан (ўша дин ёки ибодати) ҳаргиз қабул қилинмайди», (Оли Имрон, 85) деб огоҳлантиради.

Ушбу далиллардан маълум бўладики, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни охирги пайғамбар деб, эътиқод қилиш барча пайғамбарларга ишонмоқ ва илоҳий китобларни тўғри деб, тан олмоқликдир.

Ривоят қилинишича, Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) бир куни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг олдида Таврот бўлагини ўқий бошлаганда, у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ғазабланиб: «Агар Мусо тирик бўлиб, менинг пайғамбарлигимгача етиб келса эди, албатта менга эргашарди», дедилар (Имом Доримий ривояти).

Аллоҳ таолонинг чексиз раҳматидан умид қилиб, юқоридаги ачинарли ҳатога йўл қўйган кишилар тезлик билан ўзларини ўнглаб, бу муртадликдан тавба қилиши лозим, шоядки Аллоҳ таоло чексиз раҳмати билан авф этса...

Яна, уларни бошини айлантириб, дўзах тубига тортаётган ўша миссионерларга пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг қуйидаги ҳадиси шарифини эслатсинлар: «Уч киши учун икки баробар ажр бордир. (Шулардан биринчиси) аҳли китоб (насронийлар, яҳудийлар)дан ўз пайғамбарига имон келтирган ва (сўнгра) менга иймон келтирган кишидир...» (Муттафақун алайҳ).

 

Ҳусниддин АБДУКАРИМОВ

Чилонзор тумани бош имом-хатиби

“Бўрижар” жоме масжиди имом-хатиби

 

Read 4810 times

Мақолалар

Top