Мақолалар

Нега кунларимизда барака йўқ?

Баъзилар туғилган куни келса, шу кунда хурсандчилик қилиб, нишонлайди. Биров 10 ёшга тўлди, биров 20 ёшга тўлди, бошқаси 30 ёшга тўлди ва ҳоказо. Бу масалада иккита нарсага эътибор бериш керак.

 

Таваллуд кунида нима қилиш керак?

Биринчиси шуки, кунларимиз ўтар экан, биз қабр сари яқинлашиб борамиз. Саҳобаи киромлар ўтган умрларига назар солсалар кулмас, хурсандчилик қилмас, балки ўзлари учун йиғлардилар. Биргина гуноҳ учун Аллоҳнинг ҳузурида ҳисоб бериш қанчалик оғир. Энди йиллар давомида қилинган гуноҳлар учун нима деб жавоб берамиз?

Йиллар ўтар экан, ҳар биримиз ўзимизга “Мен шу ўтган йилларда Роббимнинг розилиги учун нима амал қилдим-у, Унинг ғазабини келтирадиган қандай гуноҳлар содир этдим? Ахир бу дунёдан ўтганимдан сўнг Роббимнинг ҳузурида туриб, ҳар бир қилган ишларим учун жавоб бераман-ку! Жавоб беришим осон бўлиши учун солиҳ амалларни кўпроқ қила олдимми?” деб савол бериши керак. Кунлари ўтса-да унда солиҳ амалларни кўплаб қилолмаган, гуноҳларга қўл урган, одамларнинг ҳар куни бирин-кетин вафот этаётганларини кўрган, қабрда, охиратда нима деб жавоб бераман дея ўйлаб кўрган инсон ёшига ёш қўшилиб, қабрига бир йил яқинлашган кунини хурсанд бўлиб ўтказмайди. “Қанча намозни қазо қилдим?”, “Қанча рўзани тутолмадим?”, “Неча йил закот беролмадим?”, “Кимларни ғийбат қилдим?”, “Кимларнинг пулини ўзлаштирдим?” деган саволлар оғушида юрадиган киши таваллуд санаси келганда ёки йил охирлаб, янги сана бошланганида шод бўлмайди. Умридан бир йил кетса-да амаллари кўпаймаганига, қабрига бир яқинлашса-да тавба қилмаганига йиғлайди, надомат қилади.

Йиллар ўтишини нишонлашдан олдин юқоридаги саволларни ўзимизга бериб кўришимиз ва унинг жавобига ҳаракат қилишимиз лозим.

“30 ёшга тўлдим. Шу ўтган умримда қилган амалларим Аллоҳ таолони рози қиладими ёки Унинг ғазабини келтирадими?”

Бу жуда муҳим ва жиддий савол! Биз бу кунда хурсанд бўлишга ҳақлимизми? Байрам қиладиган аҳволдамизми? Нишонлашга арзийдиган амалларни қила олдикми?

 

Бараканинг йўқолиш сабаблари

Иккинчиси шуки, аслида биз кунлардан барака йўқолганига йиғлашимиз керак. Бугун биз яшаётган давр саҳобаи киромлар, тобеинлар яшаган даврдагидек баракотли эмас. Ўтмишда боболаримиз, момоларимиз қариндошлардан, қўшнилардан ҳол-аҳвол сўрар, борди-келдини ўрнига қўйишарди.

Бизни эса ижтимоий тармоқлар бир-биримиздан узоқлаштирди. Бир-биримизга саломни фейсбукда беряпмиз. Меҳмондорчилик фейсбукда бўляпти. Қариндаошлар билан силаи раҳм фейсбукда бажариляпти. Ён қўшнимиздан ҳам интернет орқали, телеграм орқали ҳол-аҳвол сўраймиз.

Авваллари биров бировни алдамас, бировнинг молини ўзлаштирмас, хиёнат қилмас, беҳаёлик қилмас, очиқ-сочиқлиги билан мақтанмас эди.

Бугун алдов, хиёнат, гина, ҳасад, кўролмаслик, ҳаром луқмадан тийилмаслик, бировнинг ҳаққидан қўрқмаслик, жосуслик, чақимчилик ва фаҳш ишлар анчагина кўпайди. Аҳволимиз шундай бўлгач, ёшимиз тўлган куннинг нимасини байрам қиламиз?

Ҳозирги пайтда барчамиз кунларимизда, таомимизда, пулларимизда, фарзандларда ва бошқа ишларимизда барака йўқлигини сезиб турамиз. Унутманг, замон, дунё ўзгармайди. Аллоҳ таоло бу дунёни қандай яратган бўлса, шундайлигича турибди. Дунё саҳобалар даврида қандай бўлса, шундайлигича турибди. Аммо нафслар, қалблар ўзгарди. Олдинлари нафслар, қалблар пок, тоза эди. Унда гина, кибр, ҳасад, манманлик, бировни кўролмаслик деган иллатлар йўқ эди. Оила даврасида ўтириб, бир-биримиз билан суҳбатлашардик. Ота-оналаримиз билан гаплашардик. Бугун деярли барчамиз телефонимиз экранларидан бош кўтармаймиз.

