Мақолалар

Қиёматга қадар давом этадиган ибрат

Қадимда Помпей деган шаҳар бўлган. Бу ҳозирги Италиянинг Неапол шаҳри яқинида жойлашган. Бу шаҳар аҳолиси фаҳшга ўта берилган, ҳатто уларнинг фаҳш билан шуғулланиши ҳозирги ғарб давлатларида бўладиган фаҳшлардан-да ўтиб кетган эди. Бу шаҳарда зино, фаҳш ишлар одамлар кўз ўнгида, кўчаларда, дўконларда, уйларда, фарзандлар олдида содир этиларди.

Келинг, Аллоҳ таоло ўша шаҳар аҳолисини қандай ҳалок қилгани ва Қуръони Каримда ўн тўрт аср олдин бунга қандай ишора этилгани борасида сўз юритсак.

Аллоҳ таоло ушбу шаҳар аҳолисини милодий 79 йилда ҳалок қилган. Ўшанда шаҳар яқинидаги Везувий вулқони отилиб, ундан чиққан лава (ёниб турган тошлар) шаҳар аҳолиси устига ёғилган. Вулқон лаваси ва куллари аҳоли устига шу қадар кўп ёғилганки, бунинг оқибатида уларнинг ҳаммаси турган жойида қотиб қолган. Кўринишидан худди тирикка ўхшайди. Аммо уларда руҳ йўқ. Қотиб қолган жасадлар устида лава тошлари изларини, уларнинг юзида эса азоб, оғриқ аломатлари яққол сезилиб турганини кўриш мумкин.

Ўша воқеанинг гувоҳи бўлган сиёсатчи ва ёзувчи кичик Плиний ўз эсдаликларида шундай ёзиб қолдирган: “Улкан қора булут тезлик билан яқинлашиб кела бошлади. Ичида эса жуда катта ҳажмда чақмоқ чақишига ўхшаган олов кўриниб турарди”.

Ҳа, мазкур ҳодисадан анча йиллар ўтгач, ўлик шаҳарларни қазиш жараёнида ўша шаҳарлардаги ҳамма нарса асл ҳолатида сақланиб қолганлиги маълум бўлди. Кўп метрли қалин кул остидан кўчалар, тўлиқ жиҳозланган уйлар, одамлар ва ҳайвонлар қолдиқлари топилди. Помпей аҳолисининг кўп қисми ҳодисада ҳалок бўлди.

Аввалига ер силкинишлари кузатилиб, кейин қаттиқ портлаш юз беради. Ундан кейин Везувий устида улкан қора тутун пайдо бўлади. Кратердан катта босимдаги қайноқ газ ажралиб чиқа бошлайди. Вулқондан чиқаётган иссиқлик энергиясининг миқдори Хиросимага ташланган атом бомбаси чиқарган иссиқлик энергиясидан бир неча баробар кўп эди. Вулқон отилиши натижасида шаҳар тарафга майда қаттиқ жинслар, вулқон куллари ва ғовакли тошлардан иборат тутун жуда катта тезлик – соатига 500 км тезликда кела бошлайди. Тутуннинг баландлиги 30 метрдан юқори бўлган. Осмонни қоплаб олган улкан массали тутун шаҳар устига туша бошлайди.

Маълумки, кичик бир тош катта баландликдан тушса, одамнинг ҳалокатига сабаб бўлиши мумкин. Помпей аҳолиси кўчаларни тарк этиб, уйларига яширинишади. Улар уйнинг томи ишончли, бизни сақлаб қолади деб ўйлашади. Шаҳар эса тутун сабабли тун киргандек зулмат ичида қолган эди. Оғир массали кул ва қайноқ тошлар уйларнинг томларини ҳам бузиб, ичкарига кира бошлади. Шунингдек, ташқаридаги заҳарли газ ҳам ичкарига кираётган эди. Газнинг ўзи заҳарли бўлиши билан бирга ҳарорати 500-700 даражада иссиқ эди. Бундай кулли ва иссиқ ҳароратли газ йўлида учраган барча нарсани ёндириб юборарди. Кўчада, йўлларда, уйларида бўлган барча кимсалар иссиқдан, заҳарли газ ва тошларнинг баландликдан тушишидан ҳалок бўлдилар. Археологлар кўп миқдорда отлар ва бошқа ҳайвонларнинг қотиб қолган жасадларини ҳам топдилар.

