Мақолалар

Анбар қаердан олинади?

Кашалот – тишли китлар турига мансуб денгиз жониворидир. Араблар уни “Ҳутул анбар” (Анбар ишлаб чиқарувчи кит) дейишади.

Кашалотнинг пастки жағида тишлари бор. Юқори жағида эса пастки тишларга мос равишда бўшлиқлар (коваклар) бор. Пастги жағда 20-26 жуфт тишлар мавжуддир. Савол туғилади: бу жонзот таомни қандай истеъмол қилади? Маълум бўлишича, кашалот озуқани чайнамай, балки шундоғича ютар экан. Тишлар эса бошқа душманлар билан олишишда ас қотар экан.Унинг тишлари конуссимон бўлиб, ҳар бирининг оғирлиги тахминан бир килограмм келади.

Кашалотнинг боши тўртбурчаксимон бўлиб, танасининг учдан бир қисмини эгаллайди. Жонзот танасининг узунлиги 20 метр, вазни эса 50 тоннадан ортиқроқ бўлиб, у асосан калмар, саккизоёқ ва балиқлар билан озиқланади. Денгиз жонзотлари ичида энг узун ичакларга эга бўлгани кашалотдир. У 70 йилгача умр кўриши мумкин экан.

Унинг бош қисмида, шунингдек, ҳазм қилиш аъзоларида ёғ, мум эстери қоришмаларидан иборат анбар деб аталувчи суюқлик билан тўлдирилган катта аъзолар тизими мавжуд. Бу аъзолар худди катта қозонга ўхшайди. Қозон ичида эса анбар моддасининг ҳужайралари тўпланади.

Анбар ишлаб чиқарадиган аъзолар кашалотга сувга шўнғиганда, унинг ичига муздек сув киришига ҳам сабаб бўлади. Бу сув натижасида унинг қон томирлари қисқариб, қон оқими пасаяди, табиийки, иссиқлик ҳам пасайишни бошлайди. Бунинг оқибатида анбар суюқлиги қаттиқлашади ва қисқаради.

 

Олимлар анбар устида текширувлар ўтказиб, озуқалардаги қаттиқ моддалар, масалан, улкан калмарнинг тумшуғи кабилар ажратилиб, ошқозон-ичак деворларини шикастламаслиги учун кашалот уларни ташқарига улоқтиришини айтишади. Бироқ анбарнинг ташқарига қандай йўл билан чиқиши борасида икки хил фикр билдиришади.

Биринчи фикрга кўра, кашалот қаттиқ жисмга айланган анбарни оғзи орқали ташқарига чиқарар, шу боис анбарни “Кашалот қайъи” дейилар экан.

Иккинчи фикрга кўра, кашалот уни ахлати билан бирга ташқарига чиқарар экан.

Анбардан парфюмера соҳасида кўпроқ фойдаланилади. “Мушку анбар” деганда шу анбар назарда тутилади. Атирларнинг ҳидини узоқ вақт сақланиб туришида анбар жуда қўл келади. Шу боис анбар қўшилган атирнинг ифори узоқ вақт кетмай турар экан.

Бундан ташқари кишилар бу моддадан турли кукунлар, доривор малҳамлар, чироққа қуйиладиган мойлар ва ҳоказолар олишда фойдаланишади.

  

Интернет маълумотлари асосида тайёрланди

Read 3750 times

Мақолалар

Top