Мақолалар

Аллоҳ таолодан меҳрибонроқ ҳеч ким йўқ!

Волидангнинг ой чеҳрасига қараганингда юзингда табассум, қувонч балқийди. Энди сенинг ва ота-онангнинг Робби бўлган Зотнинг карамли жамолига назар солиш ҳақида нима деб ўйлайсан?!

*****

Банда энг кўп хурсанд бўладиган нарса мусулмонлиги учун хурсанд бўлишидир. Банда Аллоҳ таолога ўзини мусулмонлардан қилгани учун кўп шукр қилиб, ҳамда айтади. Аллоҳнинг бизга раҳмати сабабли биз мусулмон ҳолда туғилдик. Ҳа, Аллоҳ таоло бизга Исломни биз сўрамасимизданоқ бериб қўйди. Энди Ўзидан сўраймиз: “Эй Роббим, бизни жаннатинг билан ризқлантиргин!”

*****

Ҳар бир банданинг Аллоҳ таоло раҳматидан оладиган насибаси Аллоҳ таолонинг азамати ўша банданинг қалбида қанчалик экани билан белгиланади.

*****

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу дедилар: “Аллоҳга қасамки, онага яхшилик қилишдан кўра Аллоҳ таолога маҳбуброқ амални билмайман”.

*****

Оқил киши ҳеч бир мусулмон билан хусуматлашишда муболаға қилиб юбормайди. Чунки, сен унинг Аллоҳ таоло ҳузурида қандай мартабада эканини билмайсан.

Оқил киши бу дунёда Аллоҳ таолонинг розилиги учун солиҳ амалларни кўплаб захира қилади. Шунда қиёмат куни Аллоҳ таоло ўша бандасига кўплаб неъматларини, мукофотларини ато этади.

*****

Бадбахт ким? Бадбахт – Аллоҳ таолонинг ҳузурига борганда хурсанд қиладиган амаллари бўлмагани сабабли хурсанд бўлолмайдиган кимсадир.

*****

Аллоҳга қасамки, сен учун Аллоҳ таолодан кўра раҳмлироқ, меҳрибонроқ ҳеч ким йўқ. Агар Аллоҳ сенга раҳм қилмаса, бошқа ҳеч ким раҳм қилмайди.

*****

Ким Аллоҳ таолони яхши таниса, кеч бўлганда Роббидан Ўзига яқинлаштиришини, Ўзининг дўстларидан қилишини, қалбида Ўзидан бошқани қолдирмаслигини сўраб, Унга муножот қилади ҳамда У Зот субҳанаҳу ва таъолонинг ушбу қавлини эсга олади:

قُلْ إِنَّ صَلاَتِي وَنُسُكِي وَمَحْيَايَ وَمَمَاتِي لِلّهِ رَبِّ الْعَالَمِينَ لاَ شَرِيكَ لَهُ وَبِذَلِكَ أُمِرْتُ وَأَنَاْ أَوَّلُ الْمُسْلِمِينَ

“Сен: “Албатта, менинг намозим, ибодатларим, ҳаёт ва мамотим оламларнинг Робби Аллоҳ учундир. Унинг шериги йўқ. Ана шунга буюрилганман. Ва мен энг аввалги мусулмонман... деб айт” (Анъом сураси, 162-163-оятлар)

*****

Салафи солиҳлардан бирлари шундай деган эканлар: “Аллоҳга қасамки, агар менга қиёмат куни Аллоҳ таоло Ўзи ҳисоб қилиши ёки онам мени ҳисоб қилишини танлаш имконини берганида, мен Роббим мени ҳисоб қилишини танлаган бўлардим.  Албатта, Аллоҳ таоло менга онамдан ҳам раҳмлидир”.

*****

Барчамиз Аллоҳ таолодан бизга бу дунёда ҳам, охиратда ҳам офият, афв беришини сўраймиз.

 

Шайх Солиҳ Мағомисий ҳафизаҳуллоҳнинг мавъизасидан

Нозимжон Ҳошимжон таржимаси

Read 2588 times

Мақолалар

Top