Мақолалар

Иймонимизни асрайлик!

Қабристон зиёратига чиққан одам Аллоҳнинг Каломини тиловат қилиб, савобидан ўтган мўминларнинг руҳларини баҳраманд қилишини Аллоҳдан сўрайди. Ибрат олади, қабристондан қайтгач солиҳ амалларни кўпайтиришга ҳаракат қилади. Агар қабрда ётган кишилардан фарзанд, бойлик, уй-жой, машина ва ҳоказо ёрдамларни сўраса, Аллоҳга ширк келтирган бўлади, иймонига футур етади. Аллоҳ таоло ширкни кечирмайди! У Зот Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

“Албатта, Аллоҳ ўзига (бирор нарса) шерик қилинишини кечирмайди. Бундан ўзга (гуноҳлар)ни (Ўзи) хоҳлаган кишилар учун кечиргай. Кимда-ким Аллоҳга ширк келтирса, демак, у (тўғри йўлдан) жуда узоққа адашибди” (Нисо сураси, 116-оят).

Қабристонга борган киши қабрда ётганлар бошқаларга ёрдам бериш у ёқда турсин, ҳатто ўзларига ёрдам беролмасликларини, сажда қилгилари, садақа бергилари келса-да, шу ишларни қилолмаётганликларини ва қилолмасликларини англаб етиши керак!

Шунингдек, у ердан қайтаётган одам ўлимга, охиратга яхши тайёргарлик кўриши кераклигини ҳис қилиб, солиҳ амалларни кўпайтиришга уринмоғи лозим. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан қабрларни зиёрат қилиш ўлимни, охиратни эслатиши борасида ҳадислар ворид бўлган.

Сулаймон ибн Бурайда отасидан ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизни қабрларни зиёрат қилишдан қайтарган эдим. Батаҳқиқ Муҳаммадга онасини зиёрат қилишга изн бўлди. Бас, қабрларни зиёрат қилинглар.  Албатта, улар охиратни эслатади”  дедилар”.

Ўлим пайтида атрофимиздаги йиғлаб турганларга қараб: «Йиғламанглар! Айрилгани эмас, учрашгани кетяпман. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалар билан учрашгани кетяпман» деб, шаҳодат калимасини айтиб, ўлимни кутиб олишимизни Аллоҳ таоло барчамизга насиб этсин!

 

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

 

 

Read 2644 times
Tagged under

Мақолалар

Top