Авваллари ота-онамиздан аждодларимиз ҳақида сўрардик. Бугун эса бу нарсаларни сўраш у ёқда турсин, ота-оналаримиз билан гаплашмаймиз.

Хўш, бир кунда неча соат ота-онангиз юзига тикиласиз-у, қанча вақт телефонингиз экранига қарайсиз? Албатта, бу саволга жавоб беришга уяласиз.

Шундай экан, таваллуд топган кунимизда қайси юз билан хурсандчилик қиламиз?!

Кунларимизнинг баракаси нега кетди?!

Чунки қўшнимизнинг аҳволини сўрамай қўйдик, қариндошимиз билан алоқаларни узяпмиз, у одамнинг молини олишга, бу одамни ғийбат қилишга, фалончининг устидан бўҳтон ёғдиришга уриняпмиз. Гуноҳларни қиляпмиз, фаҳш ишларнинг барча кўринишларидан тийилмадик. Натижада, кунларимиздан барака кетди.

Олдингилар молни энг охирига қўйишар, энг муҳим мақсад ва интилишлари Аллоҳнинг розилиги эди. Ҳозир эса, афсуски, кўпчиликнинг фикру зикри нима қилиб бўлса ҳам пул топиш, бойиш, яхши уйда яшаш, яхши машинада юриш, яхши либослар кийиш, лаззатли таомлар ейиш бўлиб қолди. Ҳатто айримлар молни ота-онасидан ҳам устун қўядиган, аввал молга, кейин ота-онасига эътибор қаратадиган бўлиб қолди.

Одамларда худбинлик кайфияти устун бўлиб боряпти. Қўшнисининг оч ўтиргани, қариндошининг оғир беморлиги, дўстининг бошига ташвиш тушгани билан умуман иши йўқ. Ўзим бўлсам бўлди, ўзим кийинсам, аёлим ва фарзандларим соғ бўлса, машинам, уйим бўлса, қорним тўқ бўлса бўлди. Бошқалар билан нима ишим бор. У менинг муаммоим эмас-ку, дейдиган кишилар бўй кўрсатиб боряпти. Бу жуда ҳам оғир мусибатдир. Аслида биз мўмин-мусулмонлар ўзаро ака-укамиз-ку!

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

إِنَّمَا الْمُؤْمِنُونَ إِخْوَةٌ فَأَصْلِحُوا بَيْنَ أَخَوَيْكُمْ وَاتَّقُوا اللَّهَ لَعَلَّكُمْ تُرْحَمُونَ

“Албатта, мўминлар биродардирлар, бас, икки биродарингиз ўртасини ислоҳ қилинг, Аллоҳга тақво қилинг, шоядки, раҳм қилинсангиз” (Ҳужурот сураси, 10-оят).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадисларидан бирида шундай марҳамат қилганлар: “Мўминлар ўзаро раҳму мурувватда, меҳру муҳаббатда бир жасад кабидирлар, агар унинг бир аъзоси оғриб қолса, қолган аъзолари ҳам бу оғриқни иситма ва бедорлик билан қарши олади” (Имом Муслим ривояти).

Демак, аҳволимиз ҳадисдаги таърифга тескари экан.

 

Нима қилишимиз керак?

Энди барча нарсадаги барака яна қайтиши учун нима қилишимиз керак? Ҳалол, иффатли, гуноҳдан йироқ, силаи раҳм қилувчи, бировнинг ҳаққидан қўрқувчи, охиратни ўйловчи, солиҳ амалларни кўпайтирувчи, одамларга манфаат етказишга уринувчи, фарзандлар тарбиясига эътиборли, аёлимизга инсофли, ота-оналаримизга итоатли, уламолар, устозлар насиҳатини олувчи, омонатдор савдогар, фидоий ўқитувчи, ҳалол ҳайдовчи, ҳалол шифокор бўлсак, шунингдек, барча касбларда шариат кўрсатмасига мувофиқ меҳнат қилсак, бировни алдашдан, хиёнат қилишдан, бировга ҳасад, гина қилишдан, ичиқораликдан, чақимчилик ва бошқа иллатлардан тийилсак, тавба ва истиғфорда бардавом бўлсак, нима қилиб бўлса ҳам мол тўплашни эмас, Роббимизни рози қилишни энг олий ўринга қўйсак, ана ўшанда вақт, таом, пул, зурриёд кабиларнинг баракаси қайтади, иншаа Аллоҳ.

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг ҳидоятида собитқадам айлаб, ихлосли ва охиратни ўйлайдиган бандаларидан қилсин!

 

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Read 2903 times

Мақолалар

Top