Мақолалар

Жамоат намозига шошилиш

Намозни жамоат билан ўқиш муҳим фазилатли амалдир. Салафи солиҳларимизнинг намоз билан боғлиқ ҳолатларини бирма-бир келтириб ўтамиз. Зеро, улар намозни жамоат билан адо этишга ҳарис эдилар.

Улар намозни бошиданоқ, “такбири таҳрима”сиданоқ имом билан бирга киришишга ҳарис эдилар.

Улар намознинг арконларини, фарз, вожиб, суннат ва одобларини ўз ўрнига қўйишга жуда ҳам ҳарис эдилар.

Улар намозларини хушуъ ва хузуъ билан адо этишга ўта ҳарис эдилар.

Ҳадисдан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, намоз мўминларнинг кўз қувончларидир. Зеро, Пайғамбар алайҳиссалом айтдилар: “Кўзимнинг қувончи намозда қилинди”. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Билол розияллоҳу анҳуга: “Намоз билан бизларни роҳатлантир, эй Билол” дер эдилар. Бизнинг бугунги кундаги ҳолатимизнинг тили эса, “Намозимни тезроқ ўқиб олсам” дейди.

 Салафи солиҳлар намозни жамоат билан ўқишга қанчалик жон куйдиришлари тарих саҳифаларига битиб қолдирилган.

“Саҳиҳи Муслим”да Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан саҳобаларнинг жамоат намозига қанчалик эътибор беришлари жонли суратларда шундай нақл қилинади: “Биз намоздан фақатгина нифоқи очи-ойдин ошкор бўлган мунофиқгина кеч қолади деб ўйлар эдик”.

Таналари соғ бўлса ҳам бомдод намозидан ухлаб қолувчилар эртага Аллоҳнинг ҳузурида қандай узрларни айтар эканлар-а?!

Саъид ибн Мусайяб раҳимаҳуллоҳ атадилар: “Қир йил бир вақт намозни ҳам жамоатсиз ўқимадим”.

Рабиъ ибн Хусайм раҳимаҳуллоҳни масжидга олиб борилар эди. Чунки, у кишида фалаж касаллиги бор эди. Шунда ёнидагилар у кишига “Сизга рухсат берилган-ку, уйингизда ўқисангиз бўлмайдими?” дейишди. У зот: “Мен “Ҳаййа алас солаҳ” ни эшитаман. Қандай қилиб бўлса ҳам намоз учун масжидга боришга имкон топсангиз, боринглар. Ҳатто эмаклаб бўлса ҳам, судралиб бўлса ҳам боринглар” деб жавоб бердилар.

Омир ибн Абдуллоҳ ибн Зубайр жон талвасасида ётган чоғларида муаззиннинг овозини эшитдилар ва: “Мени қўлимдан тутиб масжидга олиб боринглар” дедилар. У кишига: “Ахир сиз касалсиз-ку?!” дейишганда, у зот: “Аллоҳнинг чорловчисини эшитдим, энди қандай қилиб унга жавоб бермайман?!” дедилар. Кейин у кишини қўлларидан тутиб, масжидга олиб боришди. Масжидда шом намозига имом билан бирга киришдиларда, бир ракат ўқиб, жон бердилар.

Саъид ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳ агар намозни жамоат билан бирга ўқий олмасалар, йиғлар эдилар.

Ҳа, улар жамоат намозига улгура олмай қолишса, йиғлашар эди.

 “Саҳиҳи Муслим”да шундай ривоят келтирилган: “Бир қавм агар намозга кеч келишда бардавом бўлсалар, Аллоҳ ҳам уларни охирига суриб қўяди”.

Ушбу ҳадиснинг шарҳида Имом Нававий шундай дейдилар: “Улар биринчи сафдан кеч қолаверганлари учун Аллоҳ таоло уларни Ўзининг раҳматидан ёки улкан фазлидан, мартабанинг юксалишидан, илмдан ва бошқа нарсалардан ортга суриб қўяди”.

Адий ибн Ҳотим розияллоҳу анҳу айтадилар: “Мусулмон бўлганимдан бери намозга иқомат айтилаётганда, доимо, таҳоратли ҳолда бўлдим”.

Муҳаддислардан бўлмиш Иброҳим ибн Маймун заргарлик билан шуғулланар эдилар. Болғаларини кўтарган пайтда азонни эшитиб қолсалар, ўша заҳоти болғани қўйиб, намозга чиқиб кетар эдилар.

Саъид раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Ўттиз йилдан бери муаззиннинг азонини масжидда туриб эшитдим”.

Бир ҳадисда шундай дейилган: “Ким қирқ кун “такбири таҳрима”ни имом билан топиб жамоат билан намоз ўқиса, унга иккита омонлик ёзилади: дўзахдан омонлик ва мунофиқликдан омонлик”. Термизий ривояти.

Аъмаш раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинишича, у кишининг ёшлари етмишга яқинлашиб қолган бўлса ҳам ҳеч “такбири таҳрима”дан ортда қолмаган эканлар.

Иброҳим Таймий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Агар “такбири таҳрима”га бепарволик қилаётган одамни кўрсанг, ундан қўлингни юв”. Яъни ундан узоқлаш.

Ҳа, салафи солиҳларимизнинг намозга ҳарисликлари, намозга эрта боришга уринишлари мана шундай эди.

Бизчи? Биз ҳам намозга эрта бориш учун бир-биримиз билан мусобақа қиламизми? Биз имом билан бирга такбири таҳримани топишимиз у ёқда турсин, узрсиз жамоатдан кеч қоламиз ёки узрсиз жамоатга келмай, намозимизни уйда ўқиймиз. Бизнинг ушбу кеч қолишимизга айтадиган узрларимиз ўргимчакнинг уясидан ҳам заифроқ, бўшроқ маънодаги узрлардир.

Аллоҳ таоло бизга ҳиммат ва ғайрат берсин! Намозини ўз вақтида жамоат билан масжидда адо этадиганлардан қилсин! ОМИН!

 

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Read 3515 times

Мақолалар

Top