Мақолалар

«ФИҚҲИ АКБАР» КИТОБИ

(Давоми)

 

У ўзи яратган нарсалардан бирортасига ўхшамас. Унга ҳам бирор нарса ўхшаш эмас. Ўзининг зотий ва феълий сифатлари билан азалдан бор бўлган ва абадий бор бўлур. Зотий сифатлари – ҳаёт, қудрат, илм, калом, эшитиш, кўриш, ирода. Феълий сифатлари – халқ этиш, ясаш ва бошқа шу мазмунга далолат қилувчи сифатлар. У ўзининг барча исм ва сифатлари билан биргаликда доим бўлган ва абадий бўлажак. Унга бирор исм ёки сифат кейин қўшилиб қолган эмас.

Шунингдек, У Ўз илми билан олимлигича ҳамон келмоқдаким, илм Унинг азалий сифатидир. Қудрати билан қодирлигича ҳамон келмоқдаким, қудрат Унинг азалий сифатидир. Каломи билан гапирувчи ҳолида келмоқдаким, калом Унинг азалий сифатидир. Халқ этиши билан холиқлигича ҳамон келмоқдаким, халқ этиш Унинг азалий сифатидир. Иш қилиш (феъл) билан иш қилувчи (фоил) ҳолида ҳамон келмоқдаким, феъл Унинг азалий сифатидир. Демак, феъл эгаси – Аллоҳ, феъл Унинг азалий сифатидир, феълнинг маҳсули – яратилган (маҳлуқ), Унинг феъли эса яратилувчи эмас. Шунингдек, унинг барча сифатлари азалдан пайдо қилинган ҳам, яратилган ҳам эмас. Кимки, уларни яратилган ёки пайдо қилинган деса ёки (сўралганда) жим туриб қолса ёхуд у тўғрида шак қилса, у Аллоҳга кофир бўлур.

 

2-қисм

 

Қуръон – Аллоҳнинг каломи. У мусҳафларда битилган, қалбларда ёдланган, тилларда ўқилган, Муҳаммад алайҳис­саломга нозил қилингандир. Қуръон билан қилган талафузимиз, уни ёзган битигимиз, уни қилган қироатимиз махлуқ (яратилган)дир, лекин, Қуръон махлуқ эмасдир.

Қуръондаги Аллоҳ таолонинг Мусо ва бошқа пайғамбарлар (алайҳимуссалом), Фиръавн ва Иблис тўғрисида зикр этган қиссаларининг барчаси Аллоҳнинг каломидир. Аллоҳнинг каломи ғайри махлуқ. Мусо ва бошқа яралганларнинг каломи махлуқдир. Қуръон эса уларнинг эмас, балки Аллоҳнинг каломидир.

Аллоҳнинг Ўзи Қуръонда хабар берганидек, Мусо алайҳиссалом Аллоҳнинг каломини эшитган. Мусога гапирмай туриб ҳам Аллоҳ таоло мутаккалим (гапирувчи) эди. Барча мавжудотни яратмай туриб ҳам У холиқ (яратувчи) эди. Унинг мислидек нарса йўқдир ва У эшитувчи ва кўрувчидир.

Аллоҳ таоло Мусо (а.с.)га сўзлаган пайтда азалдан ўз сифати бўлиб келган каломи билан сўзлаган. Унинг барча сифатлари махлуқотларнинг сифатларидан тубдан фарқ қилади, яъни У билади, лекин биз билгандек эмас. Қудрати бизнинг қудратимиздек эмас. Кўради, лекин биз кўргандек эмас. Эшитади, лекин биз эшитгандек эмас. Гапиради, лекин биз гапиргандек эмас. Биз тил, оғиз, лаб каби воситалар ва ҳарфлар билан гапирамиз. Аллоҳ таоло воситасиз, ҳарфларсиз гапиради. Ҳарфлар махлуқ, Аллоҳнинг каломи эса, ғайри махлуқ.

Аллоҳни нарса деб аташ мумкин. Лекин ўзга нарсалардек тасаввур қилмаслик шарти билан. Уни нарса деганда жисмсиз, моддасиз, модданинг сифатларисиз, чегарасиз, акссиз, тенгсиз, мислсиз деб билмоқ керак бўлади.

Қуръонда Ўзи зикр этганидек, Аллоҳнинг қўли, юзи, нафси (Ўзи) бор деб биламиз. Булар Унинг сифатларидан, лекин қандай, қанақа дейилмас. Ҳатто қўли­қудрати ёки неъмати ҳам деб таъвил этилмас Акс ҳолда унинг бир сифатини йўққа чиқарилган бўлур. Бу эса қадарийлар ва мўътазилилар сўзидир. Биз айтамизки, қўли ўзига хос, кайфиятсиз сифатдир. Шунингдек, Унинг ғазаби ва ризоси ҳам ўзига хос кайфиятсиз сифатларидандир.

 

 

(Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг

“Фиқҳи акбар” китоби)

 

Read 3266 times

Мақолалар

Top