Мақолалар

Тобеъинлар саййиди – Саид ибн Мусаййиб

“Агар Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам

 бу инсонни кўрганларида, албатта хурсанд бўлар эдилар”.

(Абдуллоҳ ибн Умар)

Исмлари: Абу Муҳаммад Саид ибн Мусаййиб ибн Ҳазн ибн Абу Ваҳб ибн Амр ибн Оиз ибн Имрон ибн Махзум ибн Яқазо, Ал-қураший, Ал-маданий. Кунялари Абу Муҳаммад.

Оталари ва боболари саҳоблардан бўлиб, кучли, обрўли ҳамда Макка бошқарувида иштирок этувчи Бани Махзум қабиласига мансуб эдилар. Боболари Ямома жангида пайғамбарлик даъвоси билан чиққан “Мусайламатул каззоб”га қарши чиққанлар.

Саид ибн Мусаййиб 13-ҳижрий санада, Ҳазрат Умар халифалигидан икки йил ўтиб, илм манбаи, ҳадис ва фиқҳ маркази, саҳоблар диёри, барака ва раҳмат нозил бўлган Мадинада дунёга келганлар. Кўплаб саҳобалар билан ҳамсуҳбат бўлганлари уларда зуҳд, тақво, адолат, тўғрилик, салобат ва матонат касб қилишларида катта турки бўлди. Шу сабаб, Ибн Мусаййиб кибор – катта ва улуғ тобеъинлардан ҳисобланадилар.

У киши яшаган аср тўрт хулафои рошидинлар даври тугаб, Муовия ибн Абу Суфён разияллоҳу анҳу бошқарувни қўлга олган пайтга тўғри келди. Ўша пайтда одамлар уч тоифага ажралишган эди: Шиалар, Хорижийлар ҳамда мўтадил мусулмонлар. Бундан ташқари кўпгина фитналар, сиёсий беқарорликлар юзага чиқиб кетган эди. Илм аҳллари эса иккига ажрган эди: ҳадис аҳли – Мадинада, раъй аҳли – Куфада жамланган эди. Одамлар орасида мавзу ҳадислар тўқийдиган, Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламга ёлғон ҳадислар нисбатланадиган бўлиб қолди.

Саид ибн Мусаййиб мана шундай таҳликали ва хатарли замонда фитналарга аралашмадилар. Қалбларини масжидга боғладилар. Ҳатто одамлар “Мана бу телбани кўринглар”, деб эрмаклайдиган ҳам бўлди. Шунга қарамай, ўз у киши ўз матонатида, саҳобалардан олган илоҳий тарбияларига содиқ қолдилар. Мадинада фатво берувчи етти тобеъиндан бири эдилар. Улар: Саид ибн Мусаййиб, Урва ибн Зубайр, Қосим ибн Муҳаммад, Хорижа ибн Зайд, Абу Бакр ибн Абдурроҳмон ибн Ҳорис ибн Ҳишом, Сулаймон ибн Ясор, Убайдуллоҳ ибн Абдуллоҳ ибн Масъуд ибн Утба.

Ибн Мусаййиб бир вақтнинг ўзида муҳаддис,фақиҳ, муфтий, зоҳид, парҳезкор, обид ва олим зот эдилар.

Виқор ва салобатларидан ҳамма ҳам у кишига журъат қилиб гапирмас эди. Агар бир нарса сўрайдиган бўлса, раҳбарлардан изн сўргандек изн сўрар эди.

Пайғабаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларида доимий дарслари бўлар эди. Мажлиси илму маърифат, яхшилик, панд-насиҳат ва фиқҳга бурканган эди.

Жуда кўп шогирдларга устозлик қилганлар. Масалан, ўғиллари Муҳаммад, Солим ибн Абдуллоҳ ибн Умар, Муҳаммад ибн Шиҳоб Зуҳрий, Умар ибн Динор, Қатода, Абу Зинод ва бошқалар.

У киши ҳақида уломолар, ҳамасрлари мақтовли гапларни айтиб ўтишган.

Ибн Умардан бирор нарса сўралса ва укишига бу нарса ойдин бўлмаса: “Саид ибн Мусаййибдан сўранглар, чунки, у солиҳлар билан кўп бирга ўтиради”. Яна: “У уламолардан бир. Агар Саидни Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам кўрганларида, хурсанд бўлар эдилар. Аллоҳга қасамки, у тақводорлардан”.

Макҳул айтади: “Ер юзининг ҳамма ерини илм талабида айланиб чиқдим. Саид ибн Мусаййибдек олимни учратмадим. У олимларнинг олими”.

Қатода айтади: “Унингдек ҳалол ва ҳаром илмини билувчини учратмадим”.

