Мақолалар

“Тўй”нинг маъноси нима?

Бугунги кунда жуда кўпчиликни ўйлантираётган муаммолардан бири – тўйларимиз билан боғлиқ саъй-ҳаракатлару сарф-харажатлар.
Аслида, тўй – кўп асрлик миллий қадриятимиз, лекин унинг қандай мақсадлар ифодаси эканини, моҳиятини эсдан чиқариб қўйдик.

Тўй – одамлар ўртасида меҳр–­оқибатни уйғотиш, сақлаш, кўпайтириш ниятида жорий этилган удум. Қадимда ўзига тўқ, саховатли, инсофли кишилар суннат амаллари саналган ақиқа, ўғил фарзанд қўлини “ҳалоллаш”, никоҳ каби маросимларга қариндош­–уруғларини, қўни­–қўшнини таклиф этиб меҳмон қилганлар. Аммо бугунги кунда кибрнинг домига тушганлар учун кимўзарлик мусобақасига айланган тўй маросимлари миллатимизни иллатларга ботирмоқда.

Тўй номи, аслида, қариндош­уруғлар, яқин дўсту биродарларнинг дийдорига, суҳбатига тўйиш маъносидадир. Маъно­–моҳияти тўғри шарҳланиб, ўзбек тилининг изоҳли луғатига қайта киритилиши лозим бўлган бу шодиёна маросимига бошқа халқлар ҳавас қилган. Бироқ кейинги ўн йилликларда тобора дабдабали тус олиб бораётган тўйларимиз аллақачон ислоҳга муҳтож. Тўйни овқатга, ўйин–­ кулгуга тўйиш эмас, балки дилга яқин кишиларнинг дийдорлашуви байрамига айлантириш учун мустақиллигимиз йилларида бир қатор қарорлар қабул қилинди. Уларда давримизнинг долзарб муаммоси ечимига йўллар очилганидан қувониб, давраю мажлисларда гапириб юрсак­–да, шайтоний кибру мақтанчоқлик, исрофгарчиликдан қўрқмаслик сабабли сўздан амалга ўтишимиз жуда секин, қийин кечмоқда. Ушбу қарорлар ижросидаги сусткашликлар оқибатида тўй маросимларида тўқликка шўхлик қабилидаги, маданияту маънавиятимиз, моддий бойликларимизга зарарли янги-­янги урфлар одат тусига кириб бормоқда. Ҳукумат қарорларини бажармаслик – жиноят, суннатга амал қилмаслик – шаккоклик, беҳуда исрофгарчилик гуноҳдир.

Мен тўйхоналаримизнинг маънавият, маърифат кошонаси бўлишини истайман. Зеро, тўй маросимларига бошчилик қилаётган катталарнинг тутумлари ёшларга, меъёрни унутганларга ибрат бўлсин; ўзини элдан устун қўйиб овоза чиқариш учун тўй қилаётганларга қўйилган жиддий маънавий талаблар ҳаммани ҳушёрликка чорлаб турсин.

Баҳодиржон ҚИРОНОВ,
Фарғона вилояти Ўзбекистон тумани
“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 2-сонидан

Read 4360 times

Мақолалар

Top