Шу ўринда бир савол туғилади? Ўта юқори ҳароратдаги тутун ва кул инсонни эритиб юбориши керак эди. Аммо Помпей аҳолиси мазкур ҳалокатдан пайтида эриб кетмай, қотиб қолган. Нима учун? Бунинг сабаби шуки, Аллоҳ таоло фаҳш ва зинога берилган кимсаларни қандай аҳволга солганини, қандай ҳалокатга дучор қилганини кейинги инсониятга билдириш, ибрат қилиш учун уларни қотириб қўйди.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

وَلَوْ نَشَاء لَمَسَخْنَاهُمْ عَلَى مَكَانَتِهِمْ فَمَا اسْتَطَاعُوا مُضِيّاً وَلَا يَرْجِعُونَ

“Агар хоҳласак, уларни жойларида қотириб қўюрмиз. Бас, олдинги юришга ҳам қодир бўлмаслар, ортга ҳам қайта олмаслар” (Ёсин сураси, 67-оят).

Ушбу оят муфассирларни лол қолдирган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо бу оят маъносининг таржимаси “Агар хоҳласак, уларни уйларида турганларида ҳалок қилурмиз” бўлади” деганлар.

Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ ушбу оят тафсирида бундай деганлар:

“Оятдаги “масх” сўзининг маъноси ташқи кўринишни ўзгартириб, уни тош ё жонсиз нарса ёки ҳайвонга айлантириб қўйишдир”.

Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ ва Қатода раҳимаҳуллоҳ “Бу оят уларни оёқлари турган жойда қотириб қўямиз” деган маънодадир. Шунинг учун Аллоҳ таоло “Бас, олдинги юришга ҳам қодир бўлмаслар, ортга ҳам қайта олмаслар” деган. Ҳа, улар бир ҳолда қотиб қоладилар. Олдинга ҳам, орқага ҳам силжий олмайдилар” дея тафсир қилишган.

Имом Бағавий раҳимаҳуллоҳ ўзларининг тафсирларида бу оятни “Агар хоҳласак, уларни ўз уйларида ўтирганларида тошларга айлантириб қўямиз. Уларнинг руҳлари бўлмайди” дея тафсир қилганлар.

         Эътибор берсак, ушбу тафсирда Имом Бағавий раҳимаҳуллоҳ оятда зикр қилинаётган кимсаларнинг руҳлари бўлмаслигини, фақатгина шакллари бўлишини, ўзлари эса уйларида тошга айлантирилган ҳолда ўтиришларини айтяптилар.

Бу эса биз сўз юритаётган Помпей аҳолисининг ҳалок этилиши ва ундан кейинги қотиб қолган қолдиқларига мос келади.

Қуръони Каримда бундан ўн тўрт аср олдин мазкур ҳодиса ҳақида айтиб қўйилгани Қуръон Аллоҳ таолонинг ҳақ каломи эканлигига ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Унинг ҳақ Пайғамбари эканликларига яққол далилдир!

Азизлар, барчамиз зино ва фаҳшнинг барча кўринишларидан узоқ бўлиб, иффатли, ҳаёли бўлайлик! Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

         وَلاَ تَقْرَبُواْ الزِّنَى إِنَّهُ كَانَ فَاحِشَةً وَسَاء سَبِيلاً

“Ва зинога яқинлашманглар. Албатта, у фоҳиша иш ва ёмон йўлдир”. (Оятда «зино қилманглар» эмас, балки «зинога яқинлашманглар» дейилмоқда. Бу дегани, зино қилманглар, дегандан кўра қаттиқроқдир. Мўмин-мусулмон одам зино қилиш тугул, унинг яқинига ҳам йўламаслиги керак. Зинога олиб борувчи нарсалардан ҳам узоқда бўлиши лозим.) (Исро сураси, 32-оят).

Аллоҳ таоло барчамизни зинодан ва унга олиб борувчи барча фаҳш ишлардан йироқ қилиб, иффатли, ҳаёли бандалардан бўлишимизни насиб этсин!

 

Абдуддоим Каҳел мақоласи ва интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

 

 

 

Read 2958 times

Мақолалар

Top