Мақолалар

Ато ибн Ясор ҳақларидаги қисса...

Динимиз – Ислом насл-насабни пок сақлаш, шарму-ҳаё, бировга нопок назар билан боқмаслик каби гўзал маънавий ахлоқ ва одобларга чорлайди. Бугунги фаровон ҳаётимизда баъзи оилаларни ажрашаётгани ва бунга сабаб сифатида ноҳуш ҳолатлар - хиёнат, бевафолик каби иллатлар кўрсатилаётганини гувоҳи бўлиб қолаяпмиз. Ваҳоланки, бу иллатлар миллий қадриятларимиз ва диний аҳкомларимиз томонидан қаттиқ қораланади. Юртимизда асрлар оша халқимиз оилаларида “Оила муқаддасдир”, “Вафоли ёр”, “Оилавий бахт – олий бахт” “Оила тинч – юрт тинч” каби пурмаъно ҳикматлар ўз ифодасини тўлалигича топиб келган.  Ҳозирги кунда юртимизда ажралишлар сони кўпайиб бораётгани ва бунга баъзи ҳолларда юқоридаги иллатлар сабаб бўлаётгани жуда ҳам ачинарли ҳолдир. 

 Аллоҳ таоло эркак ва аёл ўртасида бўладиган муомалаларни нақадар муҳим масала экани сабабидан бу ҳақда алоҳида оятлар нозил қилган. Шулардан бирида Аллоҳ таоло шундай дейди:

قُلْ لِلْمُؤْمِنِينَ يَغُضُّوا مِنْ أَبْصَارِهِمْ وَيَحْفَظُوا فُرُوجَهُمْ ذَلِكَ أَزْكَى لَهُمْ إِنَّ اللَّهَ خَبِيرٌ بِمَا يَصْنَعُونَ  وَقُلْ لِلْمُؤْمِنَاتِ يَغْضُضْنَ مِنْ أَبْصَارِهِنَّ وَيَحْفَظْنَ فُرُوجَهُنَّ

(Эй, Муҳаммад!) Мўминларга айтинг, кўзларини (номаҳрам аёллардан) қуйи тутсинлар ва авратларини (зинодан) сақласинлар! Мана шу улар учун энг тоза (йўл)дир. Албатта, Аллоҳ улар қилаётган (сир) синоатларидан хабардордир. Мўминаларга ҳам айтинг, кўзларини (номаҳрам эркаклардан) қуйи тутсинлар ва авратларини (зинодан) сақласинлар!...”. (Нур сураси, 30, 31).

Юқоридаги мавзуга таалуқли, биз ҳикоя қилмоқчи бўлган қиссамиз қаҳрамони Ато ибн Ясор Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу даврларида, 29 ҳижрий санада Мадинада таваллуд топганлар. Мадина аҳлининг буюк тобеъин, уламо, фақиҳ, муҳаддис ва тасаввуф намоёндаларидан ҳисобланадилар. Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан жуда ҳам кўп ҳадислар ривоят қилганлар. 103 ҳижрий санада, 74 ёшда вафот этганлар.

Ато ибн Ясор укалари Сулаймон ибн Ясор ўзларининг бир қанча дўстлари билан ҳаж қилиш ниятида Мадина шаҳридан сафарга отландилар. Абво номли бир жойга етиб келишганда тўхташди ва бир жойга ўрнашишди. Сулаймон дўстлари билан баъзи ишларини битириш мақсадида тўхташган жойдан кетишди. Ато эса қолди. У намоз ўқиб турганида бир саҳролик гўзал аёл унинг олдига кирди. Ато у аёлни кирганини сезди ва у бирор ҳожати учун кирганини сезиб намозини қисқа қилди.

