Мақолалар

"Сиз терган рақам хизмат доирасининг ИЧИДА" ёки мобил телефон одоблари

Миллий ва диний қадриятларимиз асоси бўлган Ислом динимизнинг ЭНГ МУҚАДДАС ва ЭНГ ОЛИЙ китоби бўлмиш Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда “ҳаёт энциклопедияси”да учрайдиган барча саволларга жавоб топиш мумкин.

Энг аввало унутмаслик лозимки:

1) бизни телефон орқали чақираётган ҳам одам;

2) одамга жавоб берганда нимага эътибор берсак, телефонга жавоб беришда ҳам шуларни инобатга олиш лозим;

  • бошқа телефонга эгасининг рухсатисиз тегмаслик;
  • агар эгаси рухсат бермаса, бошқа телефонни “СМС”, “ИМЕНА”, “КОНТАКТЫ” ва бошқа жойларини ўқимаслик ва қарамаслик;
  • беҳуда, манфаати йўқ, динимиз қайтарган нарсаларни ёздирмаслик, эшитмаслик ва кўрмаслик;
  • шариат ҳукмларига, миллий қадриятларимизга ва давлат қонунларига зид бўлган нарсаларни ёздирмаслик, эшитмаслик ва кўрмаслик;
  • бировнинг гаплашганини эшитмаслик ва пойламаслик;
  • бошқага телефон қилганда ҳар бир телефон қилишни орасида 4 ракаат суннат намозни вақти ўтгандан сўнг лозим бўлса яна бир бор телефон қилинади. Шу тартибда 3 марта телефон қилинганда ҳам жавоб бўлмаса, бир муддат ўтгандан кейин телефон қилинади;
  • суҳбатдош одам телефонни ўчирмаган бўлса, қизиқиб эшитиб турмасдан, дархол телефонни ўчириш;
  • суҳбатдош одамни телефонда вақтини кўп олмаслик;
  • бизга телефон қилинган пайтда, ёнимиздагилардан изн, рухсат сўраб телефонга жавоб бериш, агар зарур бўлса;
  • суҳбатдошларингиз, бошқа одамлар олдида телефон ўйнамаслик, айниқса ота-она, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар олдиларида. Чунки бундай қилиш – суҳбатдошга нисбатан ҳурматсизлик, менсимаслик ҳисобланади. Агар зарурат туғилиб қолса, суҳбатдошга узрини айтиб, рухсат сўраб телефон билан машғул бўлинади;
  • биринчи телефон қилаётган одам: «Ким бу?» демаслик. Балки аввал салом бериб, ўзини таништириб, керакли одамни сўрашлик;
  • ота-онасининг телефонини ўзиникидан яхшироқ ва зўрроқ телефон қилиб беришлик;
  • ука-сингилларига ҳам телефон олиб беришлик;
  • ака-опаларини телефонга имконлари бўлмаса, уларга ҳам телефон олиб беришлик;
  • аҳли аёлига ҳам телефон олиб беришлик;
  • улар (ота-она, ука-сингил, имконияти камроқ ака-опа ҳамда аҳли аёли)га телефонларини пулларини тўлаб туришлик;
  • «Ало?», «Hello?», «Ҳа?», «Алё?», «Да?» сўзлари билан бирга «Лаббай?», «Эшитаман?», «Ассалому алайкум!», «Қулоғим сизда?» каби миллий қадриятларимизга хос ва мос иборалар бор эканлигини унутмаслик;
  • телефон орқали суҳбат тугаганда, телефонни дархол ўчирмасдан, балки суҳбатдош билан хайрлашиб, унга яхши тилаклар тилагандан сўнг телефонни ўчиришлик;
  • ота-она, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар билан телефонда ҳам сўзлашганда ўрнидан туриб сўзлашиш;
  • улар (ота-она, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар)га телефонда сўзлашганда ҳам биринчи салом бериш;
  • улар (ота-она, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар)га телефон қилганда улар сўрашларидан олдин ўзини кимлиги (исми, лавозими)ни айтиб таништириш;
  • суҳбатдошни вақтини олмаётганлигини сўраб, узр сўрашлик;
  • улар (ота-она, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар)дан олдин телефонини ўчирмаслик;
  • телефон қилинган одам телефонни биринчи бўлиб ўчирмаслик;
  • улар (ота-она, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар)га гудок ташламаслик;
  • агар улар шундай қилган бўлишса, дарҳол уларга қайта телефон қилиш;
  • суҳбатдошнинг рухсатисиз бошқаларга эшитиладиган даражада заруратсиз телефонни овозини баланд қилмаслик;
  • телефон орқали кўриб гаплашиш учун аввал суҳбатдошнинг олдидан ўтиб, унинг розилигини олиш;
  • телефон орқали кўришиб гаплашиш учун суҳбатдошнинг розилигини олишда унга гаплашмоқчи бўлган одамнинг ҳузурида кимлар мавжуд эканлигини ҳам огоҳлантириб қўйиш;
  • агар суҳбатдош томонидан телефон орқали кўришиб гаплашишга истак билдирилмаса, бундан асло хафа бўлмаслик;
  • агар ота-она, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар билан телефон орқали кўриб гаплашиш зарурияти бўлсагина, шунда ҳам фақат уларнинг ижозатлари билангина кўришиб гаплашиш учун телефон қилиш;
  • ота-она, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамларнинг рухсатларини олишда уларга ҳам гаплашмоқчи бўлган одамнинг ҳузурида кимлар мавжуд эканлигини билдириб қўйиш;
  • агар ота-она, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар томонларидан телефон орқали кўришиб гаплашишга хохиш билдирилмаса, улардан узр сўрашлик;
  • улар (ота-она, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар) билан сўзлашганда, уларни ҳурматларини билиб, вақтларини ортиқча олмаслик;
  • улар (ота-она, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар) телефон қилган бўлишса, бирор узрли сабаб билан телефонни олаолмаган одам, дарҳол узр сўраб қайта телефон қилиш;
  • сиз телефон қилган вақтда ҳам бошқалар ола олмаган бўлсалар, улардан асло хафа бўлмаслик;
  • жамоат жой (касалхона, мажлис, масжид, маърака-маросим, таъзия, ишхона, поезд, автобус ва ҳоказо)ларда бўлганда телефон овозини ўчириб қўйишлик;
  • улар (ота-она, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар) билан телефонсиз сўзлашганда, телефон овозини ўчириб қўйишлик;
  • улар (ота-она, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар) телефон қилиб қолишса, ёнимиздагилардан узр сўраб, ким телефон қилаётганини айтиб, телефонга дарҳол жавоб беришлик;
  • касалхона ва ҳоказоларда бўлганда телефонда гапириш тўғри келса ҳам, паст овоз билан сўзлашиш;
  • жамоат жойларда бўлганда шу ердагилардан изн, рухсат сўраб телефонга жавоб бериш, агар зарур бўлса;
  • зарур бўлган ҳолатлар: ота-она, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар телефон қилганларида ёки тезкор ҳолатли иш содир бўлганда ва ҳоказо;
  • жавоб берса ҳам четроқга чиқиб, овози пастроқ ҳолда жавоб бериш;
  • ота-онаси, раҳбари, устози, ёши, лавозими юқорироқлар билан сўзлашиб турганда, шулардан бирортаси телефон қилиб қолса, рухсат сўраш, рухсат берсагина гапиришлик.