Имом Заҳабий “Тазкиротул ҳуффоз”да келтирадилар: “Имом, Шайхул ислом, Мадина фақиҳи, тобеъинлар улуғи, илми кенг, ҳурмати баланд,  дини мустаҳкам, ҳақни сўзлагувчи ва нафслар фақиҳидир”.

Ибодат ва қулликнинг асл мазмунини англаб етган эдилар. Солиҳ ибн Муҳаммад ибн Зоида айтади: “Бани Лайслик ўспиринлар ибодатга берилган эдилар. То асргача масжидда ўтиришар эди. Шунда Солиҳ Саидга деди: “Мана бу ибодат!” Саид деди: “Бу ҳақиқий ибодат эмас, аслида ибодат динда фақиҳ бўлиш, Аллоҳ таолонинг ишларини тафаккур қилишдир”. Яъни ҳақиқий ва комил ибодат кўр-кўрона эмас, аксинча илм ва тафаккур билан қилингани демоқчи бўлдилар.

Кечаси Қуръон тиловатидан завқ олар, нафл ва таҳажжуд намозларини канда қилмас эдилар. Ўз аҳли оилаларини ҳам тунда таҳажжудга уйғотар эдилар.

Абдул Мунъим ибн Идрис оталаридан ривоят қиладилар: “Саид ибн Мусаййиб 50 йил хуфтоннинг таҳорати ила бомдодни ўқиган”.

Жамоат намозига алоҳида эҳтимом ва эҳтирмлари боис, 50 йил биринчи сафда, биринчи такбирда, яъни кеч қолмай ўз вақтида келар эдилар. Ўзлари ривоят қилиб: “Эллик йил бирор марта биринчи такбирни ўтказиб юбормадим ҳамда бирорта одамнинг бошининг орқа томонини кўрмадим”, дедилар. Яъни биринчи сафни қўлдан бой бермаганлари тушунилади. Яна айтадилар: “Ўттиз йилдан бери муаззин масжидда азон айтса, мен албатта масжидга турган бўлар эдим”.

Жуда кўп рўза тутар ва уни сир сақлар эдилар. Рўза тутиш қайтарилган кунлардан бошқа кундарда албатта рўзадор юрардилар.

Ҳаж ва умра қилишга қаттиқ ҳаракат қилганлар. Ибн Ҳармала қирқ марта ҳаж қилганларини айтиб ўтган. Тўғри, ҳаж умр давомида бир маротаба фарз бўлсада, у киши Аллоҳнинг раҳмати ва мағфиратидан умидвор бўлиб, қайта-қайта Байтуллоҳга юзланар эдилар. “Мабрур ҳажнинг мукофоти фақатгина жаннат бўлажак”, башоратидан умидвор эдилар.

 Дуони ҳам узоқ қилар, ижобати аниқ бўлар эди. Ҳатто Бани Умайя у кишига озор берганлари учун ҳаж қилиб, у ерда ўзларига қарши дуо қилишларидан чўчирдилар. Аммо Саид ибн Мусаййиб ўз нафслари учун баддуо қилмасдилар.

Саид ибн Мусаййиб оила қурадиган ёшга етганларида кўпчиликнинг у кишига ҳаваси ва ўз қизини илиниш ҳисси ҳам мавжуд эди. Буюк саҳоба Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу қизларини Саидга никоҳлаб бердилар. Ибн Мусаййиб саҳобанинг куёви бўлиш бахтига ҳам эришдилар. Кўпгина ҳадисларни қайноталари Абу Ҳурайрадан ривоят қилганлар.

Турмушлари содда, нонушта ва кечки таомлари оғиз очиш ва ёпишда еган нарсалари эди. Нон ва ёғ ёки бир неча хурмога қаноат қилганлар. Тақдир тақазоси ила ҳибс қилинганларида қизлари жуда кўп таом келтиради. Қизларига оддий, доимий ейдиган таомларни келтиришини, бу каби кўп овқат олиб келмаслигини таъйинлайдилар.

Ўзлари айтадилар: “Ким Аллоҳдан беҳожат бўлса, одамларга тиланадиган бўлиб қолади”. Шу боис, бировдан нарса таъма қилма, нарса ҳам олмас эдилар. Ўзлари ҳалол меҳнат қилиб, ёғ савдоси билан кун кўрардилар.

