Мақолалар

Мен кўрган кунни сизлар кўрманг...

У етим ўсди. Ўн икки ёшидаёқ отаси вафот этди. Онаси уни ўз қарамоғига олди. Онаизор қўни-қўшниларнинг уйларида ишлар, у ердан ортган овқатларни келтириб фарзандини едирар, одамлардан қолган эски кийимларни топиб ўғлини кийинтирар эди. Ишлаб топган пулининг бир қисми билан уйнинг ижара ҳаққини тўласа, қолган қисмини еб-ичишга ишлатар эди.
Кишилар хонадонида хизмат қилиб ҳолдан тойган она сил касалига мубтало бўлиб ётиб қолди. Ночорлиги сабаб, ҳукумат касалхонасига мурожаат қилишга мажбур бўлди, чунки у ерда беморнинг овқатидан хабар олишар, касалини даволашар эди. Лекин баданини кемираётган дард азоби билан уйда ёлғиз қолган фарзандига чекаётган қайғу азобини бирга кўтаришга қурби етмас, у бир вақтнинг ўзида икки дардни – жисми ва нафсини емираётган азобни бошдан кечираётган эди. У Охират диёрига риҳлат қилди. Бола эса қийинчиликлар гирдобида қолди.
Ўғил ўқишни ташлади ва қурилишда ишлашга мажбур бўлди. У аста-секинлик билан қурувчилик сир-синоатини ўрганди ва ҳеч қанча вақт ўтмай бу касбнинг устасига айланди. Бу орада унинг иқтисодий аҳволи ҳам яхшилана борди.
Улғайиб уйланадиган вақти ҳам келиб қолди. Қурувчиликдаги устозининг ҳузурига бориб, унинг қизини қўлини сўради. Устоз рози бўлгач, тўй бўлиб, келин куёвникига олиб келинди.
Йиллар ўтди. Энди унинг уйи, жуфти ҳалоли, фарзандлари бор эди. У касбининг моҳир устаси, ўз ишида омонатдорлиги, бўйнидаги ишни ихлос билан бажариши билан машҳур эди.
Унинг мижозлари кўп бўлиб, хафтада етти кун ишлар, бирор кун ҳам, балки бир соат ҳам дам олмай ишларди. Чунки у фарзандларини ўзи ёшлигида қийналганидек азоб чекишини истамас, уларни болалик гаштини суриб, олий даргоҳларда илм олишини, келажакда ўқимишли етук инсон бўлишини истарди.

У фарзандлари ва аёлига доимо бир гапни такрорлар эди: "Мен ҳаётимда кўп машаққат чекдим, бундан кейинги ҳаётимда ҳам, Аллоҳнинг изни билан у дунёга риҳлат қилганимдан кейин ҳам роҳат топишни, ортимдан олим, солиҳ фарзандлар қолишини истайман" дер эди.

Ота-онанинг қалбидаги нияти шу: ўзи кўрган қийинчиликларни фарзандлари кўрмаслигини хоҳлайди.

Иброҳим Ҳозимийнинг
ОҚПАДАРЛИК ОҚИБАТЛАРИ китобидан

Read 2477 times
Tagged under

Мақолалар

Top