Мақолалар

Ҳақиқат боғларидан бир шингил

Абдулмажид ибн Одам Саноийнинг “Ҳақиқат боғлари” асарида келтирилишича, тоғлар ортида фақат кўзи ожизлар яшайдиган бир қишлоқ бор экан. Бир подшоҳ шавкатли лашкари билан ўтиб кетаётиб, қишлоқ яқинида вақтинча қўниб, чодирларини тиклабди. Подшоҳнинг қўшинида кўп жангларда душманларни қийратган бир жанговар фил ҳам бор экан. Филнинг овозасини эшитган кўзи ожизлар жамоаси у қандай ҳайвон эканлигини билиб келиш учун уч вакилини юборибди.

Вакиллар келиб, ҳайвоннинг турли жойларини пайпаслаб, ушлаб кўришибди. Биттаси филнинг оёғини, биттаси хартумини, биттаси қулоғини ушлаб кўриб, филнинг қандайлигини билдим, деб ўйлабди.

Вакиллар ўз жамоаларига қайтганида қишлоқ аҳли йиғилиб, фил нималигини тезроқ билгиси келиб, уларни савол-жавобга тутишибди. Филнинг япалоқ катта қулоғини ушлаб билган вакил:

– Фил гиламга, кигизга ўхшаркан, – дебди.

Филнинг хартумини ушлагани бўлса:

– Фил узун, эгилувчан, ичакдай ичи бўш, лекин жуда кучли нарса экан, – дебди.

Оёғини ушлаган вакил:

– Фил устун каби йўғон ва мустаҳкам бир нарса, – дебди.

Кўзи ожизлар ҳар бири ўзи билган қисмни айни ҳақиқат деб билиб, қатъий ишонч ҳосил қилибди. Ҳеч бири филни бус-бутун тасаввур қилолмагани сабабли, у ҳақда айни ҳақиқатни била олмабди. Чунки, ҳақиқатни кўзи (қалб кўзи) очиқларгина билади.

   Аллоҳ бизларга шундай улуғ неъматлар берганки, неъматни қадрлаш, шукр қилиш ва сақлай билишимиз лозим. Бундай улуғ неъматлар сиҳат-саломатлик ва тинчлик-хотиржамлик неъматларидир. Бундай неъматларни кўриш-билиш учун қалб кўзи шарт эмас, яъни юртимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, диний-дунёвий илмларнинг ривож топаётгани, миллий-диний қадриятларнинг тиклангани ва халқимизнинг фаровон яшаётганини кўзи ожиз инсон ҳам сезмоқда.

Тарихга назар ташласак, баъзи кучлар томонидан диннинг таъсир кучидан ғаразли мақсадларда фойдаланиш барча даврларда бўлган. Бугунги кунда ҳам ана шундай кучлар инсоннинг камолоти ва жамият тараққиёти учун хизмат қилиши лозим бўлган Ислом дини таълимоти ва ғояларининг баъзи жиҳатларини ғаразли ниятда талқин қилиб, низо ва фитна-фасод қилаётгани, оқибатда дунёнинг баъзи минтақаларида парокандалик ва можароларни чиқараётганини гувоҳи бўлиб турибмиз.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Эй, имон келтирганлар! Ёппасига тинчлик ишига киришинглар...”, деган (Бақара сураси, 208-оят).

Аллоҳ таоло тинчликка ва тинчлик ишига ҳисса қўшишга буюрмоқда. Минг афсуфлар билан айтамизки, баъзи тоифалар Қуръон оятларини писанд қилмай, Ислом байроғи остида иш юритиб ва гапириб фитналар қилмоқдалар. Бу ҳолатдан ташвишланиб Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти 2009 йил 31 августда “Шаҳидлар хотираси” хиёбонида уламолар, маҳалла фаоллари ва зиёлилар билан бўлиб ўтган суҳбатда такидлагандиларки: “... Айниқса, ёвуз мақсадлари йўлида муқаддас ислом динимизни ниқоб қилиб олган ғаразли ҳаракат ва кучлар соғлом фикрлайдиган ҳеч бир инсонни ташвишга солмаслиги мумкин эмас. Дунёнинг турли бурчакларида, мусулмон мамлакатларида рўй бераётган қўпарувчилик ва бузғунчилик ҳаракатларидан барчамиз тегишли хулоса чиқариб, доимо ҳушёр, сезгир ва огоҳ бўлиб яшашимиз кераклигини хаётнинг ўзи тақозо этмоқда”.

Эзгуликка йўғрилган ғояларни бузаётган диний-экстремистик гуруҳларнинг асл моҳиятини жамоатчиликка етказиш, энг аввало, келажагимиз ва орзу-умидимиз бўлган ёшларга тушунтиришимиз керак. Ёшларнинг бундай гуруҳларнинг “жиҳод”, “ҳижрат”, “шаҳидлик” ва бошқа ғояларини чиройли тўн бичилган  сўзларига ҳикоятда келтирилган филнинг хартуми, қулоғи ва оёғини тасвирлаган кўзи ожизларга ўхшаб бир томонлама фикр юритишидан сақлашимиз лозим. Уларга бу сўзларнинг асл мазмун ва моҳиятини тушунтириб, уларда юқоридаги чалғитувчи вазиятларга рўпара келганларида илмий ва руҳий жиҳатдан тайёр бўлишларига кўмак беришимиз керак. Шунда ёшларимиз ҳар қандай воқеликка теран назар ташлаб, ўзларининг чуқур билимлари, соф эътиқодлари, мустаҳкам иродалари ва Ватанга бўлган муҳаббатлари билан ҳар қандай муаммоларни еча олдиган бўлиб, юртимиз, динимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги ва ота-она бахт-саодати учун хизмат қиладиган солиҳ фарзандлар бўлиб етишади.

Зайнилобиддинхон Қудратов,
Пискент тумани  бош имом-хатиби в.в.б

 

 

Read 5377 times

Мақолалар

Top