Мақолалар

ЁЛҒОН – БИР МЎМИНГА ҚИЛИНГАН ХИЁНАТДИР

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ростгўйликни маҳкам тутинглар. Зеро, ростгўйлик эзгуликка йўллайди, эзгулик эса жаннатга бошлайди. Киши рост гапириш ва ростгўйликка интилишда давом этаверади, натижада Аллоҳ ҳузурида ростгўй деб ёзилади. Ёлғончиликдан сақланинглар. Зеро, ёлғончилик фожирликка (гуноҳкорликка), фожирлик эса дўзахга бошлайди. Банда ёлғон гапириш ва ёлғончиликка интилишда давом этаверади, ниҳоят Аллоҳ ҳузурида ёлғончи деб ёзилади», дедилар» (Бухорий, Муслим, Термизий ривояти).
Навос ибн Самъон розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Биродаринг сени тасдиқлаб, сенга ишониб турганида, унга ёлғон гап айтишинг катта хиёнатдир», дедилар» (Аҳмад ривояти).
Яна бир муборак ҳадисларнинг бирида айтилишича, мусулмоннинг мусулмонга қилган хиёнати ёлғон гапириш билан содир этилар экан. Бунда бир мўмин бошқа бир мўминга – биродарига у унга ишониб турганида уни алдайди, сўзласа ёлғон сўзлайди. Бундан унинг қалби оғринади, ихлоси сўнади баъзан биродарлик алоқалари узилиши ёҳуд биродарига нисбатан ишонч қайтмаслиги мумкин. Мана шуни назарда тутиб ҳам ёлғон – хиёнатга тенгдир, деб зикр қилинган бўлса ажаб эмас. 
Ёлғон гапириш, ёлғон кўрсатма – гувоҳлик бериш тилдан етиши мумкин бўлган бандаларга энг оғир зарар берувчи амал ҳисобланади. Ёлғон – гуноҳи кабирадир. Роббисига кабира гуноҳлар билан йўлиқмаган бандани Аллоҳ азза ва жалла марҳамат қилса, Ўзи истаган қулидангина уни кўтариши мумкин-у, аммо кабира гуноҳларни давомий қилиб юрган бандаси ҳақида ваъда бермаган. 
Ғийбат сўз ҳам, тўхмат сўз ҳам аввало ёлғон гапириш орқалигина содир бўлади. Ғийбатни қанчалар оғир гуноҳлиги ҳақида унинг даражаси зино қилгандан ҳам юқорироқ эканлигига аҳамият берадиган бўлсак, ғийбат сўзлар кўп ҳолларда айнан мана шу ёлғон гувоҳлик беришлар орқалигина юзага келишини кўришимиз мумкин. Биз тилимизни ёлғондан тийсак, жазоси сўнгсиз азоб бўладиган ғийбатнинг ҳам, тўхматнинг ҳам, чақимчиликнинг ҳам олдини олган бўламиз. Бунда ҳам бир инсоннинг қалбига озор етмайди, ҳам арзимаган бир гап деб жамоат орасида обрўйимиз тўкилмайди. Аллоҳ наздида ҳам даражамиз кўтарилади, ҳам ёлғон гапиришимиз мумкин бўлган бир вақтда ростини айтиб, савоб ва ажрларга эга бўламиз иншааллоҳ! 
Аллоҳ таоло айтади:
«Шак-шубҳа йўқки, Аллоҳ ёлғончи ва кофир кимсаларни ҳидоят қилмас» (Зумар сураси, 3).
«Албатта, Аллоҳ исрофчи ва каззоб бўлган шахсни ҳидоят қилмас» (Ғофир сураси, 28).

Яъни, Аллоҳ ёлғончи ва кофир кимсани ҳақ динга йўллаб қўймайди. У ҳаддан ошиб залолатга ботган ва У зот шаънига ёлғон тўқийдиган кимсани ҳидояти - иймонга, муваффақ қилмайди.
Иймон тушунчаси фақатгина мусулмонларга эмас, ҳар бир бандасига бериладиган улуғ неъмат ҳисобланади. Банда дунёга келиб, ўзи умри давомида топгани энг буюк ризқ бу – иймондир. Ўз – ўзидан юқоридаги оятлардан англашиладики, бир банда ростгўй бўлса, унга мусулмон бўлиш шарафи насиб этиши билан биргаликда, иймон ҳам қалбга ўрнашар, ростгўйлиги сабабидан Аллоҳнинг назарига тушар экан. Тасаввур қилинг, шунинг акс ҳолати бўлса, аслида у мусулмон бўлсада нимадир “сабаб” бўлиб ёлғонни касб этиб олиб, тавбани кечиктириб, бунда бардавом бўлгудек бўлса ўзи учун берилган иймон неъмати ва унинг нуридан мосуво бўлиши ҳам мумкин экан.
Ўзининг ҳақ каломида келтирилган қуйидаги оятга диққат қилайлик: 
«Ёлғон сўзларни ҳам фақат Аллоҳнинг оятларига иймон келтирмайдиган кимсаларгина тўқирлар. Ана ўшалар ёлғончидирлар» (Наҳл сураси, 105).
Яъни, Аллоҳга ва оятларига иймон келтирмаган кимсагина У зот шаънига ёлғон тўқийди. Чунки у азобга дучор бўлишидан қўрқмайди. У ҳақиқий ёлғончидир. Ёлғон гапириш улкан жиноят бўлгани боис, мўмин унга яқинлашмайди. 
“Яхши билан юрсанг етарсан муродга, Ёмон билан юрсанг қоларсан уятга” деган ҳикматли сўз бор халқимизда. Буюк Аршнинг соҳиби бўлган Аллоҳ азза ва жалла ёлғон гапиришнинг оғир гуноҳлигини ва унга мўмин бўлганлар яқинлашмаслигини уқтиради. Шундай экан, банда дўст танлашда ҳам эҳтиёткор бўлмоғи лозим экан. Мўмин киши нафақат ёлғондан узоқ туриши, балки ёлғончи кимсаларга ҳам яқин бўлмаслиги керак экан. Албатта, мусулмонга ҳамма амални ҳам, ҳамма нарсанинг ҳам энг аълоси, яхшиси ярашади. 
Меҳрли ва раҳмли бўлган Аллоҳ таоло барчамизни гуноҳ амалларни қилишдан, уларга яқин бўлиб Унинг розилигини тополмай қолишимиздан паноҳ берсин,, Ўзи рози бўладиган ишларга йўллаб, қалбларимизни гўзал, хайрли ишларга илҳомлантириб қўйсин. Амин Я Роббил Аъламин. 

(Давоми бор...)

Вилоят бош имом хатиби: Т.Рўзиев

Read 4067 times
Tagged under

Мақолалар

Top