Мақолалар

Тинчлигимиз посбонлари

“25 октябрь – Ички ишлар идоралари ходимлари куни”.

Тинчлик – бебаҳо неъмат. Уни сақламоқ, авайламоқ, керак бўлса бу йўлда жон фидо қилиш шу заминда яшаётган ҳар бир фуқаронинг муқаддас бурчидир. Таъкидлаш жоизки, осуда ҳаётимиз, мусаффо осмонимиз, азиз болажонларимизнинг қувноқ кулгиси, ота-оналаримизнинг фаровон умр кечириши юртимиздаги барқарорлик – тинчлик туфайлидир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир ҳадисларида тинчлик-хотиржамлик энг катта неъмат эканлигини таъкидлаб, шундай деганлар: «Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. Улар хотиржамлик ва сиҳат-саломатликдир».

Демак, тинчлик ва хотиржамлик Аллоҳ таолонинг буюк илоҳий неъматларидан биридир. Қолаверса, барча эзгу ишлар рўёбга чиқишининг боиси ҳам осойишталикдир. Шундай экан, инсонлар нафақат мавжуд тинчликни қадрига етиб, шукрини адо этишлари балки, унга ношукрлик қилиб, путур етказиб қўйишдан ҳам сақланишлари лозим.

Тинчлик-хотиржамлик доим эъзозланадиган, унинг учун тинмай шукрона айтиладиган азиз неъматдир. Яратган Роббимизга ҳамду санолар бўлсинки, ўзбек халқига ана шу азиз неъматни насибу рўз айлади. Юртимиз тинч, ҳаётимиз бир маромда, хотиржам кечмоқда, кунларимиз ёруғ, тунларимиз осуда. Ҳар куни эрта тонгда кетиб, кечқурун ишдан қайтамизми, , бир неча кунлик узоқ сафарларда бўламизми, оила аъзоларимиздан кўнглимиз хотиржам.

Ойнаи жаҳон орқали осмонини урушнинг қора булути қоплаган, ҳар куни бегуноҳ қонлар тўкилиб, инсоннинг инсонлик, фуқаролик ҳақ-ҳуқуқи поймол қилинаётган, уй-жойи вайрон, экини пайҳон, мол-мулки талон-тарож бўлаётган юртларни кўрганимизда Ватанимиздаги дориломон кунларнинг қадрини янада чуқурроқ ҳис қиламиз, Парвардигоримизга ҳамду санолар айтамиз. Айни пайтда бу осуда ҳаётнинг хавфсизлигини ҳимоя қилаётган, кеча-кундуз хизматда шай турган тинчлигимиз посбонларига ҳам миннатдорчилик билдирамиз, раҳматлар айтамиз. Уларнинг хизматларини юксак қадрлаймиз ва  ҳар йили октябрь ойининг 25 куниниИчки ишлар идоралари ходимлари куни сифатида бутун юртимизда кенг нишонлаймиз.

Ана шу кун муносабат билан Ички ишлар идораларининг барча ходимларини, Қоровул қўшинларининг ҳарбий хизматчиларини, таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, тингловчи ва курсантларини, хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ходимларнинг оила аъзоларини, ички ишлар идоралари фахрийларини бу байрам билан ўзимиз ва бутун халқимиз  номидан самимий муборакбод этамиз.

Ушбу байрам табриги орқали ўз ороми, тинчи, ҳузур-ҳаловати, роҳат-фароғатидан, керак бўлса жонидан кечиб, Ватанимиз тинчлиги ва осойишталигини ҳимоя қилаётган ички ишлар ходимларининг жиноятчиликка қарши кураш, унинг олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш борасидаги машаққатли хизматини алоҳида эътироф этмоқчимиз.

