Мақолалар

Илмни ёзиб қўйиш ўта муҳимдир!

Уламоларимиз вақтни ғанимат билишга, китобларда кўрган ёки хаёлларига келган фойдали фикрларни дарҳол ёзиб қўйишга ҳарис эдилар. Улар бу ишни ҳатто тунда ҳам амалга оширардилар.

Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ хаёлларига келган фойдали фикрларни ёзиб қўйиш учун тунда кўп уйғонардилар. Шогирдлари Фирабрий раҳимаҳуллоҳ шундай деган: “Бир куни кечқурун Муҳаммад ибн Исмоилнинг уйларида эдим. У киши тун давомида ўн саккиз марта ўрниларидан туриб, чироқни ёқиб, бирор фикрни ўйлаб, кейин уни ёзиб қўйганларини санадим”.

*****

Имом Шофеий раҳимаҳуллоҳнинг соҳиблари Ҳумайдий у киши билан Мисрдалигида бўлган воқеани ҳикоя қилади. Ўшанда Ҳумайдий кечаси ташқарига чиққанда, Шофеий раҳимаҳуллоҳнинг хоналаридаги чироқлари ёниқ турганини кўриб, деразадан қараса, қоғоз ва қалам турган экан. Воқеани ровийнинг ўзи давом эттиради: “Нима қиляпсиз, эй Абу Абдуллоҳ?” деб сўрадим. Шунда имом: “Бир ҳадис ёки бир масъаланинг маъноси ҳақида ўйладим. Кейин зеҳнимдан кетиб қолишидан қўрқиб, чироқни ёқишларини буюрдим-да, ўша фикрни ёзиб қўйдим” деб жавоб бердилар”.

*****

Ибн Аббор Ҳофиз “Мўъжаму асҳабис Садафий” китобида аллома Абул Қосим ибн Вард Тамимийнинг таржимаи ҳоли баёнида шундай деган: “У киши бирор китобни кўриб қолсалар, уни вароқлаб, юқоридан пастга кўз югуртириб, агар бирор фойдали нарсани топсалар, ёнларидаги вароққа кўчириб қўярдилар. Ҳатто шу тарзда бутун бир мавзуни жамлардилар”.

*****

Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ “Ал-Баҳрул муҳийт” ва бошқа асарлар соҳиби бўлмиш Имом Заркаший раҳимаҳуллоҳнинг таржимаи ҳолини баён қилаётганларида мана буларни зикр қилганлар: “У киши (Заркаший) китоблар бозорига бориб, китобфуруш дўкони олдида тўхтаб, кун бўйи ўша ердаги китобларни мутолаа қилиб, ўзларини қизиқтирган бирор жойи чиқиб қолса, уни ёнларидаги қоғозга қайд этиб, кейин ўша қоғоздаги маълумотни ўз асарларига иқтибос тарзида киритар эдилар”.

 

 

Али ибн Муҳаммад Имроннинг “Ал-Мушаввиқ илал қироати ва талаби илми” китобидан Нозимжон Ҳошимжон таржимаси

Read 2595 times

Мақолалар

Top