Мақолалар

Кексаларни эъзозлаш – инсоний фазилатдир!

Жорий йил давлатимиз томонидан кекса авлод вакилларининг жамиятдаги ўрни ва ижтимоий фаоллигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Ҳукумат қарори қабул қилинди. Қарорга мувофиқ, 2019 йилдан бошлаб ҳар йили октябр ойининг биринчи ҳафтаси Республикамизда “Кексалар ҳафталиги” этиб белгиланди.  Бу бежизга эмас, албатта. Чунки кекса-нуронийлар хонадонимиз кўрки, дастурхонимизни эса файзу-баракотидир. Уларнинг қилган хайрли дуоси ҳаётимиз, оилаларимиз, Ватанимиз ҳамда йўлимизни нурафшон этиб туради ва яхши ишларга ундайди.

Дарҳақиқат, ёши улуғ отахон-у мўътабар онахонларимизни эъзозлаш ва уларни қадрлаш, уларнинг ҳурматини ўрнига қўйиш бизнинг узоқ асрлик урф-одатларимиз, миллий анъаналаримиз ҳамда яшаш тарзимизнинг ажралмас бир бўлагига айланган десак асло муболаға бўлмайди. Бу биринчи навбатда кекса авлод вакилларига бўлган ғамхўрлик ва эътиборни кучайтириш бўлса, иккинчидан ёш авлод учун улкан тарбия ва тажриба мактаби бўлади.

Муқаддас Ислом динимиз ҳамма вақт инсонларни бир-бирига яхшилик қилишга буюради. Хусусан, гўдаклар, аёллар ва кексаларга янада кўпроқ эътибор қаратишга чақиради. Кексаларнинг борлиги биз учун улкан бахт-саодатдир. Уларнинг қилган дуолари туфайли Аллоҳ бизларни турли бало-офатлардан сақлайди. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) шундай марҳамат қилганлар: “Агар ораларингизда мункиллаган қариялар, ўтлаб юрган жонзотлар ва эмизикли чақалоқлар бўлмаганда эди, бошингизга балолар оқиб келарди”.

Шундай экан барчамиз ким бўлишимиз ёки қайси касб эгаси бўлишимиздан қатъий назар “Қария отахон ва мўътабар онахонларимизни ҳозирги давр  ёшларига гўёки бир тўғоноқ эмас – суянчиқ, рақиб эмас – устоз, ҳамда бизнинг буюк келажагимизга бефарқ эмас, балки ҳамдард” - деб билишимиз лозим бўлади. Бу тушунчани эса жамиятга татбиқ этилишини авваламбор муқаддас Ислом динимиз, қолаверса давримизнинг талаби ва таклифи деб билмоғимиз даркор бўлади.

Кексаларни эъзозлашдек халқимизга хос қадрият азалдан миллатни бир-бирига жипслаштириш, одамлар орасида меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга хизмат қилганлигига кўхна тарихимиз гувоҳдир.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадиси шарифда бундай дейилган: Бир катта ёшдаги қария Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни йўқлаб келди, қавм унга йўл очишда кечикиб қолди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кичикларимизга раҳм қилмаган ва қарияларимизни улуғламаган биздан эмасдир” - дедилар. (Имом Бухорий ривояти)

Демак, ёши улуғларга ҳурмат кўрсатишни, уларни қадрлашни Пайғамбаримиз (с.а.в.) амр қилмоқдалар. Бугунги кунда айрим фарзандлар ўз ота-оанларини қариялар уйларига олиб бориб қўяётганликлари ачинарли ҳолдир.

Шунингдек, айрим ёшлар ўз ота-оналарининг розилигисиз хорижий юртларга сафарга чиқиб кетишлари, бунинг оқибатида турли экстремистик оқимларнинг тўрига илиниб, ўзга юртлардан келган ватанфурушларнинг қўғирчоғига айланиб, ўз оиласига, Ватанига ҳамда ота-онасига ҳам қарши чиқишгача етиб бормоқда. Ўзлигини ҳам, ўз ҳаётини ҳам измидан чиқариб юбормоқда. Натижада ёшлик даврида ота-оналарини ҳизматини қилиб, уларнинг дуоларини олишга ҳаракат қилмасдан, уларни розилигини олмасдан турли юртларда сарсону-саргардон бўлиб кезмоқда. Албатта ёшларни ичида ўз ота-оналарини ҳизматини қилиб, уларнинг дуоларини ҳам олиб юрганлар кўзимизни қувонтиради.

Шу фикрларга ҳамоҳанг ҳолда давлатимиз томонидан кексаларни эъзозлаш, ижтимоий муҳофаза қилиш борасида юксак эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиб келинаётганини алоҳида қайд этиш лозим.

Имом Ашъарийдан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (с.а.в.) дедилар: “Соч-соқоли оқарган мусулмонни, Қуръонни ёд олиб, унда ҳаддан ошмаган ва уни тарк қилмаган кишини ва адолатли ҳукмдорни эъзозлаш Аллоҳни улуғлашдандир”. (Имом Бухорий ривояти)

Демак, барча кишилар, хусусан, ёшлар кексаларнинг ҳурматини, қадрини жойига қўйиши лозим. Бундай яхши амал мўминликнинг рамзи, мусулмоннинг гўзал сифатларидан. Ёши улуғларга ҳурмат кўрсатмаган одам мана шу муборак рамзни ўзидан йўқотган бўлади. Шунингдек, кексаларнинг ҳаётий тажрибаларини ўр­ганиш, яхши амалларидан ўрнак олиш ёшларимизга ҳаётда қоқилмай тўғри йўлда юришларига ёрдам беради. Чунки уларнинг ҳаёти ёшлар учун тарбия мактаби вазифасини ўтайди. Улар ҳаётнинг иссиқ-совуғи, паст-баландлигини бошларидан кечиришган.

Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, доно халқимиз инсон инсонга ғанимат дейдилар. Дарҳақиқат биз учун ота-боболаримиз, нуроний кекса ота-оналаримиз бизнинг борлигимиз, бойлигимиз, давлатимиз, фахрийларимизнинг ҳаёти ҳам ғаниматлигини англаб етишимиз даркордир. Қариялар қадр топган хонадон ва мустақил диёрда ҳамиша меҳр-оқибат, қут-барака ҳамда тинчлик-хотиржамлик бўлади.

Аллоҳ таоло улуғ ёшдаги ота-оналаримизни ўзининг ҳифзу ҳимоясида сақлаб халқ тинчлиги ва фаровонлигини сўраб қилаётган дуоларини мустажоб айласин. Фарзандларимизга инсоф ва тавфиқ бериб, ота-оналарини эъзозлайдиган, уларга ҳурмат-эътибор кўрсатадиган солиҳ инсонлардан бўлишини насиб айласин.

 

Аброр АЛИМОВ,

Тошкент шаҳар “Ҳувайдо”

жоме масжиди имом-хатиби

Read 5067 times

Мақолалар

Top