Мақолалар

Ёшлар тарбияси – устувор вазифа

Бола оилада дунёга келади. Катта ҳаётга, атрофдаги инсонларга ва жамиятга бўлган дастлабки муносабати  шу муҳитда шаклланади. Бир сўз билан айтганда, илк тарбиянинг илдизи айнан оилада томир отади.  Юртимиз эгаларининг  баркамол, етук бўлиб вояга етишида оила, маҳалла, мактаб, коллеж, умумий қилиб айтадиган бўлсак, барчамиз бирдек масъулмиз. Ўз ўрнида фарзандига намуна бўлиб келган ота-онанинг фарзанди ҳам етук инсон бўлиб шаклланиши шубҳасиз.

Бугун мустақил Ўзбекистонимизда ёшлар  тарбияси ва келажаги учун улкан ишлар амалга оширилмоқда, умумий ўрта таълим ва унинг узвий давоми бўлган касб-ҳунар ҳамда олий таълим сифатини оширишга, ўғил-қизларимизнинг малакали кадр бўлиб етишишига жиддий эътибор қаратилмоқда ва ёшлар тарбияси, давлат сиёсати даражасига кўтарилган.

Гап ёшлар тарбияси ҳақида кетар экан, шундай савол туғилади: “Биз ёшларга ўрнак бўла оляпмизми?”

Шуни таъкидлаб ўтиш керакки, ҳозирда яратилган имкониятлардан фақат ёшлар эмас, балки айрим ота-оналар ҳам тўғри фойдаланишмаяпти. Ўз фарзандини назорат қилмайдиган, қаерда, ким билан юргани, нима билан машғул эканлигини суриштирмайдиган ота-оналар ҳам бор. Фарзанди иқболи учун  аввало, ота-онанинг ўзи, ибрат бўлиши керак эмасми?! Шу ўринда ўзим гувоҳи бўлган ҳодисани айтиб ўтишни ўринли деб биламан.

Университетда ўқиб юрган кезларимда йўлим доим  бир маҳалладан ўтарди. Бу маҳалланинг  баъзи кишилари эрталаб ва кечки пайт кўчада йиғилиб қарта, нарда ўйнашарди. Бу бир қарашда оддий ҳолдек, “катталарнинг эрмаги”, бўлиб кўриниши мумкин. Аммо бу одатий ҳолатнинг тагзамирида тарбияга зид келувчи жиддий муаммо ётибди. Яна ҳам ташвишлиси, ўша махаллада яшовчи ёшгина боладан “Катта бўлсанг ким бўласан?” деб сўраганимда, бийрон тили билан: “Катта бўлсам дадамдек қарта ўйнайдиган бўламан!” дея тушуниб-тушунмай айтган гапларидан бир зум эсанкираб қолдим.

Наҳотки, бу одамлар фарзандларига шу тариқа  “ибрат ва намуна” кўрсатишаётган бўлса? деб ўйладим. Афсуски шунга ўхшаш ҳолатларни кўплаб учратиш мумкин. Ахир,  фарзанд учун биринчи навбатда  намуна вазифасини ўтовчи унинг ота-онасику!

Бола тарбияси хусусида рус адиби Лев Толстойнинг бундай ҳикматли сўзи бор: “Болаларни тарбиялаш муваффақиятли бўлмоғи учун тарбия берувчи кишилар ўзларини тўхтовсиз тарбия қилишлари даркор”.

Бугун фарзандини телефону компютердан кўз узолмай, муккасидан кетганини нолиб гапираётганлар, ўзини бош айбдор сифатида кўриб, айбни боладан эмас, ўзидан қидирганида, бундайин муаммолар ўз ечимини топиб бораверарди.

Кўчадан бери келмай, бирор ишнинг, касбнинг бошини тутмаган, ўз ҳаёт йўлини ёруғ қилиш, келажагини мустаҳкамлаш ўрнига бефойда ишлар билан вақтини совураётган ёшларнинг учраётгани ачинарлидир.  Умрининг айни гуллаган чоғида ҳаёт пиллапоясидан юқорилаш ўрнига, аксинча пастга қадам шўнғиётганини тушунишмаяптими,  ёки буни уқтириши керак бўлган ота-она фарзанди иқболига шунчалик бефарқми? Бугун кичик ва арзимас бўлиб кўринган муаммо эртага жамият учун катта хавф туғдирмайди, деб ким айта олади? Бу хусусда эса болага тарбияни нафақат ўқитувчи-мураббий, балки ота-она ҳам бериши, касб-ҳунар, билим олиш орқали ҳаётда муносиб ўрнини топиши лозимлигини уқтириб бориши шарт деб ўйлайман. Келажагимиз ворислари  озод ва обод юртимизнинг эртасини ҳал қилувчи, юксалтирувчи асосий куч бўлиб майдонга кириб келишмоқда. Имкониятларнинг очиқ эшигидан кириб, улардан унумли ва оқилона фойдаланиб, юрт корига яраш, бугун асосий вазифага айланмоғи лозим. Республикамизнинг биринчи Президенти, раҳматли Ислом Каримовнинг: “Мен ёшларга ўзимга ишонгандай  ишонаман, маррани баланд олинг, фарзандларим! Эртанги кун бизники, марра бизники!” дея баралла  айтган гапларини дилдан чуқур ҳис этиб, бу ишончни оқлаш ҳам фарз ҳам қарздир.

Бунинг учун эса фарзандларимизнинг таълим-тарбия олишида  хато ва сусткашликка йўл қўймаслик зарур. Айнан ёшлар тарбияси биз катталар учун маъсулият, зиммамиздаги кечиктириб бўлмайдиган муҳим вазифадир.


Ғолибжон Хидиров,

“Хожа Бухорий” номли ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси

Read 10712 times

Мақолалар

Top