Мақолалар

Намозни мукаммал тарзда, рукнларини ўз ўрнига қўйиб адо этиш

Қуръони каримда намозга буюрилган оятларга назар солсак, ҳаммасида “намозни қоим қилиш” лафзи келтирилган. Намозга буюрилган оятларда бундан бошқа лафз ишлатилмаган.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда мўминларнинг сифатлари тўғрисида шундай дейди:

الَّذِينَ يُؤْمِنُونَ بِالْغَيْبِ وَيُقِيمُونَ الصَّلاةَ وَمِمَّا رَزَقْنَاهُمْ يُنفِقُونَ

“Улар ғайбий хабарларга (пайғамбарим Муҳаммад келтирган хабарларга)  имон келтирадиган, намозни баркамол ўқийдиган ва Биз ризқ қилиб берган нарсалардан (садақа ва) эҳсон қиладиганлардир” (Бақара сураси, 3-оят).

Бошқа бир оятда бундай дейилади:

وَأَقِيمُواْ الصَّلاَةَ وَآتُواْ الزَّكَاةَ وَارْكَعُواْ مَعَ الرَّاكِعِينَ

“Намозни баркамол ўқингиз, закот берингиз ва рукуъ қилувчилар (намозхонлар) билан бирга рукуъ қилингиз (намоз ўқингиз)!” (Бақара сураси, 43-оят).

Яна бир оятда мана бундай дейилади:

وَأَقِيمُواْ الصَّلاَةَ وَآتُواْ الزَّكَاةَ

“...Намозни баркамол ўқинг, закот беринг...” (Бақара сураси, 83-оят).

Оятларда намозни қоим қилиш, яъни баркамол адо этиш айтиляпти. Бундан ҳадиси шарифларда намозни қандай ўқиш айтилган бўлса, мазҳабимизда намознинг мукаммал бўлиши учун қандай шартлар келтирилган бўлса, худди шундай қилиб ўқиш кераклиги тушунилади.

Ҳузайфа розияллоҳу анҳу рукуъ ва саждани батамом қилмаган бир кишини кўриб:

“Намоз ўқимадинг! Агар ўлсанг, Аллоҳ Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни халқ қилган табиатидан бошқа табиатда ўласан!” дедилар”.

Бухорий ва Насаий ривоят қилганлар.

Ҳузайфа ибн ал-Ямон розияллоҳу анҳу машҳур саҳобалардан, у киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир нарсани эшитиб, билмасалар гапирмайдилар. У киши розияллоҳу анҳу рукуъ ва саждани тўлиқ қилмай, бошқа ривоятда айтилишича, худди қарға ерни чўқигандек қилиб, намоз ўқиган одамни кўриб, унга танбеҳ бердилар: Бу ўқиган намозинг намоз эмас. Агар доим шундоқ қилиб намоз ўқиб юрган бўлсанг ишинг чатоқ. Мободо ўладиган бўлсанг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг миллатларидан бошқа миллатда ўласан, дегандек гап қилдилар. Бу кофир ҳолинг­да ўласан, маъносини бошқа лафзлар билан айтиш эди.

Ушбу ривоятни далил қилиб Имом Шофеъий, Имом Аҳмад ва ҳанафийлардан Имом Абу Юсуфлар рукуъ ва саждада хотиржам бўлиш фарздир, деганлар.

Имом Абу Юсуф рукуъ ва саждадаги хотиржам туришнинг фарзлиги бир марта «Субҳана Роббиял азийм» ёки «Субҳана Робиял аъло»ни шошилмай айтгунча, деганлар.

Афсуски, ҳаётимизда кўпчилигимиз, худди ушбу ривоятда рукуъ ва саждани яхши қилмай, шошилиб қарға ерни чўқигандек, қилиб намоз ўқиймиз. Демак у одатни ташлаб ҳар бир амални шошилмай, ўринлатиб қилиб намоз ўқишимиз керак. Илмли кишиларимиз Ҳузайфа ибн ал-Ямон розияллоҳу ан­ҳуга ўхшаб иш юритиб, намозни чала ўқиётганларга танбеҳ бериб туришлари керак.

Ҳа, азизлар намозларимизни гўзал тарзда адо этмоғимиз лозим. Намозни гўзал қилиб адо этиш эса фарз вожиб, суннат ва одобларини ўз ўрнига қўймоқдир.

Бир куни бир одам Набий алайҳиссаломнинг масжидларига кирдида, намоз ўқий бошлади. Намозини ўқиб бўлгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб, салом берди. У зот унинг саломига алик олгач, “Орқангга қайт ва намозингни бошқатдан ўқи. Чунки, сен намоз ўқимадинг” дедилар. Ҳалиги одам ортига қайтиб намозини бошқатдан ўқиди. Кейин келиб, яна салом берди. Пайғамбар алайҳиссалом унинг саломига аввалгидек жавоб қайтардиларда, яна “Орқангга қайтиб, бошқатдан намоз ўқи. Чунки, сен намоз ўқимадинг” дедилар. Бу ҳол учинчи марта такрорлангандан кейин бояги одам “Сизни ҳақ ила юборган Зотга қасамки, бундан чиройли ўқий олмайман. Менга ўргатинг” деди. Кейин Набий алайҳиссалом унга қандай намоз ўқиш кераклигини ўргатиб, намознинг барча рукнларини хотиржам адо этиши лозимлигини тушунтирдилар.

“Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқиб бўлиб қайрилдилар ва:

“Эй, фалончи намозингни яхшилаб ўқимайсанми?! Намозхон намоз ўқиганида қандоқ ўқиганига назар солмайдими?! Ахир ўзи учун ўқийди-ку?! Аллоҳга қасамки, албатта, мен худди олд томонимдан кўрганимдек, орт томонимдан ҳам кўрурман”, дедилар”. Муслим ривояти.

Муҳтарам ўқувчи, одамларнинг ичидаги энг ёмон ўғри кимлигини биласизми? Масжиддаги нарсаларни ўғирлайдиган кишими? Ёки фақирнинг ва етимнинг молини ўғирлайдиган кишими? Йўқ!

Набий алайҳиссалом айтдилар: “Одамлар ўғирлайдиган нарсаларнинг энг ёмони намоздан ўғирлашидир”. Шунда саҳобалар: “Қандай қилиб намоздан ўғирлаш мумкин?” деб сўрашди. У зот: “Рукуъ ва саждасини тўлиқ қилмаслик билан” деб жавоб бердилар.

Фазл ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Намоз икки (ракат), икки (ракат)дир. Ҳар икки ракатда ташаҳҳуд ўқийсан. Хушуъ қиласан, тазарруъ қиласан, мискинлик изҳор қиласан, Роббингга икки қўлинг кафтларини юзингга қилиб кўтариб, “Ё, Робб!” дейсан. Ким шундоқ қилмаса, намози чаладир”, дедилар”.

Ушбу ҳадиси шарифларни ўрганиб бўлганимиздан кейин ихлос, хушуъ-хузуъ, тазарруъ ва мискинлик ила намоз ўқиш қанчалик муҳим эканлигини тушуниб етдик.

Шундай экан, биз ҳам талаб даражасида хушуъ ва хузуъ ила намоз ўқишга, олий мақомга эришишга ҳаракат қилишимиз керак.

Аллоҳ таоло барчамизни намозини шошмасдан, ҳар бир рукнларини ўз ўрнига қўйиб адо этадиганлардан қилсин, омин!

 

Islom.uz портали ва бошқа интернет маълумотлари асосида

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Read 3332 times

Мақолалар

Top