Мамлакатимизнинг биринчи Президенти Ислом Каримов 2007 йил 25 октябрь куни Ички ишлар идоралари ходимларининг касб байрами муносабати билан йўллаган табрикларида шундай деган эдилар: «Бугунги кунда ички ишлар идоралари сафларида — Ватанимиз манфаатларига садоқатли ҳамда муносиб ўғил-қизларимиз халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини асраш йўлида мураккаб вазифаларни адо этиб келмоқда. …Биз мураккаб замонда яшамоқдамиз. Бугунги кунда мамлакатимиз ҳаётига уюшган ва трансмиллий жиноятчилик, наркобизнес билан боғлиқ хавф-хатарлар таҳдид солмоқда. Бундай бало-қазоларга қарши самарали курашиш, уларга муносиб зарба бериш ички ишлар идораларига тегишли барча хизматлардан аниқ ва ҳамжиҳатликда ҳаракат қилишни, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг ҳар бир ходимидан ўз хизмат бурчини ва масъулиятини чуқур ҳис этган ҳолда, ҳалол адо этишни талаб қилади».

Юртбошимиз бу мақсадларга эришиш учун олтита асосий устувор йўналишлар бўйича вазифаларни белгилаб берган эдилар. Ана шу устувор вазифалар асосида республика ички ишлар идораларининг фаолиятини янада такомиллаштириш, моддий-техника таъминотини яхшилаш, жиноятчиликка қарши курашда профилактиканинг ролини кучайтириш, кадрлар билан ишлаш, ходимларни ижтимоий ҳимоя қилишга қаратилган узоқ муддатли Дастур ишлаб чиқилиб, ижроси тўлиқ таъминланиб келинмоқда.

Мустақил мамлакатимизда кечаётган ислоҳотлар самараси ўлароқ, жамиятимизнинг барча жабҳаларида муносиб ютуқлар қўлга киритилаяпти. Аҳолининг тинч, осуда ва фаровон ҳаёт кечиришини таъминлаш ана шу саъй-ҳаракатларнинг туб моҳиятини ташкил этади. Тинчлик, осойишталик аввало оиладан, маҳалладан бошланади. Шу маънода, вилоятдаги ҳар бир аҳоли яшаш жойларида ички ишлар ходимлари, маҳалла фаоллари, жамоат ташкилотлари вакиллари иштирокида фуқароларни огоҳликка даъват этувчи тадбирлар ўтказиб келинаётир.

Жиноятчиликка қарши кураш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Экстремизм ва унинг турли кўринишларига қарши курашиш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш борасида олиб борилган тезкор-профилактик тадбирлар ўз самарасини бериб, сезиларли даражада ижобий кўрсаткичларга эришилди.

Одам савдоси инсон қадр-қимматига таҳдид солаётган трансмиллий уюшган жиноятлардан бири эканлиги барчага аён. Бу иллат ўз домига асосан ёшларни, айниқса, ёш аёлларни тортиб, жаҳон ҳамжамиятида ташвиш ва хавотир уйғотмоқда. Жиноятчилар учун эса бундай фаолият мўмай даромад манбаига айланган.

Ички ишлар ходимлари, фуқаролар йиғинлари фаоллари, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати бўлимлари, «Истиқболли авлод» ёшлар ахборот-маърифий маркази вакиллари билан бундай ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган учрашувлар, давра суҳбатлари, семинар-тренинглар ўтказишмоқда.

Вазифаларни сидқидилдан адо этишлари учун ички ишлар идоралари ходимларидан халқига, юртига меҳр-муҳаббатли, касбига содиқ, қатъий интизомли ва юксак маънавият эгаси бўлишни талаб қилади. Шунинг учун ҳам тизимда фаолият кўрсатаётган ходимларнинг касбий ва жисмоний тайёргарлиги, сиёсий онги, ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга алоҳида эътибор берилмоқда.

Бугун юртимизда қонунчилик ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлашнинг муҳим бўғини бўлган ички ишлар идоралари тизимини чуқур ислоҳ қилиш бўйича кенг кўламли, мазмун-моҳиятига кўра улкан ишлар амалга оширилмоқда...

Амалга оширилаётган шу ва шу каби ислоҳотлар натижаси ўлароқ бугун юртимиз тинч, ҳаётимиз фаровон. Бу йўлда камарбарста бўлаётган юрт посбонларини яна бир карра касб байрамлари билан муборакбод этамиз!Сизларга мустаҳкам соғлиқ, бахт-саодат, хонадонингизга қут-барака, сермашаққат фаолиятингизда улкан муваффақиятлар тилайман!

Байрамингиз қутлуғ бўлсин!

Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ

Юнусобод тумани бош имом-хатиби,

Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,

«Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби

 

 

Read 8823 times

Мақолалар

Top