Мақолалар

Бир ҳадис шарҳи: “Киши исломининг гўзаллиги”

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Фойдасиз нарсаларни тарк этмоқлик киши исломининг гўзаллигидандир”(Термизий ривоят қилган).

Ушбу ҳадис жумлалари қисқа бўлсада, унинг маъноси дунё яхшилиги ва охират саодатини ўз ичига олгандир. Уламолар таъкидлаганларидек ушбу ҳадис Расулуллоҳнинг “Жавомиъул калим” ларидан биридир. Яъни қисқа жумлалар билан улкан маъноларни ифодалаш мўжизаларидир. Баъзи уламолар ушбу ҳадисни диннинг ярмидир дейдилар. Чунки дин буйруқ ва қайтариқдан иборат. Ушбу ҳадис эса мусулмон инсон тарк этмоғи лозим бўлган барча ишларни ўз ичига олади.

Ибн Ражаб роҳимаҳуллоҳ: ”Ушбу ҳадис одобнинг энг катта тамойилларидан биридир”, дейдилар.

Ҳадиснинг мазмуни: киши на динига ва на дунёсига фойдаси бўлмаган ишлар ва сўзларни тарк этмоғи унинг исломи гўзаллигидан, имони камолотидандир.

Луқмони Ҳакимдан: “Бундай олий фазилатларга қандай эришдингиз?” – деб сўрашибди. У зот: “Рост сўзлаш, омонатдорлик ва фойдасиз ишларни тарк этиш билан эришдим”, дея жавоб берган эканлар.

Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ: “Аллоҳ бандасидан юз ўгирганининг аломати, уни фойдасиз ишлар билан машғул қилиб қўйганидир”, дейдилар.

Мусулмон инсон Роббиси олдидаги бурчини ва жамият олдидаги масъулиятини англаб етиб, ана шу бурч ва масъулиятни мукаммал адо этиш учун ҳаракат қилади. Унинг бекорчи ишларга, олди-қочди гапларга, сафсаталарга тоқати бўлмайди. Дарҳақиқат, инсон фойдасиз нарсалар билан вақт ўтказмаса, балки бор вақти, кучи, ғайрати, эътиборини дунёси ва охирати учун манфаатли ишлар, савобли амаллар учун сарф этса, ушбу инсон комил имон соҳибидир. Дунёю охиратда унинг юзи ёруғдир.

Чирчиқ шаҳар “Ўрта маҳалла” жоме масжиди имом-хатиби Шавкат Алибаев

Read 3301 times

Мақолалар

Top