Муқаддас Ислом динимизни пок сақлаш, уни турли хил ғаразли хуруж ва хамлалардан, туҳмат ва буҳтонлардан ҳимоя қилиш, унинг асл моҳиятини ўниб-ўсиб келаётган ёш авлодимизга тўғри тушунтириш, ислом маданиятининг эзгу ғояларини кенг тарғиб этиш – ҳар бир ОТА УЧУН, ҳар бир ОНА УЧУН бугунги XXI аср замонасида ЭНГ КАТТА вазифа!

Имом Абу Довуд Абу Умома разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ўзи ҳақ бўлcа ҳам талашиб-тортишмаган киши учун – жаннат чеккароғидан уй берилишига, ҳазиллашиб бўлса-да ёлғон гапирмаган киши учун – жаннатнинг ўртасидан уй берилишига, хулқини гўзал қилган киши учун эса – жаннатнинг энг юқори қисмидан уй берилишига мен кафилман” (Имом Абу Довуд ривоятлари).

Ҳозирги даврда, ахборот технологиялари ўта тезкорлик билан ривожланаётган бир пайтда, нанотехнология зўр шиддатлик билан авжига чиқаётган замонда, ҳар хил оммавий ахборот воситалари хилма-хил маълумотларни кечаю кундуз тарқатаётган бир онда мазкур сўзлар жаннатмакон юртимизни, муқаддас Ватанимизни, доно халқимизни ҳар бир фуқаросига қушга – ҳаво, балиққа – сув зарурлигидай зарур бўлса керак!

Илоҳо ўзларимизни ҳам, фарзанд-зурриётларимизни ҳам Меҳрибон Парвардигоримиз буюрган, жаноб Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам тавсия этган, ўтмишда ўтганларимизни руҳлари шод бўладиган, халқимиз хурсанд бўладиган, ота-оналаримиз рози бўладиган йўллардан юришимизни насиб этсин!

 

Иброҳимжон ИНОМОВ, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари

Read 2552 times

Мақолалар

Top