Мақолалар

Ўзбекистонда масжидлар очилади, ёпилмайди!

Интернет ва ижтимоий тармоқлар ривожланган ҳозирги асрда бир инсоннинг қарашлари жамиятнинг бошқа аъзоларига ва ҳаттоки, бутун жамиятга катта таъсир этмоқда. Аввало шуни қайд этиш лозимки, Ўзбекистон фуқароси (у ким бўлишидан қатъи назар) Конституция ва қонунларга риоя этиши, бошқа кишиларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга мажбурдир.
Диний таълимот ўта нозик ва хассос бўлгани туфайли юртимиз ҳудудида диний қадриятлар, муқаддас туйғулар ҳурмат қилиниши шарт. Уларга нисбатан ёмон муносабатда бўлишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.
Шу кунларда ижтимоий тармоқларда баъзи масжидлар ёпилар экан, айрим имомлар ишдан бўшар экан, деган мазмундаги хабарлар кенг тарқалди. Биз ушбу хабарларда нима дейилгани, қандай фикрлар баён этилгани тўғрисида тўхталмоқчи эмасмиз.
Балки муҳтарам Президентимиз раҳнамоликларида охирги уч йилда масжидларни обод этиш, фуқароларимизнинг талаб ва истакларини инобатга олган ҳолда янги жомеларни очиш борасида қилинган ишларни мухтасар айтиб ўтмоқчимиз, холос.
Сўнгги йилларда республикамизда 24 та янги масжид очилди. Улар қаторида намозхонларга туҳфа этилган Қорақалпоғистондаги “Имом Эшон Муҳаммад”, Тошкент шаҳридаги “Сузук ота”, “Имом ат-Термизий”, “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф”, Сурхондарё вилоятидаги “Ҳаким Термизий”, Хоразм вилоятидаги “Охун бобо” ва Фарғона вилоятидаги “Чилигижийда” каби масжидларни алоҳида кўрсатиш мумкин.
Шунингдек, ўлкамизда 106 та масжид тўлиқ янгидан қурилди, 231 та масжид капитал таъмирдан чиқарилди. Бундай улуғвор ишлар диёримизда шиддат билан давом этмоқда.
Яна бир жиҳат, аслида масжидларни ёпиш масаласи қандайдир мансабдор шахснинг ваколатига кирмайди, балки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 31 майдаги 409-сон қарори асосида ижро қилинади.
Шунингдек, масжид имом-хатибини ишга тайинлаш ва лавозимидан озод этиш масаласи ҳам Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан амалга оширилади.
Демак, ҳуқуқий тамойилларни инкор этиш, Ўзбекистон аҳолисининг ҳақ-ҳуқуқлари, диний қадриятлари ва эҳтиёжларига ҳурматсизлик кўрсатишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Ислом шиорлари, имом-домлалар ва масжидларга нисбатан билдирилган ҳар қандай номақбул фикрларга нисбатан доимо муросасиздир.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 3905 times

Мақолалар

Top