Мақолалар

ТЎҒРИ ИШНИНГ ҒАРАЗЛИ ТАЛҚИНИ ёхуд ёлғон хабарчилар ҳақида

Икки-уч кундан бери Интернетдаги ижтимоий тармоқларда    шу йил 17 сентябрь куни Тошкент шаҳар имом-хатиблари йиғилишида муҳокама қилинган масалалар тўғрисидаги уйдирма хабарлар тарқатилаётгани кузатилди.

Асоссиз хабарда гўёки йиғилишда айрим имом-хатиблар сўроққа тутилгани, тирикчилиги рўкач қилингани ва аксарияти норози кайфиятда бўлгани ёзилган... Бундан ташқари ушбу хабарда Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Нуриддин домла Холиқназаровни турли сўзлар билан ҳақоратланган.

Қатъий маълум қиламизки, бундай масалалар Тошкент шаҳар имом-хатиблари йиғилишида муҳокама қилинмаган. Ушбу ёлғон хабарни ким ва қандай мақсадларда тарқатгани аниқ, яъни диний-маърифий ислоҳотларга соя солиш ва имом-домлалар билан раҳбарият орасини бузишдан бошқа нарса эмас.

Юртимизда олиб борилаётган халқ дардини ўйлаб иш тутиш ва фаолиятга танқидий баҳо бериш каби ишларга мос равишда йиғилишда имом-домлаларнинг меҳнат фаолиятлари таҳлил қилинди ва камчиликлар борасида оғзаки танбеҳ берилди.

Мазкур сохта хабар эгаси Фейсбук ижтимоий тармоғи орқали Тошкент шаҳар бош имом-хатибининг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситиб, ҳақорат қилган. Ваҳоланки, Нуриддин домла Холиқназаров эътиборли уламолардан. У кишининг “Тасаддуқ, ё Расулаллоҳ” номли 57 қисмдан иборат мавъизаларини 1.000.000 нафардан зиёд киши тинглаб, имон нури ила зийнатланди ва ҳидоят йўлини топди. Энди шундай уламони ҳақоратлаган ўша ижтимоий тармоқ юритувчиси қуйидаги ваъидлардан ўзининг аҳволини бир тасаввур қилиб кўрсин!

Уламоларни ҳурмат қилиш имоннинг саломатлигига далилдир. Уларни камситиш эса нифоқ аломатидир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни фақат мунофиқлар ёмон кўришар, У зотни камситишга ҳаракат қилишарди. Олимларимиз Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг омонатларини етказувчилардир. Шу маънода уларни ёмон кўриш мунофиқлик аломатларидан ҳисобланади.

Машҳур саҳоба Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳ васаллам “Катталаримизни  улуғламаган, кичикларимизга раҳм қилмаган ва олимларимизнинг ҳаққини билмаган умматимдан эмасдир”, дедилар” (Имом Мунзирий, “Тарғиб”).

Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам жуда ҳам оғир гап айтяптилар. “Умматимдан эмасдир” дегани менинг йўлимда эмас дегани. Инсон учун бундан ҳам оғир мусибат борми?!

Ёлғон хабар тарқатилган ижтимоий тармоқ юритувчиси илм-аҳлларининг қадр қимматини камситадиган, ерга урадиган сўзлари билан минглаб диний соҳа ходимларининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси уламолар ва имом-домлаларга билдирилган бўҳтон фикрларга нисбатан доимо муросасиз кураш олиб боради. Диний идора ҳар доим, ҳар қандай вазиятда диний соҳа ходимларини ҳимоя қилади.

Бугунги кунда ижтимоий тармоқларда виждонли, холис иш юритадиган ва воқеликни ҳаққоний ёритадиган юзлаб блогер ва журналистлар бор. Биз уларни қўллаб-қувватлаймиз, ҳамкорлик қилишга доимо тайёрмиз.

Ўз навбатида Ислом дини ва уламолар шаънига айтилаётган бўҳтонларга нисбатан ўзининг муносабатини билдирган блогерлар, журналистлар ва бунга бефарқ бўлмаган мўмин-мусулмонларга ўз миннатдорлигимизни изҳор қиламиз.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2804 times

Мақолалар

Top