Қайноталари Абу Ҳурайра қизлари учун Саид ибн Мусаййибни муносиб куёв деб баҳолаган бўлсалар, ўзлари ҳам қизларини турмушга беришда энг муносиб куёвни танладилар. Тарихчилар ушбу машҳур қиссани завқ билан битиб қолдирганлар:

“Ибн Абу Вадоъа айтади: Саид ибн Мусаййибнинг илм ҳалқаларида, мажлисларида доим бирга бўлар эдим. Бир неча кунга йўқ бўлиб кетдим. Қайтиб келсам, “Қаерда эдинг?” деб сўради. Мен: “Аҳлим вафот этди. Уни сўнгги йўлга кузатиш билан машғул бўлиб қолдим”, дедим. Саид: “Бизга ҳам хабар бермабсан, бориб дуо қилардик”, деди. Кейин мен турмоқчи бўлгандим, “Бирортасини қўлини сўрадингми?” деди. Мен: “Аллоҳ сизга раҳм қилсин, ким ҳам мендек фақирга қизини берарди. Бор йўғи 2-3 дирҳамим бўлса...” дедим. Шунда у: “Мана, мен сенга қизимни бераман”, деб айтиб қолди. “Сиз шу ишни қиласизми?” дея ҳайратда қолдим. У “Ҳа”, дедида, Аллоҳга ҳамд, Набий саллоллоҳу алайҳи васалламга саловат айтди. Мени қизига икки ёки уч дирҳам эвазига никоҳлаб қўйди. Ўрнимдан турдим, шодлигимдан нима қиларимни билмай қолдим. Уйимга қайтиб бориб, кимнинг қизини олганимни, кимга омонотдор бўлганимни ўйлай бошладим. Рўзадор эдим, бир ўзим ифтор қилиб, бироз дам олдим. Кейин эшик тақиллади: “Ким у?” дедим. Ташқаридан: “Саид”, деган жавоб бўлди. Саид исмлари ҳақида ўйлай кетдим. Наҳотки Саид ибн Мусаййиб бўлса?! У қирқ йилдан бери ҳовлиси ва масжид орасидан бошқа ерда кўринмасди, бирор ерга чиқмасди. Менинг уйимга келган бўлса?” деб тараддудланиб қолдим. Олдига чиқдим ва: “Эй, Абу Муҳаммад, олдингизга чорласангиз, етиб борардим-ку, ўзингиз келибсиз!” дедим ҳижолатдан. У эса: “Йўқ, аксинча, сен келишга ҳақлироқсан. Бўйдоқ эдинг, мана, уйландинг. Энди ёлғиз ўзинг тунашингни яхши эмас. Мана аёлингни ўзим билан бирга олиб келдим”, дедида, қизини эшик томон ундади. Қиз уятдан йиқилгудек бўлди. Хонадаги нон ва ёғни чироққа яқин қўйдим. Тепага чиқдим ва қўшниларни ҳам чақирдим. Улар аста-секин кела бошлашди ва нима гаплиги сўрашди. Мен: “Алам қилсин, Саид ибн Мусаййиб мени қизига уйлантириб қўйди. Мана қизини олиб меникига келди”, дедим. Улар ишонқирамай, Саиднинг олдига йиғила бошлашди. Бу хабар онамга ҳам етди. У ҳам дарҳол етиб келди ва: “Шу қизга уч кун муносиб бўлишингдан аввал унга яқинлашсанг, юзим юзингга ҳаромдир!”, деди. Уч кун ўзимни ундан узоқ қилдим. Кейин ёнига кирдим. Кўрсамки, жуда гўзал, Аллоҳнинг китобини ёд олган, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳивасалламнинг суннатларига амал қиладиган ҳамда эрнинг ҳаққига ўта риоя қиладиган аёл экан. Бир ой ўтди. Саид бизникига келмади. Мен ҳам унинг олдига бормадим. Кейин унинг олдига бордим. Дарс айтаётган экан. Салом бердим, алик олди. То дарси тугаб, холи қолмагунимизча ҳеч нарса гапирмади. Кейин: “Бу одамнинг ишлари қандай?” деб сўради. Мен: “Дўст ҳавас қиладиган, душман куйиб ёнадиган ҳолатда”, дедим. Қайнотам деди: “Агар сени бирор нарса қониқтирмаса, асони ол (асо билан дакки беравер)”, деди. Кейин мен кетдим. У бизга йиригма минг дирҳам бериб юборди”.

Саид ибн Мусаййибнинг қизларига аслида номзодлар, харидорлар талай эди. Хусусан, халифа Абдулмалик ибн Марвон ўғли Язид ибн Марвонга қизларини сўраганда, ибн Мусаййиб буни сочиликни қабул қилмайдилар. Натижада, халифанинг ўғлига рад жавоблари учун юз дарра калтакланадилар. Олим зот тақвлдор қизини фақир бўлсада толиби илмга муносиб кўрган эди. Подишоҳнинг таҳдиди ва одамларнинг гап-сўзи уларни заррача ўйлантирмаган эди...

   

Тошкент ислом институти ўқитувчиси

Н.Саидакбарова тайёрлади 

 

Read 2914 times

Мақолалар

Top