Мақолалар

ПАШША ҲАҚИДА НИМАЛАРНИ БИЛАМИЗ?

Пашша икки қанотли ҳашаротдир. Дунёда турли рангдаги ва узунликдаги пашшалар мавжуд. Аниқроғи, ер юзида 100 мингдан ортиқ турдаги пашшалар бор. Уларнинг ичида энг машҳури уй пашшасидир.

Пашшалар тухум қўйиш орқали кўпаяди. Урғочи пашша чиқиндилар, чириндилар, ҳайвонларнинг тезаклари орасига юзлаб тухумлар қўяди. Бир кун давомида мазкур тухумлардан юзлаб личинкалар чиқади. Личинка то пашшага айлангунича икки ҳафта давомида ахлат билан озиқланади.

Пашшаларнинг бешта кўзи бўлиб, шундан иккитаси бошқа баъзи ҳашаротларникидек мураккаб тузилишга эга. Мураккаб кўзлар бошнинг икки тарафидажойлашган бўлиб, бошнинг катта қисмини эгаллайди. Учта кўз эса пешона қисмида жойлашган бўлиб, содда тузилишга эга. Мазкур учта кўз пашша учун компас вазифасини бажаради. Пашшанинг кўзлари минглаб олти бурчакли линзалардан ташкил топган. Аниқроқ қилиб айтсак, ҳар бир кўз тўрт мингта линзадан иборатдир. Ҳар бир линза ёнидаги линзадан алоҳида ва бошқа тарафга қараб жойлашган. Шу боис улар атрофидаги нарсаларни кўриб, кичик бир ҳаркатни ҳам тезда илғай олади. Пашша бу кўзлари ёрдамида катта тезликда парвоз қила туриб, йўлини ўзгартира олади, уни овламоқчи ёки урмоқчи бўлганлардан усталик билан қоча олади.

Ёруғлик миқдори қанчалик катта бўлса, пашша яхшироқ кўра олади.

Пашшаларнинг ҳаёти икки ҳафтадан ошмайди, аммо улар шу муддат ичида юзлаб тухумлар қўяди.

Пашшанинг танаси асосан уч қисмдан: бош, кўкрак ва қориндан иборат.

Пашша танасининг деворлари уч қаватлидир.

Пашшанинг танаси майин тук билан қопланган.

Пашшанинг бош қисмида, икки кўзи ўртасида жойлашган шохлари унга озуқа топиш ва хатардан огоҳ бўлишга имкон беради.

Пашшанинг хартуми ҳам бўлиб, бу аъзо озуқани сўриб олиш учун хизмат қилади.

Пашша оёқ ва қанотларини ҳаракатга келтириш учун кўкраги ичидаги мускулларидан фойдаланади.

Пашшанинг оёқлари олтита бўлиб, юриш учун ишлайди. Оёқлар учи тирноқ (ёпишиб олиш хусусиятига эга бўлган ёпишқоқ капилляр) билан тугайди. Бу тирноқлар силлиқ юзаларга, шифтга ва деворларга ёпишиб туришга кўмак беради.

Пашшанинг қанотлари нозик бўлиб, унда ҳам қон томирлари мавжуд. Бу томирлар қанотга қон келишини таъминлайди. Натижада қанотлар серҳаракат ва бақувват бўлади. Айтгандек, пашша бошқа кўплаб ҳашаротлардан фарқли ўлароқ бир жуфт қанотга эга. Бошқа ҳашаротларда эса тўртта қанот бўлади.

Пашшалар барча тарафга қараб уча олади: ён тарафларга, ортга-олдинга, юқорига-пастга.

Пашша танасининг ён томонидаги тешикчалар орқали нафас олади.

“Нафас олиш бўшлиқлари” деб номланувчи мазкур тешикчаларнинг саккиз жуфти қорин қисмида, икки жуфти кўкрак қисмида жойлашган. Ҳаво ушбу бўшлиқлар орқали оқиб киради, кейин тананинг барча қисмларига етказадиган найчаларга ўтказилади.

Пашша соатига 8 километр тезликда уча олади.

Пашшанинг юраги бир дақиқада тахминан 1000 мартагача уради.

