Мақолалар

АҚШ Яқин Шарқдан аёллар ва болаларни қайтариш масаласида Ўзбекистонга кўмак беришга тайёрлигини билдирди

2019 йилнинг 27 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация АҚШга ташрифи доирасида Вашингтон шаҳрида музокаралар ўтказди. Бу ҳақда "Кun" хабар беради.

АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчисининг янги тайинлангани ўринбосари Метт Поттингер билан қисқа учрашув бўлиб ўтди. У Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш бўйича мамлакатининг саъй-ҳаракатларини мунтазам қўллаб-қувватлагани учун Ўзбекистон раҳбариятига миннатдорлик сўзларини етказишни сўради.

Таъкидланганидек, Вашингтон президенти Дональд Трампнинг Жанубий Осиёдаги стратегиясини амалга ошириш, жумладан Марказий Осиёдаги минтақавий савдо-иқтисодий ва инфратузилма жараёнларига Афғонистонни фаол жалб қилишда Ўзбекистонни ишончли ва асосий шерик деб ҳисоблайди.

Шунингдек, Миллий хавфсизлик кенгашининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича катта директори Лиза Кёртис билан ҳам музокаралар бўлиб ўтди.

Учрашувда 22 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган «C5+1» вазирлар учрашувининг мазкур шаклдаги ҳамкорликнинг зарур эканлигини яна бир бор тасдиқлаган самарали якунлари мамнуният билан таъкидланди.

Лиза Кёртис Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш ва ишонч муҳитини мустаҳкамлашда Ўзбекистоннинг фаол позициясини алоҳида қайд этди. У Ўзбекистоннинг Яқин Шарқдаги қуролли можаролар ҳудудидан аёллар ва болаларни қайтариш бўйича саъй-ҳаракатларини олқишлади ҳамда мазкур масала бўйича кўмак беришга тайёр эканлигини билдирди.

Суҳбат давомида икки томон кун тартибининг бошқа масалалари жумладан сиёсий мулоқот, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантиришнинг амалий жиҳатлари ҳам муҳокама қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2401 times

Мақолалар

Top