  • Намозини ўқиб тугатгач у аёлга: “Сенга бирор нарса керакми?”, деди.
  • У: “Ҳа”, деди.
  • Ато: “Нима керак?” деди.
  • У аёл: “Ёнимга кел, сенда хоҳишим бор. Мени эрим йўқ” деди.
  • Ато:  “Менга яқинлашма. Мени ҳам ўзингни ҳам дўзахда куйдирма”, деди ва у гўзал аёлга назар солди. Аёл эса Атони хоҳлар ва фақатгина ўзи хоҳлаган нарсасини олишни истарди. Шунда Ато йиғлашни бошлади ва “Ҳолинга вой бўлсин. Мени тинч қўй, менга яқинлашма”, деди ва йиғиси янада кучайди. У аёл Атодаги йиғи ва қайғуни кўргандан кейин ўзи ҳам йиғлаб юборди. Шу ҳолат устига Сулаймон ибн Ясор ишларини битириб қайтиб келиб қолди. Сулаймон Атони йиғлаб ўтирганини, аёл эса хонанинг бошқа бир четида йиғлаб ўтирганини кўрганида нимага кўз ёши тўкаётганларини билмасада у ҳам йиғлаб юборди. Ато ва Сулаймоннинг дўстлари бирма-бир ишларини битириб кела бошлашди. Уларнинг ҳар бири келиб хонадагиларнинг йиғлаётганини кўриб йиғлаб юборар, нега йиғлашаётганини сўрамас эдилар. Токи хона йиғига тўлди ва йиғи овози кўтарилиб кетди. Бу ҳолатни кўрган аёл ўрнидан турди ва хонадан чиқиб кетди. Шундан сўнг, Сулаймон акаси Атони ҳурмати сабаб нима воқеа бўлганини сўраб ўтирмади. Бир қанча муддатдан сўнг бир куни Ато  тунда уйқудан йиғлаб уйғониб кетди.
  • Сулаймон: “Акажон, нимага йиғлаяпсиз?”, деди.
  • Ато: “Кўрган тушим мени йиғлатди. Токи тирик эканман ҳеч кимга айтмаслигинг шарти билан сенга тушимни айтиб бераман”, деди.
  • Сулаймон: “Ваъда бераман”, деди.
  • Ато: “Тушимда Юсуф алайҳиссаломни кўрдим. У зотга  назар солиш учун яқинлашдим. У зотнинг гўзалликларини гувоҳи бўлганимдан сўнг йиғлаб юбордим. У киши одамларни орасида турганимда менга қараб:
  • “Ҳой, нимага йиғлаяпсан?”, дедилар.
  • Ато: “Эй, Аллоҳнинг пайғамбари! Отам ва онам сизга фидо бўлсин. Сиз ва Азизнинг аёли, у аёлдан кўрган қанчадан-қанча балоларингиз, зиндонда кўрган қийинчиликларингиз,  қария отангиз Ёқуб алайҳиссаломдан ажралишингизни ҳаммасини эслаб, бу қийинчилик ва мусибатларга қандай дош берганингизга ажабланиб йиғлаб юбордим”, деди.
  • Юсуф алайҳиссалом: “Саҳролик гўзал аёл билан бўлган Абводаги воқеаданчи, ундан ажабланмайсанми?”, дедилар. Шунда йиғлаб юбордим ва уйқудан уйғониб кетдим. Шунда Сулаймон: “Эй, акажон! Абводаги ўша саҳролик гўзал аёлнинг воқеаси нима эди?”, деб сўради. Ато унга ҳаммасини айтиб берди. Сулаймон токи Ато вафот этгунига қадар ҳеч кимга бу воқеани айтиб бермади. У оламдан ўтгандан кейин эса унинг оиласидаги бир аёлга сўзлаб берди.

Аллоҳ таоло юртимизни тинч, оилаларимизни мустаҳкам ва саодатли бўлишини насиб этсин!

 

Жалолиддин Ҳамроқулов,

ТИИ “Таҳфизул-Қуръон” кафедраси мудири,

Тошкент шаҳар “Новза” жоме масжиди имом-хатиби

Read 6994 times

Мақолалар

Top