Пашшалар шимолий ва жанубий қутбдан бошқа ҳамма жойда яшайди.

Пашша безгак, энцефалит (мия шамоллаши) каби бир неча касаллик вирусларини тарқатади.

Пашшалардан баъзи касалликларни даволашда, шунингдек, яралар ва куйишларни муолажа қилишда фойдаланилади. Айрим тадқиқотларда аниқланишича, пашшанинг танасида жуда кўп антибиотиклар мавжуд экан.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачонки бирортангизнинг идишига пашша тушиб қолса, унинг ҳаммасини суюқликка ботирсин, сўнгра ташлаб юборсин. Чунки унинг икки қанотининг бирида шифо, бошқасида дард бор», дедилар». Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилганлар. Абу Довуд: «Ва албатта, у (пашша) дард бор қаноти ила ҳимояланади»ни зиёда қилган.

Ушбу ҳадисда пашшанинг бир қанотида касаллик, бошқасида шифо бўлиши айтиляпти. Пастдаги ривоятда эса пашшалар касаллиги бор қаноти билан ҳимояланиши ҳам эслатилмоқда. Демак, пашша овқатимизга тушаётганда, касаллик бор қанотини овқат тарафга тушириб, шифоси бор қаноти юқорида қолар экан. Шу боис таомимизга пашша тушиб кетса, ташқарида турган қанотини ҳам овқатимизга ботириб оламиз. Шунда дардли қанот тарқатадиган касалликни шифоли қанотдаги моддалар йўқ қилади.

Хўш, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундан ўн тўрт аср олдин пашшанинг қанотларида дард ва шифо бўлишини қаердан билиб айтдилар экан? Албатта, бу илмий ҳақиқатни у кишига Аллоҳ таолонинг Ўзи билдиргандир!

Аллоҳ таоло кичик бир жонзот бўлмиш пашшани ана шундай имкониятлар билан яратган.

Сўзимизни мана бу оят билан якунлаймиз:

يَا أَيُّهَا النَّاسُ ضُرِبَ مَثَلٌ فَاسْتَمِعُوا لَهُ إِنَّ الَّذِينَ تَدْعُونَ مِن دُونِ اللَّهِ لَن يَخْلُقُوا ذُبَاباً وَلَوِ اجْتَمَعُوا لَهُ وَإِن يَسْلُبْهُمُ الذُّبَابُ شَيْئاً لَّا يَسْتَنقِذُوهُ مِنْهُ ضَعُفَ الطَّالِبُ وَالْمَطْلُوبُ

“Эй одамлар! Бир масал айтилмиш, бас, унга қулоқ солинг! Албатта, сизлар Аллоҳни қўйиб, топинаётган нарсаларингиз, агар барчалари бирлашсалар ҳам, битта пашша ярата олмаслар. Ва агар пашша улардан бирон нарсани тортиб олса, ундан ўшани қутқариб ололмаслар. Талаб қилувчи ҳам, талаб қилинган ҳам ожиз бўлди”. (Бошқа катта жонзотларни қўйсинлар-у, энг кичик, энг ҳақир, энг аҳамиятсиз кўринган пашшани яратишга уриниб кўрсинлар. Ярата олмаслар. Хўш, энди бир дона пашшани ярата олмаган бутга қандай қилиб топиниш, сиғиниш, айтганини (агар айтолса,) қилиш мумкин? Асло мумкин эмас. Умуман ақлга, мантиққа тўғри келмайди. Пашша жуда заиф, ҳақир жон. Аммо, у сабаб бўлиб баъзи бир касалликларни ташиб келтирса, ҳаммаси тўпланиб, ҳаракат қилса ҳам, ўша касалликдан зарар кўраётганни ёки ўлаётганни қутқариб қололмайдилар. Буни ҳамма ҳаётда кўрган. «Талаб қилувчи ҳам, талаб қилинган ҳам ожиз бўлди». Яъни, Аллоҳдан ўзганинг ибодатини талаб қилувчи ҳам, ибодати талаб қилинган нарсалар ҳам ожиздирлар. Бирон нарса қўлларидан келмас.) (Ҳаж сураси, 73-оят).

 

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

 

 

 

Read 11386 times
Tagged under

Мақолалар

Top