Мақолалар

Мустақиллик байрами муборак бўлсин!

Истиқлол - бир миллат ўз ҳуқуқига эга бўлиб, ҳур-озод ва бахтли ҳаёт кечириши каби кўп маъноларни ўзига олган, инсоният учун муҳим омилдир. Ҳа азиз Ватандошлар! Биз мана 28 йилдирки шу бахтга Яратганнинг иродаси ва халқимизнинг шукри эвазига эга бўлиб турибмиз. Бу Парвардигорнинг бизга берган улуғ неъмати.

Бу неъматни барчамиз қадрига етиб, шукрини адо қилишимиз зарур. Зеро, Аллоҳ таолонинг: “Агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман" (Иброҳим, 7) деган ваъдаси бор. Пайғамбар алайҳиссалом ҳадисларида: "Қайси бирингиз тонгда уйқудан уйғонганда оиласи тинч, тани соғ ва уйида бир кунлик озуқаси бўлса, билсинки унга дунёдаги барча неъматлар мужассам экан" – дедилар (Термизий ривояти).

Бир вақтлар ўз динимизга эътиқод қилиб, динимиз кўрсатмаларига амал қилишга ҳаққимиз йўқ эди. Она тилимиз иккинчи даражали эди. Мана, мустақиллик шарофати ила динимизга, тилимизга яна эга бўлдик. "Тилга эътибор - элга эътибор" дейди доно халқимиз. Бир воқеа ҳеч эсимдан чиқмайди. Онам тарих ва география фани ўқитувчиси бўлганлар. Муқаддас динимиз ва масҳабимизни маҳкам ушлар эдилар. Эсимни танибманки, кечалари бедор бўлиб, ибодат ва зикр қилардилар. Қачон кўрсам йиғлаб, дуода бўлардилар (Аллоҳ раҳматига олсин). 80 - йиллар охирида кексайиб қолдилар. Бир кун уйга келсам ҳаётда телевизорга қарамайдиган отам кўзларида ёш, бўлғуси биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг нутқини тикилиб кўриб турибдилар. Шунда менга қараб: "Яқин кунларда юртимизда ҳаёт тарзи ўзгаради, ажойиб замон келади. Бу инсоннинг гаплари самимий, юракдан гапиряпти" деб менга қувонч билан тушунтира кетдилар. Худди отам айтганларидек бўлиб, тез йилларда мустақилликка эришдик. Бу кунларга, бўлиб ўтган тарихий воқеаларга сиз-у биз барчамиз гувоҳмиз. Таърифга ҳожат йўқ: бунёд этилган иншоотлар, шаҳар - қишлоқларимизнинг ободлиги, халқимизга берилган эркинликлар, шароитлар, фаровон ҳаёт учун Аллоҳ таолога шукрлар бўлсин! Мустақиллигимиз бардавом бўлсин, азиз ватандошлар!!!

         Ш.Мунаваров - Ургут туман "Атоуллохон" жоме масжиди имом ноиби

Read 3606 times

Мақолалар

Top