Мақолалар

Янги лойиҳа: Дуо қилайлик!

Дуо – энг улуғ ибодат. Ҳадиси шарифда “Дуо ибодатнинг мағзидир” дейилган. Инсон бошига тушган мушкулнинг ариши, қарздан қутулиши, беморликдан тузалиши, иши юришиши, оила қуриши, сафардан омон қайтиши ва бошқа ҳожатлари раво бўлишида дуо қилиш муҳимдир. Зеро, у шу дуоси орқали Аллоҳ таолога муножот қилиб, Ундан ёрдам сўрайди. Дуо қилишда бошқа сабабларни ҳам амалга оширади. Айниқса, кўпчиликнинг ёки инсонларнинг бир-бирлари ҳақларига қилган ғоибона дуолари тезроқ ижобат бўлиши умид қилинади.

Абу Дардо розияллоҳу анҳу шундай дейдилар, Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Қайси бир мусулмон ўзининг биродарига ғоибона дуо қилса, бир Фаришта: “ва лака бимисл” – “Сенга ҳам дуойинг мислича бўлсин” деб туради”, деганларини эшитдим (Имом Муслим ривояти).

Бошқа ривоятда эса: “Мусулмон кишининг ўз биродарига қилган ғоибона дуоси мустажоб дуодир. Унинг бош томонида муваккал бир фаришта бўлади, биродарининг ҳаққига ҳар дуо қилганида: “Амин! Ва лака бимисл деб туради, дедилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Muslim.uz сайти жамоаси томонидан “Дуо қилайлик!” номли янги лойиҳа бошланганини маълум қиламиз. Энди сиз сўрамоқчи бўлган дуоингизни https://t.me/DuoQilaylikBot ушбу манзилга ёзиб юборишингиз мумкин. Биз дуоларингизни умумлаштириб, Muslim.uz сайтида ҳафтанинг ҳар пайшанба кунлари соат 17:00 да, яъни Пайшанба куни тугаб, Жумъа кунига ўтар маҳалида эълон қиламиз. Албатта, эълон қилинган дуоларни ўқиган мухлисларимиз “Омин!” дейишади. Бу эса дуо ижобат бўлишининг бир неча шартларини ўзида мужассам этади.

Аллоҳ таоло барчамизнинг дуоларимизни ижобат айлаб, Ўзининг ҳидоятидан айирмасин! Омин!

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 3777 times

Мақолалар

Top